Миннатдорлик мактуби
Яқинда қизимнинг тўсатдан соғлиғи ёмонлашиб уйга тез ёрдам чақиришга тўғри келди. Қибрай туман тиббиёт бирлашмасининг тез ёрдам бўлим бошлиғи Турсуной Мирносирова бошчилигида шифокор Ўғилой Ризаева, фельдшер Гўзал Усмоновалардан иборат фидойи ходимлари бир зумда уйимизга келиб, ширин сўзлари ва сифатли тиббий муолажалари билан кўнглимизга таскин беришди.
Туман тиббиёт бирлашмасига кириб борар экансиз, мавжуд шароит дунёнинг қатор ривожланган давлатлари тиббиёт муассасалари билан бир қаторда эканига гувоҳ бўласиз. Озодалик, саранжом-саришталик, тиббий гигиена талабларига тўла жавоб бераётган муассасада фаолият юритаётган ходимлар туну кун аҳоли хизматида.
Қибрай туман тиббиёт бирлашмасида муассасанинг жонкуяр ходимлари томонидан бош шифокор Рустам Унаров бошчилигида бугунги кунда туман аҳолисига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Озода Юлдашева, Малика Ортиқова, Дилфуза Ибрагимова, Наргиза Каримова сингари малакали шифокорлар эл саломатлигини асраш, уларнинг дардига дармон бўлиш йўлида тиним билмай меҳнат қилаётир. Улар билан бир қаторда ҳамширалар Феруза Исаева, Саломат Раҳимова, Ёқутхон Каримова, Хумора Эргашева ҳамда катта ҳамшира Наргиза Каримовалар биринчи ўринда ўзларининг ширин муомалалари билан фуқаролар дардига дармон бўлишмоқда. Янги замонавий бинода фаолият юритаётган муассаса барча зарурий жиҳозлар билан таъминланган. Бирлашманинг яна бир неча янги бўлимлари учун бинолар қурилиши ишлари давом этмоқда.
Буларнинг бари мамлакатимизда инсон саломатлигини асраш йўналишида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасидир. Зеро, фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлади. Қудратли юртнинг фарзандлари соғлом бўлади.
Малоҳат НАЗАРОВА