М У Ш Т И П А Р

(ҳикоя)

Қиш фаслининг қаҳратон кунлари. Атроф оппоқ қорга бурканган. Қуёш бугунги кун ҳисобидан ўзининг сўнгги нурларини заминга сочганча совуқдан қунишиб ётоғига ошиқмоқда. Атроф шам нури билан ёритилгандек ғира-шира…

Ўшанда Гулмира беш ёшда эди. Қизини боғчадан олиб келаётган Нигора опанинг лабида табассум. Бийрон сўзлаб келаётган Гулмиранинг саволлари қулоғига чалинади-ю, илғаб-илғамай бош ирғаб қизалоғига жавоб беради, аммо хаёли олам-олам орзулар билан банд. Бу орзулар рўёбида оиласининг эртаси, қизалоғининг келажаги кўринади.

Аммо тақдир унинг орзуларини бир лаҳзада қўлдан бехос тушиб кетган кўзгудек чилпарчин қилди. Кўча муюлишида турмуш ўртоғи Баҳодир акани ўзга аёл билан кўрди-ю, нима қиларини билмай, турган жойида тошдек қотиб қолди. Баҳодир ака эса аёли ва фарзандини сезмади чоғи, уларга қайрилиб ҳам қарамади. Ўшанда Нигоранинг хаёлидан нималар кечмади, дейсиз. Нигора опа аввалига, эрим мени кўрмади, шунинг учун индамасдан ўтиб кетди, акс ҳолда мени бу даражада оёқости қилмасди, деб ўзини овута бошлади. У кўзлари ёшга тўлганча уйга қандай етиб келганини ҳам билмай қолди. Муштипар аёл турмуш ўртоғининг уйга келишини кутар, эрининг кўчадаги суҳбатдоши ким эканлигини билишни жуда-жуда хоҳларди. Уйқуга кетган қизини ётоғига ўтказди-да, истар-истамай дастурхонга ўтирди. Бехосдан жиринглаган телефон қўнғироғидан чўчиб кетди. Сим қоққан онаси Ҳалима хола эканини билгач, овози титраб кетди.

Ҳа, минг қилса ҳам она-да, фарзандининг изтиробини сезгандек, савол ташлади. Нигора опа “тинчлик” деди-ю, кўзлари ёшга тўлди. Она-боланинг суҳбати узоқ давом этмади…

Ўша куни Баҳодир ака уйга келмади. Эртасига гўё ҳеч нарса бўлмагандек остона ҳатлаб кирди. Нигора опанинг берган саволлари ҳам жавобсиз қолди.

Умр йўлдошининг бу даражада ўзгариб қолганини тушунмаган Нигора опа яна айбни ўзидан қидира бошлади. “Балки унга етарлича эътибор бера олмаётгандирман” дея ўйлади ва турмуш ўртоғининг кўнглини олишга ҳаракат қилди.

Аммо, шундан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармади. Аксинча Баҳодир ака кундан кунга қўрслашиб, қўполлашиб бораверди. Бироқ, аёл шунда ҳам тобора нураб бораётган оиласидан умидини узмай, барчаси изига тушиб кетишига ишонарди. Аммо ҳаммаси Нигора опа ўйлагандек бўлиб чиқмади. Уйдаги ҳар кунги жанжал, важ-карсон унинг ота хонадонига қайтиб боришига сабаб бўлди. Лекин кўнглида оиласининг тикланишига умид бор эди. Гўё, турмуш ўртоғи келади-ю кўзмунчоқдай қизи ва уни уйига олиб кетади…

Яна ўқинг:  Огоҳлик – осойишта турмуш ҳимоячиси

Орадан йиллар ўтди. Ҳалима хола ҳам хасталикка чалиниб, дунёни тарк этди. Ҳозирда Гулмира улғайди. Онасининг энг яқин сирдоши ва кўмакчисига айланган.

Нигора опанинг асли касби жарроҳ бўлганлиги боис қизи Гулмира ҳам онасига ҳавас қилиб шифокорлик касбини танлади. Ўқиди, изланди, ўрганди… Ўз устида тинмай ишлади… Тиббиёт олийгоҳида таҳсил олди. У ҳам маҳоратли жарроҳлар қаторида ўз тажрибасини оширди…

…Эрта тонг Нигора опа ишхонага отланар экан, кўнгли безовталанди. Гулмира билан бино йўлагидан ҳатлаб хонасига кираркан, ҳамширалар уларни бўлим бошлиғи Элмурод Ҳайдарович зудлик билан чақиртирганини айтишди.

Суҳбат чоғида бўлим мудири шифохонага оғир аҳволдаги бемор олиб келинганини, зудлик билан жарроҳлик-операцияси ўтказилмаса, унинг ҳаёти хавф остида қолишини шошиб тушунтирди.

…Оқ халат ва қўлқопни кийишга уринган Гулмира ундан аввал операция хонасига кириб кетган онасининг кўзида ёш қалқиганини кўриб, ажабланди.

Нигора опа қизига ўзида кечаётган туйғуларни сездирмаслик учун дарҳол ишга киришди. Операция узоқ давом этди…

Операция хонасидан чиққан Нигора опа Элмурод Ҳайдаровичдан сўради:

– Бу беморга нима бўлган экан? Нега қонга беланиб ётибди?

– У маст ҳолда автомашина бошқарган. “Саёқ юрган таёқ ейди”… Оқибати аён…, – деди Элмурод ака жавобни қисқа қилиб.

Бу суҳбат Гулмиранинг ҳам қулоғига чалинди. Сўнгра секин одимлаб онасининг ёнига борди:

– Ойи танийсизми?

– Кимни, – деди Нигора опа кўзларини олиб қочиб.

– Кимни бўларди, операция қилган беморимизни-да…

Кўзларидаги ёшларни яшира олмаган Нигора опа қизининг бошини кўксига қўйиб, йиғлаб юборди:

– Қизим, сени ҳеч кимдан кам бўлмаслигингни, яхши таълим олишингни хоҳладим. Ҳам ота, ҳам она бўлиб сени вояга етказдим. Эслайсанми? Устозинг ҳамма отаси ҳақида иншо ёзиб келсин деганида, мени маҳкам қучоқлаб, отам ҳақида айтинг, деб хархаша қилгандинг. Ўшандан кейин мендан отанг ҳақида бир оғиз ҳам сўрамагандинг.

Кўз ёшларини тўхтатолмаган Гулмира:

– Ойи, нималар деяпсиз, мен сиздан отам ҳақида эмас…, — Гулмиранинг охирги сўзи бўғзида қолди. Сўнг бир зумда отилиб чиқди, – Ёлғон!!! Сиз, сиз-з, айтмоқчисизки, у менинг отам… Ишонмайман, наҳотки бизни ташлаб кетган одамнинг жонини сақлаб қолдик.

Яна ўқинг:  TO‘YGA TO‘YONA BILAN

Унинг кўзлари тубида соғинч, армон, аламзадалик ила мунг чўкиб қолган эди. Нигора опа эса қизидаги бу ҳолатни кўриб, уни маҳкам қучоқлаб олди. Уни қўйиб юбормасликка ҳаракат қилар эди. Ўзига бироздан сўнг келиб қолган Гулмира:

– Ойи, мен ўша инсонни кўрмоқчиман… Унга бир саволим бор, — дея онасининг елкасидан бошини кўтарди.

Нигора опа иложсиз бош ирғади:

– Майли, қизалоғим…

Нигора опа гарчи операция муваффақиятли ўтган бўлса-да, собиқ турмуш ўртоғи икки дунё оралиғида турганини сезиб ҳам розилик билдирди.

– Сиз билан бораман! – Нигоҳларини онасига қадади Гулмира.

…Иккаласи жонлантириш бўлимига киришди. Ҳушсизлантирувчи дори таъсиридан ўзига келган Баҳодир ака инграб кўз очди-ю, Нигора опани кўрди. Кутилмагандаги учрашув унинг танасидан бир нафасга оғриқни қувиб чиқарди. Бирдан ҳушёр тортди:

– Нигор, Нигор бу сен… Сен?!

Баҳодир аканинг тилига бошқа сўз келмади. Ё келса ҳам, қаршисида турган аёлга бир сўз айтишга ўзини ожиз ҳис қилди. Орага ёқимсиз сукунат чўкди. Бу пайтда дераза ойнасидан кўчага боқиб турган Гулмира йиғлаб юборди. Бу йиғи аламданми, онасини зор қақшатиб кетган одамга нафратданми, тўшакда юзини эслолмаётган отасининг ожиз ётганиданми, ўзи ҳам ҳис қилмади, аммо йиғлаб юборди.

Баҳодир ака оғир танасини кўтарган бўлиб, атрофга олазарак боқди:

– Нигор, ким у? – сўради овози титраб.

Нигора опа бир савол назари билан қараб турган Баҳодир акага кўз ташласа, бир дераза олдида ўксиб йиғлаб турган қизига юзланади:

Нигора опа жавоб беришга оғиз чоғлаганда, Гулмира онасининг оғзидан сўзни юлқиб олди.

– Мен Гулмираман, лекин сизнинг қизингиз эмасман, — Шу сўзни айтди-ю у хонадан отилиб чиқиб кетди.

Бу сўзлар ва Гулмиранинг зарб билан урилган қадам товушлари Баҳодир аканинг юрагига ханжардай санчилди. У ҳарчанд уринса-да, бошини ёстиқдан кўтаролмади. Лаблари титраб, мунгли боқиб турган Нигора опага бир сўз айтишга уринди-ю, мажоли етмади. Бутун танасини оғир юк босди…

Гулмира бироз тин олиб бино йўлагига қайтиб кирганда, жонлантириш хонасидан онасининг фарёди эшитилди. Бўлим тиббиёт ходимлари бино йўлагига отилиб чиқишди.

Гулмира отаси ётган хона томон қандай югуриб келганини ўзи ҳам билмай қолди. Онаси отасининг кўксига бошини қўйиб ўксиб-ўксиб йиғлар эди. У умр йўлдошининг вафотига куйиб йиғлаяптими ёки хазон бўлган муҳаббати, увол бўлган ёшлигига аза тутаяптими..? Буни унинг фақат ўзи билади, холос. Гулмира эса топганида йўқотган отасининг меҳрига яна тўймай қолганидан армонда эди…

Яна ўқинг:  BOLALIK

Лутфия АБДУЛАТИФ қизи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: