Таълим – инсон капитали асоси

Билим ҳеч бир бойликка сотиб олинмайдиган, фақат ўрганиш, интилиш орқасидан келадиган катта хазина. Ахборот ва техника асрида таълим, илм-фан тараққиёти янада катта қиймат касб этмоқда. Билимли ва малакали мутахассиснинг кучига бўлган талаб янада ортмоқда. Чунки дунё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий, илмий-технологик янгиликларни илм салоҳияти баланд инсонлар яратади. Айни пайтда ҳар қандай янгилик ва ихтиродан инсон манфаатлари, мамлакат тараққиёти йўлида фойдаланмоқ керак. Акс ҳолда у инқирозга олиб бориши ҳеч гап эмас. Бу борада қадриятлар муҳим ўрин тутади.

Миллий ва умуминсоний қадриятлар нафақат шахс шаклланишига, балки жамиятда замонавий таълим сифатига, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳам катта таъсир кўрсатади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллий ва умуминсоний қадриятларни билиш ва уларни қадрлаш ҳамда ёш авлодга ўргатишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу боис иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда, жамиятнинг маънавий-ахлоқий янгиланишида муҳим ютуқларга эришилди. Натижада, жамиятда янги ижтимоий муҳит ва маънавий ҳамда ахлоқий қадриятларга асосланган илм қиймати шаклланди.

Мамлакатимизда нафақат ёш авлоднинг билим олиши, касб-ҳунар ўрганиб малака орттириши, жаҳон тараққиёти билан ҳамқадам бўла олиши баробарида инсон капиталини ривожлантириш учун кенг имконият ва шарт-шароит яратилган.

Юксак заковат, чуқур билимли иқтидор эгаларини тайёрлашда, табиийки, таълим қадрияти олдинги ўринга чиқади. Жамият эса ўз ривожининг ҳар бир босқичида таълим олдига аниқ мақсадларни қўяди ва маълум бир вазифаларни юклайди. Шунга мувофиқ таълим жараёнини ташкил этиш ва унинг мазмунига, таълимдаги якуний натижага нисбатан талаблар қўйилган. Бошқача айтганда, давлат ва жамият таълимга нисбатан маълум бир сиёсатни олиб бориб, жамиятда ишлаб чиқилган қадриятларга мувофиқ ёш авлодни шакллантиради.

Таълим олиш ва мустақил ўрганиш жараёнида малака, билим ортиб боради. Тарбия ва ўз-ўзини тарбиялашда эса умумеътироф этилган қадриятлар қабул қилинади ва ишлаб чиқилади.

Тарбия кенг маънода махсус ташкил қилинган, шахсни ривожлантириш учун авлоддан авлодга ижтимоий тарбия тажрибасини етказиш жараёнидир. Тор маънода эса катта ёшдагиларнинг болаларни жамият ҳаётининг аниқ бир вазиятига киритиш, унинг ривожланиши учун шарт-шароитларни шакллантириш бўйича қўшма фаолиятдир.

Инсоннинг ўзига хослиги ирсий қобилиятлар асосида тарбиялаш ва айни пайтда ўз-ўзини ривожлантириш жараёнларида шаклланади.

Яна ўқинг:  Умр саодати

Таълимда ўзига хосликни ҳисобга олиш ҳар бир шахснинг имкон қадар юқори ривожланиш имкониятларини очиш, психологик ўзига хослигининг бетакрор ва бебаҳолигини тан олишдан келиб чиққан ҳолда ривожланиш шарт-шароитларини яратишни билдиради. Таълимга индивидуал ёндашув бир одамни бошқалар билан эмас, айнан ўша шахснинг ўз ҳаёт йўлининг турли босқичларидаги ҳолатига қиёслаш талаб қилади. Ўзига хосликни намоён этиш, унинг тикланиши ва ривожланиши учун оқилона шарт-шароит яратиш таълимнинг муҳим вазифаларидан биридир.

Таълимнинг гуманитар тамойилларига асосан болани бир пайтнинг ўзида ҳам тарбия обекти, ҳам субекти деб тасдиқлаш нотўғри бўлади. Бола ўзига таълим субекти сифатида қараши мумкин. Илгари таълим тизими шундай тузилган эдики, ҳатто юқори синф ўқувчилари ва талабалар ўқитувчининг ўз шахсиятини кўрсатиш, педагогик дастур ва режаларини амалга ошириш воситасига айланган эди.

Эркинликка йўналтирилган инсонпарварлик педагогикаси таълим фаолиятининг барча субект, восита ва мақсадлари уйғунлашувига олиб боради. Бундай педагогика тарбия ва педагог, бола ва гуруҳ моҳияти ифодаси ҳисобланади. Таълим обекти эса фақат таълим материали бўлиши мумкин.

Жамият ўз аъзолари ўртасида биргаликда ҳаракатланиш, ҳамкорлик, бағрикенглик, ўзаро ёрдамга асосланган янги муносабатларга муҳтож. Ижтимоий муносабатларнинг бу қадриятлари таълим жараёнида ўз ифодасини топиши зарур.

Ўқитувчи болаларга нисбатан меҳр ва ишонч билан ёндашса, ўқувчилар эса ўз қобилият ҳамда қизиқишларини амалда қўллашга имкон берса, бир-бирини тушунишга эришилади. Ҳамкорликдаги педагогика ўзаро тушуниш, ишонч, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ижодий ҳамкорликка тайёргарликни юзага келтиради ва ёшларнинг асл қадриятларни англаши ҳамда тан олишини таъминлайди.

Таълим жараёнида жисмоний, психологик, ижтимоий хавфсизликни таъминлайдиган ва ёшларда ўзини ҳамда бошқаларни ҳимоя қилиш қобилиятини шакллантиришга йўналтирилган чоралар тизимини яратиш лозим.

Албатта, бу болани бутун муаммо ва қийинчиликлардан ҳимоя қиладиган сунъий шароит яратиш дегани эмас. Педагогик ҳимоя ўқувчининг бутун қобилиятини рағбатлантириш, ўз-ўзини таҳлил қилиш ва назорат қила олишини ривожлантириш асосида ҳаётдаги оғир вазиятлардан чиқишнинг аниқ усулларини биргаликда излаб топишда амалга оширилади. Бундай фаолият кўрсатиш (масалан, болаларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш) ижтимоий-педагогик ва психологик ёрдам, ҳуқуқий ҳимоя ва маслаҳат йўналишларида ҳимояланишнинг махсус усуллари, тарбия технологиясини ишлаб чиқиш ва татбиқ этишни назарда тутади.

Яна ўқинг:  ОИЛАДА АЁЛНИНГ ЎРНИ

Шахснинг жамият ва ижтимоий ҳаётга кириб бориши мураккаб жараёндир. Бир томондан, у шахсга жамиятнинг фаол ва тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ишлашига имконият яратувчи маълум бир қадриятлар тизимини (меъёр, намуналар, билим, тасаввур) ўзлаштиришни ўз ичига олади. Иккинчи томондан, шахсий ижтимоий тажрибага эга бўлиш ва ўзини фаол суръатда қайта қуриш жараёнидир.

Таълим ва касбий дастурлар ўз асосига халқларнинг бой, интеллектуал, маънавий-ахлоқий мероси, умуминсоний қадриятлар, фан, техника, технология ва маданиятнинг илғор ютуқларини сингдирмоқда.

Мактабгача таълим даражасида болаларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси учун шарт-шароит яратиш, мактабгача таълим муассасалари ва оилавий тарбиянинг турли кўринишлари учун хилма-хил дастурларни танлаш имкониятини таъминлаш, мактабгача таълимнинг барча масалалари бўйича малакали маслаҳат хизматидан фойдаланиш, болаларни мактабда мунтазам таълим олишга тайёрлашни назарда тутади.

Умумий ўрта таълимнинг янги тузилмаси ўқувчиларнинг интеллектуал ва ахлоқий қудратини очиб беришга, хусусан, ўз имконияти, қобилиятига мувофиқ таълимга фарқланган ёндашувни татбиқ этишга йўналтирилганликни назарда тутади.

Таълим олувчиларни касбий йўналтириш, иқтидорли болалар ва ёшларни аниқлаш, кейинги таълим йўналишини тўғри, онгли танлаш, ўқувчиларнинг доимий ўзгарувчан меҳнат бозори ва таълим хизматига бўлган мослашувини қамраб олади.

Шиддат билан ўтаётган давр шарт-шароити, ҳолати инсон капитали ва ундан фойдаланишда қадриятларнинг қанчалар катта аҳамият касб этаётганини акс эттириб турибди. Қадриятлар нафақат инсоннинг шахс сифатида шаклланиши, миллий ва умуминсоний фазилатларни сақлаб қолишга, балки таълим тизимида етук мутахассис тайёрлашга ҳам катта таъсир кўрсатувчи ўта муҳим омил саналишини кўп йиллик тажрибалардан биламиз.

Таълим жараёнлари орқали инсон капитали, яъни билим даражаси, малакасини шакллантириш мумкин. Айни пайтда тараққиёт ва ривожланишга туртки бўладиган ана шу юксак билим, малака, заковатидан фақат эзгу йўлда фойдаланишда инсоний қадриятлар ўта муҳим аҳамиятга эга. Билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, уни ёш авлодга ўргатиш, фақат тинчлик, тараққиёт йўлида фойдаланишда миллий қадриятларимиз ишончли, мустаҳкам замин бўла олади.

Фахриддин ЖОНИЕВ,

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси

“Соғлом авлод учун” журнали сайтидан олинди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: