“АЙИ”МАС, “АРИ”

Ҳар бир она ўз фарзандининг тўрт мучаси соғ, ақл-идроки тиниқ, фикрлаш қобилияти аъло бўлиб улғайишини хоҳлайди. Шунинг учун боланинг ҳар бир хатти-ҳаракатига жиддий қарайди. Жумладан, унинг нутқий ривожланишига ҳам алоҳида эътибор беради. Боланинг нутқий ривожланиши келажакда унинг мустақил дунёқарашли шахс сифатида улғайишига замин ҳозирлайди. Акси бўлса, у ўзини ноқулай ҳис этади. Камгап ва одамови бўлиб қолади. Бундай вазиятда ота-она у билан кўпроқ мулоқот ўрнатиши, дилдан суҳбатлашиши зарур. Нутқида қусури бўлса, болани албатта мутахассис кўригига олиб бориш лозим.

Маълумки, айрим болаларда қатор товушларни талаффуз қилиш қобилияти суст бўлиб, айримларини умуман ифодалай олмайди. Бир товушни иккинчи товуш билан алмаштириб юборади. Бундай ҳолат эса товуш камчиликлари деб аталади. Логопедик машғулотлар давомида эса мутахассис боладаги бундай ҳолатларни бартараф этади. Бу иш артикуляция машғулотлар давомида ҳам амалга оширилади. Мазкур машқларни уй шароитида ота-оналар ҳам бевосита болалар билан ўтказишса яхши самара беради.

Мунтазам машқ яхши самара беради

Боланинг нутқини ривожлантиришда турли усуллардан фойдаланилади. Артикуляцион гимнастика шулар жумласидандир. Бундай машқларни ўтказишда қуйидаги жиҳатларга амал қилиш мақсадга мувофиқ: Аввало боланинг ҳолатига эътибор бериш лозим. Унинг гавдаси эркин ва тик, қўл-оёқлар сокин ҳолатда бўлиши керак. Машқларни ҳар куни ўтказишга ҳаракат қилинг, бу унда шаклланаётган кўникмаларнинг янада мустаҳкамланишига ёрдам беради. Кунига 3-4 марта 3-5 дақиқадан бажаришга эришилса яхши натижа беради. Болалар билан ўтказиладиган машқлар сони 2-3 тадан ошмаслигига эътибор бермоқ лозим. Статик машқлар, яъни артикуляцион машқлар ҳолатини бир маромда ушлаб туриш 10-15 сония давом этишига аҳамият беринг. Муайян кетма-кетликда, оддийликдан мураккабликка қараб ўтказинг. Бажарилаётган машқлардан биттаси янги, қолган иккитаси такрор бўлиши лозим. Агар бола машқларни бажаришда қийналса, янгисини киритмай турган маъқул. Машқ пайтида бола ўзининг ҳамда катта одамнинг юзини аниқ кўриб туриши лозим. Шунда у машқларни қанчалик тўғри бажарилаётганини мустақил назорат қила олади. Бунинг учун бола ва устоз кўзгу қаршисида туришлари керак.

Белкуракча” машқи: (с, з, ш, ж, ч, р товушаларининг талаффузи учун)

Тил кенг ҳолда чиқарилиб, бўшаштирилади ва пастки лаб устига қўйилади. Бунда тил титрамасдан, тинч ҳолатда туради ва шу ҳолатда 5-8-10 сония ушлаб турилади.

Яна ўқинг:  ҚАЛБИМ СОЗИСАН, ВАТАН!

Косача” (ш, ж, ч, р товушларининг тўғри талаффузи учун). Оғиз кенг очилади, тил кенг ёйилиб, юқорига кўтарилади. Тил учи ва ён томонлари юқори тишлар томон чўзилиб “косача” ҳосил қилинади, лекин уларга теккизилмайди. 8-10 сония ушлаб турилади.

Игнача” машқи (л, р товушларининг тўғри талаффузи учун).

Оғиз очилади, тил таранг ҳолатга келтирилиб, олдинги томонга ингичка қилиб чиқарилади, 4-5 марта 8-10 сония ушлаб турилади.

Тепача” машқи (с, з товушларининг тўғри талаффузи учун).

Оғиз ярим очилади, тил кенг ёйилиб ёнлари юқори жағ тишларига босилади. Тилнинг учи пастки олдинги тишларга тиралади. Тил шу ҳолатда 5-6 сония ушлаб турилади.

Елканча” (ж, ш, л, р товушларнинг тўғри талаффузи учун).

Оғиз кенг очилади. Тил тор ҳолатга келтирилади ва унинг учи юқори милкларга теккизилади. 5-6 сония ушлаб турилади.

Қўзиқорин” (ш, ж, ч, р товушларининг тўғри талаффузи учун).

Тил юзаси танглайга зич ёпиштирилади. Оғиз кенг очилади ва тил юганчаси қўзиқорин оёқчаси каби тортилади. Бу машқ 5-6 марта бажарилади.

Соатча”(л, р товушларининг тўғри талаффузи учун).

Оғиз сал очилади, тил узун ва ингичка қилиб чиқарилади ва шу ҳолда оғизнинг ўнг бурчагидан чап бурчаги томон соат милларидек 12-16 марта ҳаракатга келтирилади.

Ғалтак” (с, з товушларининг тўғри талаффузи учун).

Тилнинг ёнлари тепа жағ, тишларига ёпишган, тил учи пастги тишлар орасига тиралган ҳолда бўлади. Тил учи қимирламай туриб, унинг танаси олдинда чиқарилади, сўнг яна оғиз ичига олинади. 8-10 марта бажарилади.

Арғимчоқ” (ж, ш, ч, р товушларининг тўғри талаффузи учун).

Оғиз ярим очилади, тил узун ингичка қилиб чиқарилади, сўнг навбатма-навбат гоҳ бурун, гоҳ ияк томон олиб борилади. Бу вақтда оғиз ёпилмайди. Машқ логопед саноғи остида 8-10 марта бажарилади.

Бўёқчи” (р, л, ш, ж, ч товушларининг тўғри талаффузи учун).

Оғиз кенг очилади, тил тор ҳолатга келтирилади ва унинг учи юқори милкларга теккизилади. Сўнг тил учи танглай бўйлаб олдинга ва орқага худди силагандек ҳаракатланади.

Илонча” (т, д, к, г, х, л товушларининг тўғри талаффузи учун).

Яна ўқинг:  ДУНЁДАГИ ЭНГ БАХТЛИ АВЛОД

Тил игнача машқида кўрсатилган ҳолатга келтирилиб, илон тилига ўхшаган ингичка тил тўлиқ олдинга чиқарилади ва яна оғиз ичига тортилади. Бу машқ 6-8 марта қайтарилади.

От” (ш, ж, ч, р товушларининг тўғри талаффузи учун).

Тил танглайга ёпиштирилади, сўнг танглайдан куч билан “кўчириб” олингандек қўйиб юборилади. Бу ҳаракат кетма-кет ва тез-тез қайтарилади ва шу тариқа тил ва танглай от туёқлари тақиллагандек овоз чиқаради. Машқ 8-10 марта бажарилади.

Педагогика фанлари доктори, профессор Лола МЎМИНОВА тавсиялари асосида Маърифат ТОЛИПОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: