ОМАД КАЛИТИ – БИЛИМ

абитуриентларни бу йилги тест синовларида қандай янгиликлар кутмоқда?

Қалбидаги бир олам ойдин орзулари само қадар юксакликка интилаётган йигит-қизларнинг дилидаги ҳаяжон юзу кўзида акс этиб турибди. Ахир ҳаяжонланмай бўладими? Айни дамда уларни ўз бағрига чорлаётган олий таълим муассасаларига тест синовларини муваффақиятли топшириб талаба бўлиш осон эмас-да?! Қолаверса, уларнинг зиммасига эртамизнинг муносиб ворислари бўлиш, юрт равнақи учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишдек шарафли бурч юклатилган. Навқирон ёшларнинг ана шу юксак бурчни оқлаши учун юртимизда барча шароитлар яратилган.

Ҳар йилгидек олийгоҳларга бу йил ҳам минглаб йигит-қизлар ҳужжат топширмоқда. Бу йилги тест синовларига киритилган ўзгаришлар барчани бирдек қизиқтиради. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги давлат Тест маркази бош мутахассиси Орзиқул Бобоев билан бўлган суҳбатимиз айнан ана шу мавзу хусусида бўлди.

Орзиқул ака, бу йилги тест синовларидаги ўзгаришлар ҳақида гапириб берсангиз.

– Президентимизнинг 2014 йил 30 апрелдаги “Республика олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра 2014/2015 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда математика фани бўйича тест синовларига информатика ва ахборот технологияларига тааллуқли савол ҳамда топшириқлар киритилган эди. Мисол учун математика бўйича 30 та, информатика ва ахборот технологиялари бўйича 6 та савол бўлиши белгиланган. Шу боис тест синовларида математика фанидан тест топшириши лозим бўлган 168 та таълим йўналишининг 108 тасидаги имтиҳонларда юқоридаги тартиб бўйича саволлар берилиши жорий этилган.

Президент Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан ўтган йилдан бошлаб 24 та таълим йўналишига чет тиллар бўйича ҳам тест синовлари қўшилди. Бунинг натижасида мазкур тест синовлари киритилган таълим йўналишлари сони 59 тага етди. Шунингдек, таълим йўналишлари таҳлил этилиб, 43 та таълим йўналиши бўйича тест синовлари ўтказиладиган фанлар, жумладан, 22 та таълим йўналиши бўйича мутахассисликка оид фанлар қайта кўриб чиқилди. “Геофизика”, “Кончилик иши”, “Нефть ва газ конларига ишлов бериш ҳамда улардан фойдаланиш”, соҳалар бўйича “Электротехника, электромеханика ва электр технологиялари” ва бошқа йўналишларда фан блоклари ўзгартирилди.

2014 йилдан бошлаб физика фани асосий мутахассислик фани бўлган таълим йўналишлари, яъни 1-блок фани сифатида тест синовлари топшириладиган таълим йўналишлари сони 5 тадан 20 тага, биология асосий фан сифатида ўқитиладиган таълим йўналишлари сони 18 тадан 21 тага кўпайтирилди.

Яна ўқинг:  Шундай азиз юртда улғайганимдан Яратганга шукроналар айтаман

2015-2016 ўқув йилида ҳам тест синовлари жараёнини такомиллаштириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 23 июндаги “2015-2016 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан олий таълим муассасаларига қабул квоталари тасдиқланди. Мазкур ўқув йилида 57 минг 907 нафар талабани олий таълим муассасаларига қабул қилиш белгиланган. Улардан 19 минг 120 нафар талаба давлат гранти, 38 минг 787 нафари тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Шунингдек, махсус сиртқи таълим шакли бўйича Тошкент кимё-технология институтининг Қўнғирот бўлимига 65 нафар талаба давлат гранти асосида, Тошкент ахборот технологиялари университетига 50 нафар талаба тўлов шартнома асосида талабаликка қабул қилиниши белгиланган.

Мазкур қарор асосида юртимиздаги Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент давлат техника университети, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти ва Бухоро муҳандислик-технология институтларида 7 та янги йўналиш очилди. Бу ҳақда тўлиқ маълумотларни давлат Тест марказининг www. dtm. uz сайтидан олиш мумкин.

Бундан ташқари, давлат Тест марказининг 2014 йил 6 августдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарорига кўра 2015/2016 йилги тест синовларини ўтказиш тартиби, яъни жавоблар варақаси ва саволлар китоби бўйича ҳам қуйидаги ўзгартиришлар киритилди.

Биринчидан жавоблар варақаси бўйича аввал мавжуд бўлган “Олий таълим муассасаси коди”, “Танлов коди” олиб ташланиб унда фақат “Махсус код” қолдирилди. Энди абитуриентлар кодларни алмаштириб бўяш ёки нотўғри бўяш каби хатоликларга йўл қўйишмайди ҳамда жавоблар варақасини тўлдириш учун кам вақт сарфланади.

Иккинчидан абитуриентларнинг фан блокларини, саволларни алмаштириб бўяш каби хатоликларга йўл қўйишининг олдини олиш мақсадида саволларга жавоблар белгиланадиган доирачалар 1 дан 108 гача бўлган кетма-кет сонлар билан рақамланди.

Учинчидан абитуриент ҳақидаги маълумотларни киритиш ва имзо ўрни жавоб бўяладиган доирачалар билан битта бетга ҳамда барча огоҳлантирувчи ёзувлар эса иккинчи бетга жойлаштирилди.

Саволлар китоби бўйича эса фанлар номи сақланиб қолган ҳолда берилган саволлар кетма-кетликда рақамланди. Масалан, учта фан блоки мавжуд бўлган саволлар китобида

Яна ўқинг:  Фарзанд – оила қувончи, аёл – хонадон файзи

биринчи фан саволлари 1 дан 36 гача, иккинчи фан саволлари 37 дан 72 гача, учинчи фан саволлари 73 дан 108 гача рақамланди. Бу жавоблар варақаси ва саволлар китобидаги рақамлар билан бир хиллигини таъминлайди ҳамда абитуриентларнинг тест материаллари билан ишлашини осонлаштиради. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, абитуриентлар маданият, спорт ва санъат соҳаларида ижодий имтиҳон топширишади. Тест синови куни мазкур соҳалар таълим йўналишларидаги абитуриентларга ҳам 108 та рақам кўрсатилган жавоблар варақаси берилади, аммо улар 1 дан 72 гача сонларни бўяйди. Шунингдек, уларнинг саволлар китобларида 72 та савол берилади.

2015 йил олий ўқув юртларига ўқишга киришдаги имтиёзлар нималардан иборат?

– Йигит-қизларни танловдан ташқари тест имтиҳонларисиз имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон ўқувчи ёшларини рағбатлантириш чоралари тўғрисида” 1993 йил 5 февралдаги фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги 2008 йил 13 октябрдаги қарори, республика фан олимпиадалари, танловлари ва спорт мусобақаларини ўтказиш тўғрисидаги Низомлар асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида” 1999 йил 10 июндаги фармони асосида қабул қилиш ҳам шулар жумласидандир.

Булардан ташқари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда тегишли вазирликлар, идоралар томонидан ҳар йили ўтказиладиган турли республика танловларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ҳам шундай имтиёзга эга бўладилар.

Давлат Тест марказининг тест синовларига тайёргарлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Жорий йилда тест синовларини муваффақиятли ўтказиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, республика бўйича апрельиюнь ойларида Давлат тест маркази вакили, аудитория раҳбари ва кузатувчи сифатида жалб этилиши режалаштирилган номзодлар учун амалий семинар машғулотлари ўтказилди. Мазкур семинарларда 132 минг нафардан ортиқ номзод иштирок этди. Март ойида эса олий таълим муассасаларида тест синови ўтказиладиган бинолар (дислокация) ўрганиб чиқилди. Бино ва аудиторияларнинг тест синовларига белгиланган тартиб асосида тўла тайёр бўлиши борасида давлат Тест маркази ва олий таълим муассасалари томонидан зарур ишлар амалга оширилди.

Олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш қандай тартибда амалга оширилади?

Яна ўқинг:  Бугуннинг ўқитувчиси замонавий технологиялар билимдони бўлиши зарур

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан абитуриентларнинг ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризалари олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан 20 июндан 20 июлгача (шу куни ҳам), Ўзбекистон давлат консерваторияси учун 20 июндан 15 июлгача қабул қилинади.

Абитуриентлар қабул комиссиясига таълим йўналиши, ўқув тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза ҳамда ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси, 086-У шаклдаги тиббий маълумотнома тақдим этади. Шунингдек, паспорт (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома) нинг нусхаси, 3, 5х4, 5 см ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат, меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма ва ишлаб турган соҳадан тавсиянома (махсус сиртқи бўлим абитуриентлари учун) топширилади.

Танловдан ташқари ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлган халқаро ва республика фан олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари тегишли ҳужжатларининг асл нусхаларини топширадилар. Абитуриент аризасида “ўзим ҳақимда қуйидагиларни маълум қиламан” графасига ҳужжатлар билан тасдиқловчи ҳолатлар (болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, чин етим ва етим, “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ва боқувчиси йўқлиги ҳақидаги маълумотлар) қайд этилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ва ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган фуқаролар тавсияноманинг асл нусхасини ҳам тақдим этади. Шу билан бирга абитуриент томонидан паспорт (паспорт ёшига етмаганлар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома) ҳамда ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжат қабул комиссиясига шахсан кўрсатилади. Мазкур ҳужжатлар мавжуд бўлганда олий таълим муассасаси қабул комиссияси абитуриентнинг ҳужжатларини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Ёшларга тест синовларига тайёргарлик бўйича қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

– Энг асосийси тест синови жараёнида абитуриентга берилган саволлар китоби ва жавоблар варақаси рақамлари мослигини, барча саволлар мавжудлигини, нуқсони йўқлигини текшириш ҳамда абитуриент томонидан белгиланган жойларга исм-шарифини тўлиқ ёзиб имзо қўйилиши шарт. Мазкур шартлар бажарилмаса тест синовлари жараёнида бирон-бир эътироз юзага келганида абитуриентнинг эътирози қабул қилинмайди.

Шу ўринда йигит-қизларнинг талаба бўлишига тилакдошман.

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Жамила ҲАЙДАРОВА

суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: