Аёлнинг кўркам жозибаси

ёхуд сумбул сочлар сири

Аёлнинг нафосатидан баҳор андоза олади. Латофати, малоҳатини таърифлаб шоирлар қалам дурларини сочади. Айниқса, аёлнинг тундек қора, ҳуснига янада жозиба бағишловчи сочлари шарқираб оқаётган шалолага қиёсланади. Мумтоз адабиётимизга назар солсак сулувларнинг сумбул сочларини шоиру-адиблар гўзал ташбеҳлар билан тасвирлайдилар. Бундан кўриниб турибдики, соч нафақат ҳусн, балки, илҳом манбаи ҳамдир.

Болалигимда онам сочимга пилик қўшиб ўрар экан, “Жоним қизим, сочларингни яхши парвариш қил. Толаларини ерда қолдирмай, саранжом қилиб юргин. Сочнинг ҳам уволи бор”, дея майда ўрилган сочларимга дўппи қўндирарди. Бугунги кунда сочларнинг чиройига янада кўрк қўшиш мақсадида гўзаллик салонлари ҳам фаолият юритмоқдаки, бу аёлларимизнинг мушкулфларини осон қилмоқда. Узун сочларни парвариш қилиш ҳам анчагина масъулият талаб қиладиган юмуш бўлгани сабаб, айрим қизларимиз сочларини калта қилиб кестириб, турмаклаб олганлар. Баъзилар эса ташқи таъсир сабаб сочлари зарарланаётгани ва шу боис уларни кестиришга тўғри келаётгани ҳақида гапиради. Аммо узун сочлар барибир ўзига хослиги билан аёлга кўрк бағишлаб туради. Биз бу фикримиз билан калта қилиб кестирилган сочларни ёмонлашдан йироқмиз. Бироқ, статистик маълумотларга қараганда эркаклар кўпроқ узун сочли аёлларни маъқул кўришади.

Бугунги саҳифамизда узун сочларни парвариш қилишда оддий ва муҳим жиҳатларга эътибор қаратмоқчимиз. Бунинг учун узун сочларини парвариш қилиб келаётган қизлардан маслаҳатлар олдик.

Зарнигор РАВШАНОВА:

– Сочнинг мустаҳкам, сержило ўсиши учун аввало соғлом ҳаёт тарзига риоя қилиш керак. Етарлича тўйиб ухлаш, иммунитет ва асаб тизимини мустаҳкамлаш, организмда меланин моддаси етишмовчилигининг олдини олади. Организмда меланин ишлаб чиқарилиши камайганда соч толалари оқара бошлайди. Сут маҳсулотлари, гречка, гуруч, помидор, сабзи, апельсин, ёнғоқлар, ҳамда карам истеъмол қилишни канда қилманг. Шунда ҳар қандай кимёвий воситалар ёки ташқи тасирлар сабаб сочларингиз зарарланмайди. Иммун тизимингиз уларга қарши курашиш учун етарлича қувватга эга бўлади.

Баъзи аёллар соч турмаги яхши чиқиши учун сочларини ҳар куни ёки кунора ювишга одатланади. Бу нотўғри. Турмакларнинг кўнгилдагидек чиқиши сочингизнинг “итоаткор”лигига боғлиқ. Шу боис сочнинг қуруқ ва ёғлилигига қараб 3-4 кун ёки ҳафтада бир маротаба бош ювинг. Сочни чайишда мойчечак дамламасидан фойдалансангиз янада самарали бўлади. Икки кунда бир марта соч илдизини ёғоч тароқда тараб, енгил уқаласангиз бошда қон айланиши яхшиланади. Лак, мусс ёки гель каби сунъий кимёвий воситалардан имкон қадар фойдаланманг. Уларни тўй-ҳашам ёки бирор тантанали тадбирда ишлатиш мақсадга мувофиқдир.

Яна ўқинг:  МАСОФАВИЙ ВИДЕО МАСЛАҲАТ

Мутахассисларнинг фикрича, бошимизда 100 минг дона атрофида соч толаси бор. Шундан кунига 50-100 та тўкилиши меъёрий ҳолат ҳисобланар экан. Соч толалари бундан ортиқ тўкила бошласа, чора кўриш зарур.

Соч тўкилиши деярли барча аёлларнинг муаммоси. Шу сабаб турли воситалардан эмас табиий маҳсулотлардан фойдаланганингиз маъқул. Уй шароитида 2 дона тухум сариғига 2-3 та алоэ барги шарбатини аралаштириб, соч илдизига суртинг. Бошни целлофан пакет билан ўраб, 25 дақиқа қолдиринг. Сўнгра илиқ сувда сочларингизни чайиб ташланг. Ҳафтада икки марта майда ош тузига зайтун ёғи аралаштириб соч илдизига суриб турсангиз ҳам соч толалари мустаҳкамланади.

Зиёда АЗИЗОВА:

– Инсон ҳаёти давомида сочларнинг энг қалин ва мустаҳкам ҳолати одатда ўсмирлик даврида бўлади. Шу сабаб айнан ўша пайтда сочлар парваришига янада диққат қаратиш лозим. Уй шароитида сочларни табиий йўл билан парваришлашнинг кўплаб усуллари мавжуд.

Қуруқ ва жонсиз бўлиб қолган соч толаларини майонез ёрдамида тиклаш мумкин. Бунинг учун 2 ош қошиқ майонезни 1 ош қошиқ ўсимлик ёғи билан аралаштириб, соч илдизидан то узунлигига қадар суртинг. 30 дақиқадан сўнг уни илиқ сувда шампунь билан ювинг. Бу усулда соч илдизи мустаҳкамланади ва у кам тўкилади.

Тез ёғланадиган сочлар учун ҳам алоҳида парвариш зарур. Ҳафтасига 2-3 марта ювсангиз ҳам сочларингиз ёғланаверса, 1 ош қошиқ хамиртурушни озроқ қайнаган сувга аралаштиринг ва бир дона тухум оқини қўшинг. Ниқобни соч илдизига суриб, 20 дақиқадан сўнг уни илиқ сувда чайинг. Ёғли ва нормал сочларни фен билан, қуруқ сочни эса пахмоқ сочиқ билан қуритган маъқул.

10 дона лавр япроғини бир литр сувга солиб 20 дақиқа қайнатиб сўнг докадан ўтказиб олинг. Бу дамлама билан соч чайилса сочлар соғлом ва мустахкам бўлади.

Сочлар “гуллаши” ва тез тўкилишининг олдини олиш учун тайёрланадиган ниқобга уй шароитида унчалик кўп сарф-харажат талаб қилинмайди. 2 та тухумга 2 ош қошиқ асал қўшинг. Аралашмани сочларингизга ва бош терисига суртинг. 40 дақиқадан сўнг илиқ сувда шампунь билан ювинг.

Сочларингизнинг тез ўсишини истасангиз, аччиқ қалампирли тиндирмадан ҳам фойдаланиш мумкин. Уни дорихоналардан топасиз. Пахтани тиндирмада ҳўллаб, бош терисига суртинг. Сўнгра полиэтилен қалпоқча кийиб олинг. 10-15 дақиқадан сўнг бош терисида енгил ачишиш сезганингизда сочларингизни илиқ сувда ювинг. Тиндирмани сочингизга суртаётганда кўзларингизни эҳтиёт қилинг.

Яна ўқинг:  Шолғом

Бир дона ўртача катталикдаги пиёзни қирғичдан чиқаринг, 2 ош қошиқ асал қўшинг. Аралашмани сочларингизга суртинг, айниқса, соч учларига аҳамиятли бўлинг. Полиэтилен қалпоқча кийиб, пахмоқ тукли сочиқ билан бошингизни ўраб олинг. 20 дақиқадан сўнг сочларингизни ювинг ва лимон шарбати қўшилган сувда чайинг. Ниқобни ҳафтасига икки марта такрорлаб туринг.

Яна бир тавсия, сочларингиз ҳолатини билмоқчи бўлсангиз, тароғингиздаги соч толасини олиб, икки тарафга тортинг. Агар соч толаси чўзилишга мойил бўлса унинг соғлом эканини, агар акси бўлиб, тез узилса парваришга муҳтож эканини билдиради.

Бугунги тавсияларимиз сиз аёлларга маъқул бўлиб, сочларингизнинг жилоланишига, узун бўлиб ўсишига ёрдам берса кўзлаган мақсадимизга етган бўлардик. Сочларимизни яхшилаб парвариш қилсак, ярим ҳуснимиз узоқ йиллар ўз жилоси ва гўзаллигини йўқотмайди.

Дилдора МУРОДОВА

тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: