ҚРИМ-КОНГО ГЕМОРРАГИК ИСИТМАСИ

Бу хасталик қандай оқибатларга олиб келади?

Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллиги ўта юқумлилиги, клиник жиҳатдан оғир кечиши, мудҳиш оқибатларга олиб келиш эҳтимоли юқорилиги билан характерланади. Вируслар келтириб чиқарадиган бу хасталик кўпинча чўл ҳудудларида учрайди. Бу касаллик билан фақат одамлар хасталанади. Ҳайвонлар касалланиши ҳақида бирор бир маълумот йўқ.

Биринчи марта 1944-1945 йилларда Қримда ҳарбий зобитлар ва аҳоли орасида авж олган эпидемиядан сўнг М.Чумаков томонидан ушбу касалликнинг клиникаси ёритилган. Унинг қўзғатувчиси эса 1967 йилда ажратиб олинган ҳамда “Қрим геморрагик иситмаси” деб атала бошлаган. 1969 йилда Зоирда Конго дарёси ҳудудида бемор бола қонида вирусга ўхшаш вирус ажратиб олинган ва касаллик 1970 йилдан бошлаб Қрим-Конго геморрагик иситмаси деб ном олган.

Касалликнинг бирламчи табиий ўчоқлари кўпроқ Қизилқум чўлларида сақланиб қолган. Ушбу ҳудудда вируснинг кўпайиш манбаи кичик сут эмизувчилар бўлиб, асосан қумсичқонлари ҳисобланади. ҚКГИ вирусини тарқатишда каналар, айниқса, H.as. asiaticum канаси муҳим аҳамиятга эга. Каналар сут эмизувчи ҳайвонларда ҳам кўп учрайди.

Республикамизда йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари ҚКГИ касаллиги вирус ташувчиси ҳисобланади. Вируслар майда қон томирлар-капиллярларни шикастлайди, оқибатда ҳужайра, тўқима ва тана аъзоларида қон айланиш жараёни, уларнинг озиқланиши ҳамда кислород билан таъминланиши издан чиқади. Тана аъзолари, айниқса, ҳаётий муҳим аъзолар фаолиятининг бузилиши эса инсон ҳаётини хавф остига қўяди. Вояга етган каналар асосан турли хил қишлоқ хўжалик ҳайвонлари, ёш личинкалари эса сичқон, каламуш, юмронқозиқ, типратикан, қуён ва бошқалар танасида яшайди. Касаллик фаолияти чўл ҳудудлари, яъни табиий ўчоқлар билан боғлиқ бўлган касб эгаларида (чўпонлар, уларнинг оила аъзолари, молбоқарлар, овчилар, қўй жуни қирқимида вақтинчалик ишга жалб этилганларда) кўпроқ учрайди.

Ушбу касаллик ўзида геморрагик иситма вирусини сақлайдиган каналарнинг чақиши, уларни эзиб ўлдириш, қўл кана қони билан ифлосланиши натижасида одамга юқади. Соғлом одамга касаллик вирус юқтирган бемор қони орқали, шунингдек, беморга тиббий муолажалар (инъекция, қон олиш, инфузия ва ҳоказо) қилиш жараёнида юқади. Касалликнинг яширин даври, яъни вируснинг танага кириб, хасталикнинг илк аломатлари рўёбга чиққанга қадар бўлган давр бир неча соатдан 7 кунгача, ўртача 2-3 кун давом этади.

Яна ўқинг:  УЙИНГИЗДА ГЎДАК ТУҒИЛДИ

Клиникаси: Касаллик ўткир бошланиб тана ҳароратининг кўтарилиши (39-40 даража), баданнинг совуқ қотиб қалтираши, мушакларнинг оғриши, кўриш қобилиятининг бузилиши, кўздаги қон томирларининг ёрилиши оқибатида кўзнинг қизариши, баданга майда қизил тошмалар тошиши, милк, бурун, меъда-ичаклардан қон кетиши, қоринда оғриқ, баъзида эса қон қусиш, нажаснинг қорайиши каби ҳолатлар намоён бўлади. Касаллик оғир кечганда, бемор аъзоларидан қон кетиши натижасида бу ҳолат ўлим билан якун топиши ҳам мумкин.

Юқоридаги ҳолатлар кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш шарт. Шифокорга қанчалик эрта мурожаат этилса, даволаниш шунчалик самарали бўлади.

Ҳозирги вақтда ҚКГИ касаллигининг махсус даволаш усуллари ва воситалари яратилмаган. Мазкур касаллик билан оғриган беморларни даволаш касалхона шароитида, алоҳида хоналарда, хасталикнинг оғирлиги, шакли, даври, асоратлари ва ҳамроҳ касалликларни ҳамда беморнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда индивидуал, мажмуавий тарзда олиб борилади. Беморларни даволашда парҳез муҳим ва доимий омиллардан бири ҳисобланади. Касалликнинг бошланғич ва геморрагик даврларида беморларнинг овқати суюқ ва ярим суюқ, тез ҳазм бўладиган, етарли даражада калорияли, витаминларга бой бўлиши лозим.

Англашиладики, касалликнинг олдини олиш чораларини кўриш ниҳоятда зарур! Хўш, хасталик профилактикаси қандай?

ҚКГИ касаллигининг олдини олиш учун уй ҳайвонларини боқиш, молхона ва оғилхоналарни тозалашда махсус ҳимоя кийимлари ва қўлқоплардан фойдаланиш зарур. Шунингдек, каналарни қўл билан термаслик ва уларни эзиб ўлдирмаслик, ҳайвон боқиладиган оғилхона, молхоналарни доимий равишда каналарнинг кўпайишига қарши воситалар ёрдамида зарарсизлантириб туриш тавсия этилади.

Чўл ҳудудларига, умуман табиат қучоғига апрель-июнь ойларида имкон қадар чиқмаслик керак. Чўл ҳудудларидан, бозорлардан майда ва йирик шохли молларни канага қарши ишлов бермасдан уйга олиб келмаслик лозим. Молларда кана аниқланса, дарҳол ветеринария ходимларига мурожаат қилиш лозим. Ветеринар тавсияси асосида каналарга қарши ишлов бериш зарур. Бу даврда ҳомиладор аёллар, ёш болалар ва ўсмирларни жалб этмаслик зарур. қирқим вақтида фақат махсус кийимлардан (қўлқоп, енг ва пойчалари мустаҳкам беркиладиган шим, камзул, резина этик) фойдаланиш шарт. Шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш лозим. Қўлда жуда кичик жароҳатланган жой бўлса ҳам хом гўштларни ушламанг. Гўшт майдаланган тахтакач, пичоқ ва идишларни совунлаб ювишга одатланинг. Беморларнинг биологик ажратмалари: қон, нажас ва пешоб билан мулоқотда бўлувчи тиббий ходимлар, албатта қўлқопларда ишлашлари шарт.

Яна ўқинг:  Эзгуликдан яшнаган умрлар

Азиз юртдошлар!

Кана чақишидан эҳтиёт бўлиш Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигининг олдини олишда асосий омил эканлигини ҳар доим ёдда тутинг!

Қўшназар НАЗАРОВ,

Саломатлик ва тиббий статистика институти Хоразм вилоят филиали директори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: