Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови очиқ ва ошкора руҳда ўтди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб борган халқаро ташкилотлар миссияларининг якуний матбуот анжуманлари бўлиб ўтди.

Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси кузатувчилари миссиясининг матбуот анжуманини миссия раҳбари, ассоциациянинг режалаштириш бўлими директори Ли Чжон Хи бошқарди.

29 март – куни миссия вакиллари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш ҳамда уларни санаб чиқиш жараёнини кузатгани таъкидланди. Миссия аъзоларининг фикрича сайлов юксак ташкилий даражада ўтди. Сайловчилар овоз беришда фаол иштирок этди, овозларни санаб чиқиш жараёни очиқ ва ошкора амалга оширилди.

 

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги кузатувчилари миссиясининг матбуот анжуманида МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – ижрочи котиби Сергей Лебедев миссиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларига бағишланган баёнотини ўқиб эшиттирди.

С.Лебедев Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилигига кейинги йилларда киритилган ўзгартишлар уни янада такомиллаштирганини таъкидлади. Бунда халқаро тажриба ва миллий манфаатлар уйғунлигини кўриш мумкин.

– Биз сайлов жараёнини эркин кузатишимиз учун барча шароит яратиб берилди, – деди Сергей Лебедев. – Сайлов комиссиялари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари билан учрашдик, фуқаролар, сиёсий партиялар кузатувчилари билан суҳбатлашдик. Шунингдек, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бўлиб, жойларда сайловга тайёргарлик ишлари билан танишдик, овоз бериш жараёнини кузатдик. Сайлов юксак савияда ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Сиёсий партиялар кузатувчилари ва халқаро экспертлар билан фикр алмашиб, сайлов очиқ ва ошкора ўтгани ҳақида якдил хулосага келдик.

 

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси матбуот анжуманини миссия раҳбари, ШҲТ Бош котиби Дмитрий Мезенцев бошқарди. У ташкилот кузатувчилари сайлов кампаниясининг бориши, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ижроси билан танишганини таъкидлади. Миссияга Президентликка номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари ҳақида тўлиқ ахборот тақдим этилди.

Миссия баёнотида Президентликка номзодларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятлар берилгани, сайлов кампанияси давомида сайловолди ташвиқотини олиб боришда қонунни бузиш ҳолатлари аниқланмагани қайд этилган.

Овоз бериш жараёни ва сайлов якунларини сарҳисоб қилишни холис баҳолаш мақсадида миссия участка сайлов комиссияларининг фаолияти билан ҳам танишди. 29 март куни миссия аъзолари Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри, Зангиота ва Қибрай туманларидаги тўқсондан ортиқ сайлов участкаларида бўлди. ШҲТ кузатувчилари овоз беришда фуқароларнинг фаоллиги юқори бўлганини таъкидлади.

Яна ўқинг:  Қадим юртнинг муҳташам дарвозаси

 

Ислом ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси ҳам Президент сайловини мониторинг қилиб борди. Матбуот анжуманида миссия раҳбари, ташкилотнинг сиёсий масалалар бўйича департаменти директори Али Аболҳассаний миссия вакиллари Марказий сайлов комиссиясида учрашувлар ўтказгани, округ ва участка сайлов комиссиялари фаолияти билан танишгани, сайловчилар билан суҳбатлашгани, овоз бериш жараёнини кузатганини таъкидлади.

– Сайлов ғоят юксак ташкилий даражада ўтди, – деди А.Аболҳассаний. – Сайлов миллий қонунчилик талаблари ва халқаро нормаларга тўла мос равишда, демократик тарзда, адолатли ўтди. Фуқароларнинг ушбу муҳим сиёсий воқеада фаол иштирок этгани бизда катта таассурот қолдирди. Биз борган ҳар бир сайлов участкаси сайловчилар билан гавжум эди. Айниқса, улар орасида сайловда илк бор иштирок этган йигит-қизларнинг кўплиги қувонарли ҳолдир. Ёшларнинг бундай сиёсий воқеага қизиқиши ва фуқаролик масъулияти ортиб бораётганини ҳис этдик.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: