Маҳалладошим ва устозим сийратига бир чизги

Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси, ботаника, зоология, биология фанлари ўқитувчиси Гавҳар Фатхуллаевани (охирати обод бўлсин) хотирласам, унинг тимсолида халқимизнинг гўзал фазилатлари – меҳнатсеварлик, изланувчанлик, болажон, шунингдек, камсуқум ва камтаринлиги намоён бўлади.

Олтинчи синфга ўтганимизда мактабимиз 9-11 синфлар ўқийдиган тажриба таълим масканига айлантирилди. Биз кичик синф ўқувчиларини эса ён-атрофдаги ўқув даргоҳларига тарқатиб юборишди. Биринчи сентябрь куни янги мактабга борар эканман, йўлда бола етаклаган аёлни учратдим. Бежирим ва содда кийинган, ёқимтой аёлнинг фарзанди билан қизғин суҳбати эътиборимни тортди. У боласига ўша кунги дарслари бўйича савол берар, дилбандининг жавобидан қониқмаса, лўнда қилиб тушинтирар эди. У аёлнинг ўқитувчи экани соддагина кўринишида шундайгина акс этиб турарди. Биринчи ва иккинчи сонли ўзбек ва рус тилларида таълим берувчи икки мактаб ёнма-ён жойлашган эди. Боласини рус мактабга киритиб юборди-да ўзи мен ўқийдиган мактабга қараб юрди. Бу манзара ҳар куни тонг билан такрорланар эди. Ҳар куни деярли бир вақтда мактабга кириб борардик.

Йиллар ўтиб, шу манзарани эслар эканман, Гавҳар опа ниҳоятда камсуқум аёл бўлганлигини англайман. Устоз “Хоразм ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири, шоир Эгам Раҳимнинг рафиқаси эди. Унинг вилоятдаги кўзга кўринган инсоннинг рафиқаси эканини биз ўқувчилар билмасдик. Болаликда бундай нарсаларга эътибор ҳам берилмайди. Бола учун ҳамма тенг, ҳамма бир. Бироқ, энди ўйлаб кўрсам, Гавҳар опанинг ҳаёти ҳам шундай болаларга хос, болаларга мос кечган экан. Муаллимамизнинг мактабга эрининг хизмат машинасида келганини кўрган эмасмиз. Юқорида таъкидлаганимдек ҳар куни мактабга фарзандини етаклаб, суҳбатлашиб пиёда келарди. Мана йиллар ўтиб эди ўйлайман. Эрининг машинасидан фойдаланса бўлар эди-ку!? Камсуқумлиги мана шу ерда яққол ифодаланар эди.

Устоз жуда юмшоқ ва оҳиста гапирар, дарсларини албатта, кўргазмали қуроллар ёрдамида ўтар эди. Ҳамиша қўлида ўқувчиларга намойиш қилишга қизиқарли нимадир бўларди. Бугунги кунда мураббийни турғун оқаётган дарёга қиёслагим келади. Оила, мактаб, уй, фарзанд! Унинг туриш-турмуши шу эди. У Урганч шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида ўқиди. Урганч педогогика институтини (бугунги Урганч давлат университети) битиргач, ўзи ўқиган мактабга ишга келди. Ва бир умрга шу мактабга, ўқувчиларга боғланиб қолди. “Дарахт бир жойда кўкаради” деган мақолга амал қилди. Ўзи таълим олган мактабда деярли қирқ йил педогоглик қилди ва шу ердан нафақага чиқди.

Яна ўқинг:  Меҳрсиз МУНОСИБ тарбия бўлмас

Дарҳақиқат, унинг педогоглик фаолияти инсонпарварликка асосланган миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг эди. Бугунги кунда махсус дастур яратилиб, янада ривожлантирилаётган “Мактаб – оила – маҳалла” дастури асосида меҳнат қиларди. Ҳар бир ўқувчининг оиласи, маҳалласи, турмуш тарзини яхши биларди. Зеро, шу маҳалладаги мактабда ўқиган, шу маҳалладаги мактабда ишлагани унга таълим-тарбияда жуда қўл келарди. Муаллима ўзбекона қадриятларни улуғлаб яшарди.

У ботаникадан дарс бераётганида воҳамизда, шунингдек, маҳалламиздаги ариқ бўйларида ўсадиган ўт-ўлан-у дарахтларга алоҳида тўхталиб, гербарийларини кўрсатар эди. Зоологиядан дарс берганида, мисолларни иложи борича биз кўриб юрадиган жонзотлардан келтирарди. Биологиядан гапираётганда ривоятлар билан уйғунлаштирар эди.

Устоз воҳанинг машҳур шоири Эгам Раҳим билан тўрт нафар болани тарбиялаб, улғайтирди. Уларнинг барчаси элга муносиб фарзанд бўлиб камолга етди. Улар инженер, педогог мутахассисликларини эгаллаб, техника ва қишлоқ хўжалиги фанлари доктори бўлишди. Албатта, бу аҳил ва осойишта ҳаёт кечираётган оиланинг дилбандлари бўлгани учун элга муносиб фарзандлар бўлиб етишишди, дегимиз келади. “Баркамол фарзанд – аҳил оила мевасидир” деган бугунги шиорга тўла жавоб беради.

Бугунги кунда устоз ҳаёт бўлганида, Хотира ва қадрлаш куни тўқсон билан тўқнашган бўларди. Устознинг охирати обод бўлишини Яратган насиб айласин!

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: