ОРГАНИЗМНИНГ УЛКАН “ФИЛЬТРИ”

Унинг оғир хасталиклари жигар циррозини келтириб чиқаради

Жигар циррози – бу аъзода гепатоцитлар, яъни жигар ҳужайраларининг ўрнига бириктирувчи тўқима пайдо бўлиши туфайли унинг чандиқланиши ва натижада организмдаги барча аъзолар фаолиятининг издан чиқиши билан кечадиган хасталикдир.

Жигар циррози ҳақида чуқур маълумотга эга бўлиш учун аввало бу аъзонинг вазифалари ҳақида билиш зарур. Бу нозик аъзо организмнинг марказий биокимёвий лабораторияси бўлиб, у қонни тозаловчи фильтр вазифасини бажаради. У организмда кечадиган барча моддалар алмашинувларида фаол иштирок этади. Бу аъзонинг диффуз (тарқоқ) жароҳатланишларидан бири жигар циррози касаллиги ҳисобланади.

Жигар циррози дунё бўйича эркакларда кўпроқ учраётган касаллик бўлиб, у турли сабаблар натижасида ривожланиши мумкин.

Ушбу оғир хасталикнинг ривожланишида асосий омиллардан бири сифатида гемоконтакт йўл билан (қон орқали) юқадиган В, С ва D вирусли гепатитларни кўрсатиш зарур. Жигар циррози сурункали В, С ва D вирусли гепатитларнинг охирги босқичи сифатида ривожланади. Шунинг учун бугунги кунгача вирус табиатли гепатитлар ер юзида кенг тарқалганлиги, сурункали кечишга мойиллиги ва жигар циррози ҳамда унинг саратони каби асоратлар билан якунланиши мумкинлиги боис улар жаҳон тиббиётининг муҳим муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда.

Бемор вирусли гепатит билан оғриган ҳолда спиртли ичимликларга ружу қўйиши ҳам ушбу касаллик сабабларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари заҳарли кимёвий моддалар билан узоқ йиллар давомида заҳарланиш, гепатотоксик яъни, жигарга салбий таъсир кўрсатадиган дори моддалар таъсирида жигарнинг зарарланиши, организмдаги иммунологик ўзгаришлар билан кечадиган аутоиммун гепатит, моддалар алмашинувининг бузилиши, стеатоз (гепатоз – жигарнинг ёғ қоплаши) ва жигарга салбий таъсир қилувчи бошқа омиллар ҳам цирроз ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Юрак етишмовчилиги натижасида кузатиладиган жигар циррозлари ҳам мавжуд. Яна ушбу касаллик келиб чиқишида (кам миқдорда) ирсий мойиллик борлиги ҳам илмий адабиётларда баён этилган.

Касалликка сабаб бўлган омиллар аниқланмаган жигар циррозлари “криптоген” яъни, “сабаби номаълум жигар циррозлари” деб юритилади. Касалликнинг ривожланиш механизмини қуйидагича тушунтириш мумкин: жигар ҳужайралари зарарланганда уларнинг ўрнига янгилари ҳосил бўлади. Зарарланган ҳужайра қайта тиклана олмаса ёки унинг ўрнига янги ҳужайралар ҳосил бўлмаса, шу аъзо ўзидаги жароҳатни бошқа соғлом ҳужайраларга тарқалмаслиги яъни, шу касал ҳужайрани бошқа соғлом ҳужайралардан ажратиб қўйиш учун коллаген толалар ишлаб чиқаради. Ҳужайра нобуд бўлган бўлса, унинг ўрнини ҳам коллаген толалар билан тўлдиради. Бу организмнинг ўзини-ўзи ҳимоя қилиш реакциясидир. Лекин бу толалар вақт ўтиб бориши билан секин-аста бириктирувчи тўқималарга яъни, чандиққа айлана боради. Чандиқлар қанчалик кўп жойни эгалласа, мазкур аъзо ўз вазифаларини бажаришда шунчалик қийналади.

Яна ўқинг:  Шифобахш таомнома аллергик хасталиклардан асрайди

Касалликнинг клиник белгиларига келсак, хасталик аломатлари унинг қайси омиллар таъсирида ривожланганлигига боғлиқ эмас. Касаллик белгилари циррознинг босқичларига боғлиқ. Шуни ҳам унутмаслигимиз зарурки, 12 фоиз ҳолларда жигар циррози белгиларсиз кечиши мумкин. Бу айниқса, сурункали алкоголизм аниқланган кишиларда кўпроқ учрайди.

Циррознинг дастлабки босқичида касаллик аломатлари аниқ намоён бўлмаслиги мумкин. Дарднинг айнан шу босқичида касаллик сабабларини бартараф этиш орқали жигарнинг соғлом ҳужайраларини сақлаб қолиш ва узоқ муддат соғлом ҳаёт кечириш мумкин. Қориннинг катталашиши (қоринда суюқлик – асцит йиғилиши сабабли), озиб кетиш, кучли ҳолсизлик, таъсирчанлик, кайфиятнинг тез ўзгариши, иштаҳанинг камайиши, бурун ва милкларнинг қонаши циррознинг кейинги босқичларга ўтганлигидан дарак беради. Жигар циррози билан оғриган беморлар одатда кучли ҳолсизланиш, озиб кетиш, эс-ҳушнинг ўзгариши (эътиборни жамлаш хусусиятининг камайиши, кундуз кунлари кўп ухлаб, тунда уйқунинг бузилиши), иштаҳанинг камайиши, қориннинг шиши ҳисобига тўйиб қолиш ҳисси, сариқлик (тери ва кўз пардасининг сарғайиши, пешобнинг тўқ сариқ рангда бўлиши), терининг қичишиши, қорин соҳасида оғриқ кузатилиши мумкин. Талоқнинг катталашиши, оёқларда шиш пайдо бўлиши, нафас йўлларининг яллиғланиши каби бактериал инфекцияларнинг тез-тез такрорланиб туриши, кўнгил айниши, қусиш, ўт кислоталарининг таъсири натижасида терининг қичишиши каби ўзига хос аломатлар жигар ва бошқа аъзолардаги патологик жараённинг ривожланишда давом этаётганлигини билдиради.

Касалликнинг асоратларига келадиган бўлсак, циррозда жигар комаси(бир неча соатдан бир неча кунгача давом этадиган беҳушлик) ва қизилўнгачнинг кенгайган вена томирларидан қон кетиши ўлим ҳолатларининг асосий сабабларидан ҳисобланади. Айрим ҳолларда жигар циррози бу аъзо саратонига ўтиш эҳтимоли юқори.

Цирроз сўзи грек тилида “kirros” – “малла, қизғиш, сариқ” деган маъноларни англатади. Бу иборани фанга Р.Лаэннек киритган. Бунда жигар тузилишида ўзига хос ўзгаришлар кузатилади яъни, жигар қаттиқ, ғадир-будур, сариқ рангдаги кўринишда бўлади. Цирроз – тарқоқ жараён бўлиб, жигар ҳужайралари – гепатоцитларнинг нобуд бўлиши натижасида пайдо бўлади. Некрозга учраган жигар ҳужайралари дастлаб тўлиқ тикланиши мумкин. Лекин циррознинг кейинги босқичларида бунинг акси кузатилади.

Жигар циррозига ташхис қўйишда лаборатория таҳлиллари ва инструментал текширувлар ўтказилади. Қоннинг умумий клиник, биокимёвий таҳлиллари ҳам шулар жумласига киради. Инструментал текширувлардан ультратовуш текшируви муҳим аҳамиятга эга. Чунки, бу усул орқали жигарнинг катталиги, қирралари ва юзаси, тўқима тузилиши каби хусусиятлари ўрганилади. Бу усулда стеатоз ва сурункали гепатит каби циррозга сабаб бўладиган касалликларни ўз вақтида аниқлаш мумкин.

Яна ўқинг:  Вирусли гепатит В қандай касаллик?

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, бугунги кунда гепатологиядаги энг янги текширув усулларидан бири – бу жигарни фибросканда текширишдир.

Бугунги кунда ҳар қандай ҳолатда ҳам жигар циррозига ташхис қўйишда дунё миқёсида жигар биопсияси (жигар тўқимасидан намуна олиниб, бу хасталикка хос бўлган ўзгаришлар микроскопда текширилади).

Жигар циррозини замонавий даволаш қуйидаги тамойиллар асосида олиб борилади: этиологик (касаллик сабабини бартараф этиш ёки камайтириш), патологик жараённи ривожланишини таъминлайдиган омилларга таъсир қилиш, жигар вазифаларининг ўзгариши билан боғлиқ равишда юзага келган жараёнларни коррекция қилиш, оғриқли белгиларнинг даражасини камайтириш ва асоратларини даволаш ҳамда олдини олишдан иборат. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, мазкур касалликда организмнинг бошқа аъзоларида ҳам ўзгаришлар бўлишини эътиборга олган ҳолда комплекс даво чоралари амалга оширилади.

Бу дард билан оғриган беморлар доимо шифокорлар назоратида бўлишлари зарур. Шунингдек, улар парҳезга қаътий амал қилишлари керак.

Ушбу хасталикда парҳез овқатлар (5-стол) тавсия қилинади. Яъни, аччиқ, шўр, қовурилган ва қийин ҳазм бўладиган овқатларни истеъмол қилиш таъқиқланади. Спиртли ичимликлар ичиш умуман ман этилади. Чунки, спирт жигар ҳужайраларидаги тикланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатади ва патологик жараённинг янада чуқурлашишига сабаб бўлади.

Жигар тўқимасида шаклланган чандиқ ҳужайраларни даволашдан кўра, касалликнинг олдини олган афзал. Ҳар бир инсон ўз соғлиги ҳақида ўзи қайғуриши зарур. В гепатитга қарши эмланиш каби тадбирлар жигар циррози ривожланишининг олдини олади.

Аллаберган БАЙЖАНОВ,

Вирусология илмий текшириш институти катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: