КИТОБ – САОДАТ МАНЗИЛИ

Мамлакатимизда 28 май куни “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида анъанавий “Китоб байрами” бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан бир қатор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадбир Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда барча вилоят марказларида ташкил этилди.

Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори О.Юнусов ва бошқалар мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий адабиётимизни равнақ топтириш, буюк аждодлар яратган бой маънавий меросни ва миллий анъаналаримизни асл ҳолича асраш, китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилаётган доимий эътибор мустақил фикрли, билимли ва маънавиятли ёшларни камолга етказишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда ноширлик ишларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Мустақилликка қадар юртимизда 9 та нашриёт ишлаган бўлса, бугунги кунда юздан зиёд нашриёт фаолият кўрсатмоқда. Матбаачилик соҳаси ҳам изчил ривожланмоқда.

Маълумотларга кўра, “Китоб байрами” қатнашчилари сони йилдан-йилга кўпайиб бораётир. 2014 йилда бир ярим миллион аҳоли “Китоб байрами”га ташриф буюрган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич икки баробарга ортди.

Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида нашриётларнинг стендлари ва китоб кўргазмалари ташкил этилди. Улуғ мутафаккирларимизнинг китоб ва китобхонлик ҳақидаги пурмаъно ҳикматли сўзлари туширилган паннолар олдидан ҳеч ким бефарқ ўтолмади. Боғнинг турли бурчакларига ўрнатилган телемониторларда нашриётлар фаолияти, китобхонлик маданияти, “Намунали китоб дўкони” кўрик-танловига оид лавҳалар намойиш этилди.

“Китоб байрами”да ҳар бир киши ўзи учун зарур маълумот олиш, излаган китобини топиш, ўзининг билими, қизиқиши ва саводхонлигини синовдан ўтказиш имкониятига эга. Шу мақсадда адиб ва шоирлар, китоб графикаси бўйича рассомлар, муҳаррирлар билан ижодий учрашувлар, “Энг яхши китобхон”, “Китобхон оила” каби мавзуларда интеллектуал ўйинлар ўтказилди.

Б.ҲАЛИМОВ

Яна ўқинг:  ЁШ ОИЛАЛАРГА “КАМОЛОТ” УЙЛАРИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: