Ҳар дарднинг шифоси бор

йўғон ичак саратони касаллиги ва унинг давоcи хусусида

Тўғри ва йўғон ичак касалликлари аҳоли ўртасида кўп тарқалган хасталиклардан бири ҳисобланади. Охирги вақтларгача ичак касалликлари (бавосилдан бошлаб саратонгача) умумий жарроҳлар ва гастроэнтерологлар томонидан даволанар эди. Сўнги 20 йилликларда ҳолат ўзгариб, бу хасталикларга чалинган беморларни даволаш ишлари колопроктолог-мутахассислар томонидан амалга оширилмоқда. Бунинг сабаби тўғри ва йўғон ичакнинг анатомик тузилиши, унинг физиологияси, текшириш услубларининг ўзига хослиги ва уларнинг йилдан-йилга мураккаблашиб, такомиллашиб бораётганлигидир.

Ҳозирги кунда деярли ҳар бир поликлиникада колопроктолог хонаси мавжуд бўлиб, республикамизнинг деярли ҳар бир шаҳрида малакали мутахассислар – колопроктологлар фаолият юритмоқда.

Колопроктологга ўз вақтида мурожаат этиш, тўғри ва йўғон ичак касалликларини, асосан саратон касаллигининг олдини олиш ва даволашда муҳим аҳамиятга эга.

Тўғри ва йўғон ичак саратони ҳозирги кунда бу хасталиклар ичида энг кўп тарқалган. У меъда-ичак тизимидаги саратон касалликлари ичида меъда саратонидан кейин 2 – ўринда туради. Афсуски, республикамизда бу касалликлар билан оғриган беморлар хасталикнинг бошланғич даврларида эмас балки асоратланган, кечки босқичларида мутахассисларга мурожаат этишади.

Бунинг асосий сабабларидан бири кўпчилик фуқароларимизда ҳаддан ташқари уятчанлик ва андиша ҳиссининг устунлиги шунингдек, бу касаллик ҳақида маълумотнинг етишмаслигидир.

Тўғри ичак саратонини келтириб чиқарадиган сабаблар кўп. Лекин асосий сабаблардан бири қабзият, атроф-муҳитдаги салбий таъсирлар, озиқ-овқат таркиби ва ундаги канцероген(ракни келтириб чиқарувчи) моддалар, тўғри ва йўғон ичакнинг ҳар хил сурункали хасталиклари (колитлар) ва ирсий мойиллик ҳамдир.

Қабзият асосан ривожланган мамлакатлар аҳолиси касаллиги ҳисобланиб, тўғри ва йўғон ичак саратони касаллигини келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Чунки, қабзиятда қаттиқ нажас массалари йўғон ва тўғри ичакда унинг анатомик, физиологик хусусиятига кўра тўпланиб, тўғри ичакдан ахлатнинг чиқиши бузилиб, ҳожат вақтида анал (орқа чиқарув тешиги) канали деворининг шикастланишига, унинг сурункали хасталигига олиб келади. Қабзият асосан озиқ-овқат таркибида ҳайвон ёғи, оқсиллар миқдорининг кўплиги, шунинг билан бирга мева-сабзавот, ўсимлик маҳсулотларининг камлиги натижасида келиб чиқади. Ич қотиши(қабзият)ни даволаш, унинг олдини олиш, ичакнинг кўп хасталиклари, шунинг билан бирга саратоннинг олдини олиш демакдир.

Тадқиқотларга кўра вегетирианларнинг парҳез таомлари йўғон ва тўғри ичак ракининг олдини олар экан. Чунки, вегетирианлар умуман балиқ ва ҳайвон гўштлари, сут ва унинг маҳсулотларини ҳамда тухум истеъмол қилишмайди.

Яна ўқинг:  WI-FI ВА СМАРТФОНЛАР

Организмнинг оқсилларга бўлган эҳтиёжини улар дуккакли маҳсулотлардан тайёрланган таом ва салатлар ҳамда буғдой, жўхори, тариқ, сули, арпа каби донли маҳсулотлар ҳисобига қондиришади. Айниқса, гўшт маҳсулотларини кўп истеъмол қилувчи ҳамда сурункали ич қотиш (қабзият) хасталиги билан оғриб, ўз вақтида даволанмаган беморларда бу аъзолар саратони ривожланиш хавфи юқори бўлар экан.

Агар сизда тез-тез чарчаш, кўнгил айниши, озиш, ҳожат вақтида қон келиши, қабзият, камқонлик, анал соҳасида оғриқлар пайдо бўлса колопроктологга мурожаат этиш зарур.

Тўғри ва йўғон ичак саратони асосан 50 ёшдан ошган шахсларда учрайди. Шунинг учун шу ёшдан катта шахслар бир йилда 1 марта, ҳеч қандай шикоятлари бўлмаса ҳам колопроктологга мурожаат этишлари керак. Чунки, тўғри ва йўғон ичак касалликлари ҳеч қандай белгисиз бошланиб, анча вақт ўтиб асоратлари пайдо бўлганидан кейингина беморларда шикоятлар пайдо бўлади. Ўз вақтида кўрсатилган малакали хизмат саратон касаллигининг олдини олиш ва даволашнинг асосий омили ҳисобланади.

Тўғри ва йўғон ичак касалликларида таомномага эътибор бериш муҳим аҳамиятга эга. Агар бу беморлар стационар шароитда даво олаётган бўлишса махсус парҳез буюрилади. Беморларга бу ҳолатларда, айниқса, жарроҳлик усули билан даволанишга тайёрланаётган беморларнинг таомномасида қуйидагилар таъқиқланади. Яъни, нон маҳсулотлари, гўшт, мева ва сабзавотлар. Агар беморлар терапевтик усул билан даволанаётган бўлса рационда таъқиқланадиган маҳсулотлар қуйидагилар: қовурилган, ўткир зираворли таомлар, газли ва спиртли ичимликлар. Беморларга парҳез таомлар ва кам ёғли гўштлар (парранда гўшти, ёғсиз мол гўшти, қуён гўшти, балиқ), шунингдек, беморга мева ва сабзавотлар, ўсимлик ёғидан тайёрланган овқатлар тавсия қилинади.

Ёш болалар ва ўспиринларда тўғри ва йўғон ичак касалликлари бир мунча кам учрайди. Айниқса, саратоннинг бу тури аҳён-аҳёнда кузатилади. Ёшларда саратон касаллиги бир мунча жадал кечади. Шунинг учун уларда хасталикка эрта ташхис қўйиш алоҳида аҳамиятга эга. Бу ёшдаги хасталарга қўлланиладиган даволаш усуллари деярли катта ёшдаги беморларникидан фарқ қилмайди. Касалликка эрта ташхис қўйилса ва вақтида даволаш муолажалари ўтказилса беморлар тўлиқ тузалиб кетади.

Сулаймон АБДУЖАББОРОВ,

Республика Онкология илмий маркази колопроктология бўлими илмий раҳбари,

тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: