ОНАЛАРГА ЯҚИН КЎМАКЧИ
Бола саломатлиги ота-она учун ҳамма нарсадан ҳам муҳимдир. Болалар касал вақтида жуда инжиқ, бетоқат бўлиб қоладилар. Шу омилларни инобатга олган ҳолда кундан кунга турли тана ҳароратини ўлчашга мосланган қурилмалар ихтиро этиб келинмоқда. Болаларнинг иситмалаган вақтида тана ҳароратини ўлчайдиган “Pacifi” сўрғичи ишлаб чиқилди.
Мазкур сўрғич бола ҳароратини ўлчаб, маълумотни онанинг смартфонига Bluetooth тизими орқали узатади. Ақлли сўрғич смартфон, планшет каби қурилмалар билан бирга ишлатилади. Шунингдек, унга касаллик даврида истеъмол қилаётган дорилар рўйхатини киритиш мумкин. Бу билан сўрғич дорининг бола ҳароратига таъсирини кузатиб боради.
Махсус дастур билан ишлайдиган сўрғич, онага дори ичиш вақти етганини эслатиши ҳамда оила шифокорига бола саломатлиги ҳақидаги маълумотни жўнатиши мумкин. Сўрғич ёрдамида она боласининг қайси хонада ўйнаб юрганини юқорида тилга олинган дастур орқали дарров билиб олиши мумкин. Шунингдек, унда товуш чиқарадиган махсус мослама ўрнатилган бўлиб, смартфон ёрдамида йўқолиб қолган сўрғични топиш мумкин.
Сарвар ИСҲОҚОВ