Ҳинд сори юзланиб

(Саёҳат очерки)

Деҳли

Ҳиндистон ҳудуди катталиги бўйича дунёда еттинчи ўринда туради. Пойтахти – Деҳли. У ҳинд тилида Делҳи деб аталар экан. Инглиз тилида ёзилганда ҳам шундай акс этган. Ҳиндлар ўз тилида ҳам худди шундай талаффуз этишар экан.

Деҳлидаги дастлабки саёҳат Жомеъ масжиди бўлди. Масжид 16 асрда Бобурийлар томонидан қурилган бўлиб, жуда улуғвор иморат экан.

Масжидга икки кўчанинг икки томонидан кириб келиш мумкин эди. Иккала эшик олдида диний китоблар, тасбеҳ, турли эсдалик совғалар сотиляпти. Шунингдек, Европадан келган сайёҳларга ўраниши учун рўдаполар бериляпти. Оёқни ечиб ўтилиши лозимлиги белгиланган. Масжиднинг уч томонида кичкина ҳужрачалар мавжуд. Бир томонида улуғвор устунли айвон бўлиб, намоз ўқилишига мўлжаллаб ерга жойнамознинг сувратлари чизилган. Ҳовли ҳам ниҳоятда кенг бўлиб у ерга ҳам шолчалар тўшалган. Устига бўздан қўлбола соябонлар ҳам ўрнатилган. Бино мармарлар билан безатилган, архитектураси миллий қадимий масжидларимизни эслатади. Бу ердан олти кун музей сифатида фойдаланилса, жума куни музей ишламас мусулмонлар намоз ўқигани келишар экан. (Ҳиндистонда турли хил мазҳабдаги кишилар яшайди. Динга эътиқод қилувчилар орасида ҳиндлардан кейин мусулмонлар иккинчи ўринни эгаллайди).

Масжид имоми бизга бир ҳужрани очиб қадимий мусҳабни яъни, қўл ёзмани кўрсатди. Дарҳақиқат, пайғамбаримиз Муҳаммад (с. а. в. ) ўтиб кетгандан кейин “Қуръон” турлича бўлиб қолмасин деб, саҳоба Усмон уни қоғозга туширтирган ва ундан бир неча нусха тайёрлатиб мусулмон мамлакатларига жўнатган эди. Бу ана шу қадимий мусҳаб эди. Ундан кейин пайғамбаримизнинг қадам изи тушган тошни, саҳоба Алининг сочини, тирноғини кўрсатди. Уларни кўрсатгач, яна хонани беркитиб қулфлаб қўйди. Уни музейлардагидек чиройли қилиб намоён қилиб қўйса, масжид тарихига ва ўзга даврга оид китобларни қўйса бўлмас эканми деб ўйладим. Тошкент 2007 йилда Ислом маданияти маркази деган номни бекорга олмаганлигини англадик.

Миллий савдо дўконлари

Меҳмонхонадан чиқишимиз билан рикша ҳайдовчилари ўраб олади.

– Учта маркетга олиб бораман. Юз рупийлик йўл учун ўн рупий тўлайсиз… , – рус тилида бийрон сўзлайди.

– Ниманинг эвазига шунчалик арзонлаштирилади? – сўрайман ҳамроҳимдан.

– Бизни олиб борган маркетдан бирор нарса сотиб олсак, рикшанинг бир кунлик бензинига етадиган пул беришади. Уларнинг дўконлар билан шартномаси бор, – дейди у.

Бу халқнинг тадбиркорлигидан ажабланаман…

Биз йўлга тушдик. У йўл-йўлакай чала-чулпа русча, чала-чулпа инглизча гапириб, ҳиндча қўшиқлар айтиб бизни зериктирмасликка интилиб борар эди. Гап орасида онаси мусулмон, отаси хинд эканини билиб олдик. Уларнинг ҳар бири ўз динига сиғинишар экан. “Бу борада бизда муаммо йўқ, ” деди у бизларнинг саволимизга жавоб қайтарар экан. “Сен қайси мазҳабдасан?” дедик унга. У мен иккала урф-одатларни ҳам биламан деди ва саволимизга жавобни насия қилиб қўя қолди. Ёки саволни англамади, ёки жавоб бергиси келмади…

Яна ўқинг:  ТИББИЁТ КАДРЛАРИ САЛОҲИЯТИНИ ОШИРИШ – ЗАМОН ТАЛАБИ

Кичик хариддан кейинги манзилимиз очиқ ҳаводаги пешайвонли дўкон бўлди. Кейин совутгичлар ишлаб турган осуда дўконга кирдик. Соҳиблари сермулозамат экан. Биз маникенлардаги гўзал либосларни узоқ томоша қилдик. Аввалги савдо шохобчасидан анча арзон эканлигини сездик. Улар атайлаб ўзлари ана шундай дўконларни ёнма ён ташкил қилишар, аслида иккаласининг ҳам раҳбари бир киши экан. Бу ҳам бир тадбиркорлик…

Дарвоқе, йўл-йўлакай ачинарли манзараларнинг ҳам гувоҳи бўлдик. Тиланчилар сонининг кўплиги, уйсизлик, ногиронлик, сариштасизликдан баъзан дилинг вайрон бўлади. Ана шу кезда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан, халқнинг обод турмуши, тотувлигидан, юртнинг тинчлигидан чексиз қувонасан.

(Ҳиндистон аҳолисининг кўплиги бўйича дунёда Хитой Халқ Республикасидан кейин иккинчи ўринда туради, 2010 йилги статистик маълумотларга кўра, бу ерда 1 миллиард 22 миллион аҳоли яшайди).

У ерда ҳамма ҳам таълим-тарбия олиш имкониятига эга эмас. Рикша ҳайдовчиларидан бирига визиткани узатиб навбатдаги манзилга олиб боришини сўрадим, у бўлса, визиткани тескари ушлаб термуларди. Ундан олиб иккинчисига бердик. У ёнидагини ёрдамга чақирди. У ҳам ўқий олмади. Рикша ҳайдаб юрган кишиларнинг аксарияти ёзув-чизувни билмайди… Биз бу манзарани кўрганда ўн бир йиллик таълим-тарбия давлатимиз эътиборидалигидан фахрландик.

Оммавий ахборот воситалари

Ҳар куни эрталаб меҳмонхона маъмуриятининг ёнидаги тахтачага илинган газеталарни бир-бир варақлаб чиқаман. У газеталар асосан инглиз тилида. Сарлавҳаси ва суратларига қараб сўз нима ҳақида кетаётганини англайман. “Delhi Times”, “The Times of India” газеталари Деҳлида чоп этилади. Шунингдек, Амрисарда ҳам инглиз тилида газеталар чиқар эди. У ердаги меҳмонхоналарда “Аmritsar Tribune”(Амрисар минбари) “Hindustan times”(Ҳиндистон янгиликлари), “The Tribune”(Минбар) газеталарини кузатар эдим. Уларнинг газеталари деярли ҳаммаси 32 бетдан иборат. Газеталарда рекламаларга ниҳоятда кўп ўрин берилган. Шунингдек, ҳар бир сонида кино юлдузларининг таниш чеҳраларини учратиш мумкин. Нашрларида ана шу икки мавзу доимо мавжуд. Бири обуначининг диққатини тортиш, иккинчиси маблағни кўпайтиришга интилиш эканлиги кўриниб турарди. Ҳиндистонда аҳоли 21 тилда сўзлашади, 1682 та лаҳжа мавжуд. Ана шу 21 тилда газета чоп этилади. Бироқ давлат тили ҳинд ва инглиз тилидир.

Бобурийлардан Ҳиндистонда улуғвор бунёдкорликлар, гўзал қасрлар ва боғлар мерос бўлиб қолган бўлса, юз йил ҳукмронлик қилган инглизлардан эса тили давлат тили сифатида мерос бўлиб қолган эди. Бунинг афзаллиги шуки, сайёҳлар асосан шу тилда мулоқот қилишади.

Тожмаҳал – етти мўъжизанинг бири

ЮНЕСКО ташкилотининг 2007 йилги эълон қилган рўйхатга кўра Тожмаҳални етти мўъжизанинг бири деб тан олинди. Унга “Ҳиндистондаги мусулмонларнинг марвариди, ҳинд меъморчилигининг олтин даврига тегишли қаср” деб таъриф беришди. Ҳиндистон императори, саркарда шоир Бобур Мирзонинг ўғли Ҳумоюннинг невараси Шоҳжахон(Хуррамшоҳ) қурдирган муҳташам сарой Деҳлидан 60 километр узоқликдаги Агра шаҳрида жойлашган. Оппоқ гумбазли, оппоқ мармарлардан қурилган қаср Ҳиндистоннинг рамзига, муҳаббат ва садоқат тимсолига айланган. Шоҳжаҳон уни севимли хотини туғруқ пайтида дунёдан кўз юмган Мумтоз Маҳал бегимга атаб қурдирган. Ўн етти йил давом этган қаср қурилиши 1648 йили тугатилган. Унинг безак ишларига 28 хил қиммабаҳо тошлар ишлатилган. Хитойдан нефрить, Тибетдан феруза, Афғонистондан лазур, Шри Ланкадан сапфир, Арабистондан сердолик каби тошлар келтирилган. Унда 22 минг киши, мингта фил ишлаган. Айтишларича, Шоҳжаҳоннинг Жамна дарёсининг иккинчи соҳилида унга уйғун қора мармардан иккинчи қасрни тиклаш режаси бўлган. Бироқ у орзулигича қолиб кетган. Шохжаҳон умрининг охирини ўзи қурдирган қасрга тикилиб, Қизил қалъада тутқунликда ўтказган. У вафотидан кейин ушбу қасрга хотинининг ёнига дафн этилган. Тожмаҳалга одамлар дарёдек оқиб келаяпти. Бу ерга ҳар йили беш миллион сайёҳ келар экан.

Яна ўқинг:  Бойсунлик гиламдўз Мафтуна

Таржимонимиз Тожмаҳал ҳақида тушунтириш берар экан, бизни ташқари аркка рўпара қилди. Ундан Тожмаҳал жуда яқин ва бутун гўзаллиги билан намоён бўлди. Оққушлардек оппоқ саройнинг ташқи аркидан ичкарига юрган сари унинг ниҳоятда кенг майдонни эгаллашини ҳис қиламиз. Бир томони мадраса, бир томони масжид, бир томони мақбара… бири биридан гўзал қасрлар. Унинг орқа томонидан эса Жамна дарёси оқиб, оромбахш салқинлик бериб турибди. Иншоотнинг тўрт томони бир бирига тенг боғ-роғлар билан ўралган. Асосий бинонинг олдидаги биллурдек тиниқ ҳовузда саройнинг тўрт бурчагидаги улуғвор миноралар жилваланиб туради. Майин эсаётган шамол сочларингни сийпаб ўтади. Иссиқ ўлкада майин шабада эсиши бежиз эмас, меъморлар айнан ана шундай мўъжизакор жойни, шамоллар йўналишини эътиборга олиб қурганлигини ҳис қилиш мумкин.

Ҳумоюн мақбараси

Мақбара улуғвор қалъанинг ичида жойлашган бўлиб, пештахтасига инглиз тилида шундай сўзлар битилган эди: Ҳиндистон императори Насируддин Муҳаммад Ҳумоюн(1508-1556) 1533 йили Динпаноҳ – имон-эътиқод шаҳарчасининг қурилишига буйруқ берди. Ҳумоюн биринчи мусулмон императори Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг ўғли ва буюк император Жалолиддин Муҳаммад Акбаршоҳнинг отаси. Иккинчи пештахтада Бобур Мирзонинг синглиси Гулбадан Бегимнинг “Ҳумоюннома” асаридан сатрлар келтирилган эди: Ҳумоюнда ҳамиша олижаноблик, болаларга хос софдиллик ва ишонувчанлик фазилатлари барқ уриб турарди. Боладан фарқи шу эдики, оловга тегинган бола ундан қўрқиб қочади, Ҳумоюн аксинча янада оловга яқинроқ борарди. У мўъжизавий қудратли кучга, жасоратга эга бўлиб, берган ваъдасини унутмас, уни ҳамиша уддалар, унда муқаддас фазилатлар умумлашган эди”. Унинг ёнида яна бир пештахта бор. Унда қалъа ичидаги иккинчи қаср авлиё Исохон Ниёзий томонидан ўзи тириклигида қурилганлиги, қасрнинг марказида мақбара, ғарбий томонида масжид ва мадраса бўлиб унга ўз вақтида уч томондан кирилганлиги, бу ерда ХХ асрнинг бошларигача аҳоли яшаганлиги битилган. Тўртинчи пештахтада эса кам ўрганилган Ҳалима Бегим мақбараси деган сўзлар ёзилган. Қалъага киргандан кейин ўнг томондаги дарвозадан авлиё Исохон Ниёзий қасрига ўтилади. Ҳумоюн мақбараси эса қалъага киргандан кейин тўғрида жойлашган. У улуғвор сарой бўлиб, тўрт томонида турфа ўсимликлардан иборат гўзал боғ-роғ бунёд этилган. Ариқларда сувлар шалдираб оқиб, фавворалар кўкка отилиб, сайёҳларга хушкайфият бахшида этиб турибди. Сершовқин, турли хил ҳидлар уфуриб турган Деҳлида шундай гўзал хушманзара ва осойишта масканнинг борлиги гўё мўъжизадек эди. Ариқда шалдираб оқаётган биллур сувлар, атрофга салқинлик бахшида этиб турган фавворалар бугунги кунда шунчалик ҳузур бағишлаётган экан, уни бундан беш юз йил аввалги таъсирини тассаввур этиш мушкул эмас. Ҳолбуки, фавворалар қуриш анъанаси Европага XVII асрда кириб келган. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу бобурийларнинг меъморий анъаналари шарқ анъаналарининг, боболаримизнинг гўзалликка интилишларининг меваси бўлиб у Бобурийлар билан бирга Хиндистонга XVI асрда кириб келган. Қаср боғдан баландда бўлиб унга 33 та зинапоя орқали чиқиб борилади. Баландликка кўтарилган сари майин шабада дилларга ҳузр бағишлайди. Мақбара атрофидаги кенг майдонга ҳам қабрлар қўйилган. Мақбаранинг ичи эса саркарда Амур Темур мақбарасини эслатади. У ҳам айлана шаклида қурилган бўлиб, унинг марказида Ҳумоюннинг қабри жойлашган. Амур Темур мақбарасидан фарқи айлана шаклида қурилган мақбаранинг атрофида яна ҳужралар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бирида уч-тўрттадан қабрлар бор. Айлана шаклида қурилган ҳужраларнинг қай биридан қарасангиз император Ҳумоюннинг қабри тўлиқ акс этади… Бари бир бирига уйғун қурилган, оқ ва қора мармарлар билан жилоланган. Бу қасрларнинг ёнидаги Исо Ниёзийнинг мақбараси ва мадрасаси ҳамда масжиди ҳам ўзига хос гўзал меъморий кўринишга эга бўлиб, у қизил гранитлар билан безатилган ва бари катта девор билан ўралган. Деворнинг устида бемалол юриб сайр қилиш мумкин. Унинг устида ҳар ерда дам олиб ўтириладиган супачалар қурилган. Тўрт томонида баланд кузатув миноралари ҳам мавжуд. Бу ердан ён атроф кафтдагидек кўринади. Қалъа деворини кузатиб, Хива Ичон қалъаси деворларига ўхшашлигини сезиш мумкин. Бир сўз билан айтганда ушбу қадамжолар Шарқнинг бетакрор меъморий анаъаналарига уйғунлиги билан бизни ҳайратлантирди.

Яна ўқинг:  САЛОҲИЯТЛИ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ – ДАВР ТАЛАБИ

Раъно ЗАРИПОВА,

Республикада хизмат кўрсатган журналист

Тошкент – Амрисар – Деҳли – Тошкент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: