БОЙСУННИНГ БАХТИЁР ФАРЗАНДИ

У Бойсунда туғилгани билан фахрланади. Зилол булоқлари, шарқираган шалолалари ҳақида ғурурланиб сўзлайди. Бойсуннинг пурвиқор тоғларига ифтихор билан боқади.

– Чўлбайр тоғи билан Сарамас тоғлари орасидаги Дарбанд дараси орқали Навоий бобо Ҳиротдан Самарқандга қатнаган. Дарбанд дарёсининг ўнг томондаги Чўлбайр тоғи бағридаги байроқ қадалган қабрда авлиё Хўжаимайхона ҳаловат топганлар. Бу ерлар Нажмиддин Кубро ҳазратларининг пойқадами теккан муқаддас даргоҳ. Дарбанднинг лойқа сувларига қўшилгиси келмай кўпириб, тошдан тошга урилаётган шаффоф булоқ минг дардга даво. Булоқда 10-15 кг ли балиқлар сузиб юради. Улар асосан тунда ой ёруғида булоқ юзасига чиқади. Тилсим аслида буларнинг ҳаммаси. Боя кўрганимиз Ёнарбулоқни шу ерлик Салоҳ бобо кашф қилган. Бобо 80 ёшдан ошган бўлса ҳам жуда чайир, унча-бунча ёшлар журъат қилаолмайдиган чўққиларга бемалол хассасиз чиқиб кетаверади. Бойсуннинг ҳар қарич ери мўъжиза. Кофирун қишлоғида Алпомиш кўтарган тош бор. Бу тошни кўнгли оқ, иймонли полвонгина кўтара олар эмиш. Боболарнинг айтишича, бундан 100 йил аввал полвонтошни бойсунлик Мамадалиполвон кўтарган экан. Бойсуннинг тоғу дараларида нафақат минг дардга шифо булоқлар оқади, балки минг бир дарга даво доривор гиёҳлар ҳам ўсади. Унинг ҳавоси ҳам шифобахш. Қайроқ қишлоғида Қарши беклигининг зиндони бор. Ана шу жойнинг ҳавоси ҳар қандай томоқ оғриғига даво эмиш…

Мен Бойсун шаҳридаги 1-мактабнинг олий тоифали ўқитувчиси, иқтидорли журналист Очил ака Тошқуловнинг ҳаяжонли ҳикояларини тинглар эканман, шу кичик жуссага ватанига бўлган Бойсун тоғларидек улкан муҳаббатни қандай сиғдирди экан-а, деб ўйлаб қоламан. У бу муҳаббатни нафақат гапиради, балки тарихини ўрганиб, асослаб мақола, бадиий асар қилиб қоғозга туширади. Ёзганларини бутун мамлакат аҳли қизиқиш билан ўқийди. Кўнглида шу жойларга келиш, бу мўъжизаларни ўз кўзи билан кўриш нияти туғилади. Асосийси, бу мақола, лавҳа, ҳикоя ўқувчини она табиатга, атроф-муҳитга бир бошқача меҳр кўзи билан қарайдиган қилади. Ўқитувчиликдек машаққатли касбдан вақт орттириб, бундай қизиқарли нарсалар ёзиш эса осон эмас. Унга юрт табиатига бўлган меҳр куч-қувват беради. “Узоқ умр кўришни истаган инсон табиатни севиши, уни асраши керак. Табиат билан дўстлашган киши ҳеч қачон касалга чалинмайди. Чунки, табиатга меҳр берган сўлим боғлар, хуш ҳаво тоғлар қўйнида дам олишни истаган одам ана шу яшилликка ҳисса қўшиш учун дарахт экади, гул-гиёҳларни нес-нобуд бўлишини олдини олади. Ер юзида 4 миллиард гектар ўрмон мавжуд. Ўзбекистонда киши бошига 0, 1 гектар ўрмон тўғри келади. Ўрмонларни кенгайтириш эса ўз қўлимизда. Имконият бор, фақат хоҳиш керак холос, – дейди Очил ака.

Яна ўқинг:  Янги концепция соғлиқни сақлаш соҳаси муаммоларига ечим бўлади.

Домла, умрингиз тоғлар орасида ўтгани учун ҳам тоғларни яхши кўрсангиз керак-да, – дейман суҳбатни улаш учун.

– Жуда ҳам унчалик эмас. Биз яшайдиган қишлоқ тоғдан бир мунча олис. Аммо болалигимизда мана шу тоғларга келиб, қишга ўтин ғамлардик. У пайтда тоғнинг ҳар бир қарич ери ўрмонзор эди. Вақти келиб ўрмонлар ҳам камайиши мумкин деган ўй хаёлимизга ҳам келган эмас. Қишлоғимизнинг сурув-сурув қўй-қўзилари баҳордан то кеч кузгача тоғларда боқиларди. Тоғ бизга беминнат ризқ-рўз берган.

Асли касби ўқитувчи бўлган Очил аканинг табиатга бўлган меҳри қўлига қалам тутқазди, илҳомлантирди. У дунёга Алпомиши билан машҳур бўлган Бойсун мўъжизаларини куйлашга аҳд қилди. Қишлоқма қишлоқ юриб улар тарихини, табиатини, дов-дарахтлар, гиёҳлар хосиятини ўрганиш учун юзлаб кишилар билан суҳбатлашди, кечалари ухламай қалин китобларни титди. Бахшилар достонларини ўрганди. “Бойсун ўқилмаган тарих. Улкан тоғлари бағрида нафақат қазилма бойликлар, балки маънавиятимизга, қадриятимизга гувоҳ бўлувчи ажойиб сир-синоатларни ҳам яширган очиқ осмон остидаги бетакрор – музей”, дейди Очил ака.

Бойсун табиати, тарихи маънавий мероси, камёб ва шифобахш ўсимликлари ҳақида йиғган манбаалари асосида “Бойсун мўъжизалари” китобини, “Ҳислар туғёни”, “Сув тегирмони”, “Ари қусти коризи”, “Қоқ бели”, “Тебранадиган арча” каби мақолалар ўқувчилар эътирофига сазовор бўлди. Юқорида айтганимиздек Очил ака қишлоқма-қишлоқ кезишдан чарчамайди. Ушбу сафарлар чоғида табиат билан тиллашадиган билимдонлар, ўсимликларга қараб ер ости сувини, қаердан қудуқ қазишни биладиган ноёб ҳислатли кишиларни кашф қилди.

Паданг қишлоғи тоғ этакларида ажойиб хислатли жой бор. Биз уни шартли равишда “магнит майдони” деб атаймиз. Ана шу ерда сув қуйсангиз одатдагидан тескари сув тепага оқади. Автомобилингизни ўчириб йўлга қўйсангиз, пастликдан тепаликка шитоб билан юриб кетади. Гуматак қишлоғида динозавр изларини топишган. Ижодкор ўқитувчининг тарихий ва илмий аҳамиятга молик “Тешиктош”, “Гулматакдаги динозавр излари”, “Ҳикматли даво тошлари”, “Тоғдаги сирли ҳодиса”, “Тош қотган аждарҳо”, “Амир Темурга бошпана бўлган маскан” каби мақолалари ана шундай кузатувлар ва тажрибалар маҳсули. Маънавий меросимиз, ноёб ва шифобахш ўсимликлар дунёси, сирли табиат мўъжизаларини чиройли ва бадиий ифодалай олган Очил Тошқулов “Антик дунё” халқаро академиясининг профессор унвонига сазовор бўлган.

Яна ўқинг:  Raqsga shaydo ko'ngil

Агар одам оиласидан тинч бўлмаса, ёнида уни тушунадиган, қўллаб-қувватлайдиган дўстлари бўлмаса ҳеч қачон катта ишлар қилаолмайди. Ўзидаги истеъдод ва салоҳиятни юзага чиқара олмайди. Очил аканинг бу борада омади чопган. Рафиқаси, ҳамкасб дўсти Қурбоной опа турмуш ўртоғининг ижод қилиши учун зарур шароитларни яратади. Уни рўзғор ташвишларидан озод қилади. Ўғиллари Ҳусниддин, Зайниддин, қизлари Зилола ва Шоҳидалар дадаларининг биринчи талабчан ўқувчилари бўлишган. Эндиликда бир ҳовли набиралар боболарига илҳом бағишласа, оёғидан ўт чақнаган келинлари Иродахон, Гулшанойлар қайноталари хизматига ҳамиша шай. Домланинг бирорта ҳикоя ёки мақоласи йўқки, келинпошшалар ўқиб ғурурланмаган бўлса.

– Домла Тошқулов, бизнинг биринчи ўқитувчимиз, – дейди Бойсун туман Халқ таълими бўлими маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари Дилором Одинаева, – синфимиздаги 17 ўқувчининг ҳаммаси мактабни олтин ва кумуш медалларга битиришган. Домламиз нафақат табиатни, ўз касбини ҳам жуда севади. Ҳар бир болани ҳар томонлама билимли бўлиши учун ўз маҳорат ва тажрибасини аямайди.

– “Омонхона”да ажиналар излари тушган харсанг, тиш оғриғига даво бўлувчи сирли тош бор. Ана шулар ҳақида ёзишни ўйлаб юрибман. Булар ҳақида одамлар билса, юртимиз бағридаги мўъжизалардан хабардор бўлса яхши-да, – дейди домла жилмайиб.

Тоғлар жуда тепада бўлса, чарчаб қолмайсизми? – дейман атайлаб.

– Шундай хушҳаво, сўлим воҳада яшаган одам чарчайдими? Бу заминдан чексиз саховат, мурувват кўраётган эканмиз, бунга лойиқ жавоб беришимиз, Бойсуннинг билимдон болаларини камол топтиришимиз, унинг бағридаги ғаройиботларни ечишимиз керак-ку, – деди домла сал қизишиб.

Биз “Кетмончопди”, “Омонхона”, “Сир-синоатли тошлар”, “Ҳаёт чашмалари” каби эссе, мақолалар туркуми устида иш олиб бораётган тажрибали устоз, серғайрат ижодкор Очил ака Тошқуловга хайрли ишларида омад тиладик.

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: