СИНДОРОВЛАРНИНГ ЯНГИ ЧЕМПИОНИ
Маълумки, Юртимизда болаларнинг таълим олишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 440-мактабгача таълим муассасасида ҳам тарбияланувчиларнинг зеҳнини янада ривожлантириш мақсадида “ақл гимнастикаси” дея эътироф этиладиган шахмат бўйича МТМлар ўртасида шаҳар биринчилиги ўтказилди.
Тошкент шаҳридаги МТМ тарбияланувчилари иштирок этган мазкур мусобақага шахмат мураббийи, “Шуҳрат” медали соҳиби Равшан Шукуров ҳакамлик қилди.
– Бундай мусобақалар болаларда ўзига бўлган ишончни орттириш билан бир қаторда, спортга нисбатан меҳрни янада шакллантиради, – дейди Шайхонтоҳур тумани 15-болалар ва ўсмирлар Олимпия спорт мактаби мураббийи Суннатилла Банёзов.
Мусобақаларнинг қизлар ўртасидаги баҳсларида 1-ўринни Юнусобод тумани 304-МТМ тарбияланувчиси Рофия Султонқулова эгаллаган бўлса, Шайхонтоҳур тумани 243-МТМ номидан иштирок этган Муяссар Мирзааҳмедова ва Олмазор тумани 20-МТМ шарафини ҳимоя қилган Заҳро Ортиқова 2-3 ўринларни қўлга киритди.
Ўғил болалар ўртасида ўтказилган баҳсларда эса жаҳон чемпионлари Жавоҳир ва Исломбек Синдоровларнинг укаси Сергели тумани 305-МТМ тарбияланувчиси 5 яшар Ҳумоюн Синдоров акаларининг изидан бориб чемпионликни қўлга киритди. Юнусобод тумани 424-МТМ тарбияланувчиси Азимжон Тулаев ҳамда Шайхонтоҳур тумани 243-МТМ тарбияланувчиси Алихон Авазхоновларга эса 2 ва 3 ўрин насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шаҳноза КАРИМОВА