ФАРЗАНДЛАР САЛОМАТЛИГИ – УСТУВОР ВАЗИФА
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асрашга катта аҳамият берилаётир. Хусусан, кўплаб тиббиёт муассасалари барпо этилиб, мавжудлари капитал таъмирдан чиқарилмоқда. Натижада соҳада хизмат кўрсатиш сифати ва кўлами ортиб бормоқда. Биргина Андижон вилоятидаги Вилоят сил касаллигига қарши санаториясининг бугунги фаолияти фикримизнинг тасдиғидир.
2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2011 йилдаги қарори асосида муассасанинг янги биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Андижон туманининг Хартум қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган мазкур шифо маскани уч юз ўринга мўлжалланган.
– Бу ерда 3 ёшдан 16 ёшгача бўлган, ўпка тизимида муаммоси бор беморлар даволанади, – дейди сиҳатгоҳ бош шифокори Юлдузхон Холбекова. – Касаллик белгилари ва ҳолатидан келиб чиқиб муассасамизда тўртта даволаш бўлими фаолият юритмоқда. Рентген кабинети, клиник лаборатория, физиотерапия ва болаларнинг дам олишлари учун махсус хоналар хизмати ҳам яхши йўлга қўйилган. Даволаш муолажалари қўйилган ташхисга асосан икки ойдан уч ойгача олиб борилади. Айни вақтда бемор болаларнинг саломатлигини тиклаш мақсадида муассасада 210 нафар малакали шифокор, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари, тарбиячи-педагоглар фаолият юритмоқда.
Ободлик кўнгилдан бошланади, дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат, саломатликнинг асоси ҳам озодалик, саранжом-саришталик билан боғлиқ. Ушбу соғломлаштириш масканида эса бу жиҳатларга жиддий эътибор қаратилиб келинаётир. Сиҳатгоҳдаги шарт-шароит санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб беради.
– Даволаш самарадорлигини оширишда тўғри овқатланиш тартибига амал қилиш муҳим воситалардан бири саналади, – дейди Юлдузхон Холбекова. – Бу борада муассасада керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Беморларга беш маҳал парҳезбоп таомлар берилади. Белгиланган меъёрда истеъмол қилинадиган гўшт ва сут маҳсулотлари, ширинликлар даволанувчиларга дармон бағишлайди. Қуруқ мевалар, сабзавот ва полиз маҳсулотлари эса витамин етишмовчилигини бартараф этади. Айни вақтда сиҳатгоҳда соғломлаштириш жараёнларини янада яхшилаш ниятида физиотерапия бўлимини ривожлантириш, айниқса, беморларни гимнастика машғулотлари билан даволашга катта эътибор қаратяпмиз. Келгусида болаларни чиниқтириш мақсадида очиқ сув ҳавзаси ташкил этиш режалаштирилган.
Болаларни узлуксиз таълим жараёнидан ажралмасликларини таъминлаш мақсадида мактаб фаолияти ҳам ташкил этилган бўлиб мазкур ўқув биносида ўн учта синф хонаси, жумладан, кимё-биология, информатика, математика, она тили ва адабиёт, чет тили хоналари ҳамда спорт зали мавжуд. Уларда болалар ўз билим ва жисмоний салоҳиятларини ошириб бориш имкониятига эга. Ўқувчиларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда турли фан, санъат ва спорт тўгараклари ташкил этилган. Уч ёшдан етти ёшгача бўлган болалар учун мактабгача тайёрлов гуруҳлари тузилган.
Бу ерда болалар нафақат даволанади, балки ўз билимини ошириб боради. Иқтидори ва қизиқишига қараб турли тўгаракларда иштирок этиш имконига эга бўлади.
Фахриддин НУРМУҲАММЕДОВ,
Андижон вилояти