Баҳор мактуби

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш аълочиси, адиба Гулчеҳра Жамиловага

Баҳор бизни ҳам соғиниб келади, мовий осмонда ҳаволаниб, шамоллар куйида тўлқинланиб, ёмғирлар тилида товланиб…Майсалар бўйидан, тупроқ ҳовуридан, куртаклар товушидан уйғонади тонг. Тонгда аёл қалбини кўраман, эшитаман. Унинг юлдуз кўзлари чарақлайди, йўллари ярақлайди, йиллар улғайиб боргани сари чўққилар ярқирайди. Чўққилар осмонга эш, булутларга елка тутади.

Не-не баҳорлар қолмади ортда… болалик баҳори, ёшлик баҳори, пойимизга эса кумуш баҳор сеп ёймоқда. Бу ҳам бир ҳикмат, бир марҳамат, бир саодатдир.

Гулчеҳранинг гул йиллари орзулар билан туғилди, туғилмоқда, туғилажак. У тиним билмас меҳнаткаш ва заҳматкаш ижодкор, қўли ширин пазанда, озода уй бекаси, гўзал фарзандлар онаси, севимли, садоқатли ёр…

Болалигида қўлидан китоб тушмади, бу ўқитувчи отасининг ўгитлари. Хаёлидан момоларининг айтмишлари, ривоятлари, аллалари, куйлари кетмайди. Бу онасидан қолган ҳайратлар. Буларни айтмаса бўлмас!

Ёшлик боғларида қаламга дўст тутинди, ундан айрилмади. Қалам сеҳрини оқ қоғозларга тўкди, кўнгли ёришди. Сатрлар сатрларга, мақолалар мақолаларга, ҳикоялар ҳикояларга, қиссалар қиссаларга уланди. Буни бедор тунлар билди, бунда кундузлар кулди.

Сувлар оқди, унга қўшилиб умр ҳам. Умрнинг зийнати не, деб ўйлади

у. Инсон ва ҳаёт! У одамларни яхши кўради, дўстларни қадрлайди. Ҳар бирида бир оламни кашф этади. Бу нимадан? Албатта, меҳрдан.

Бу унинг ажойиб хитоблари “Умр ҳикматлари”, “Қоядаги атиргул”, “Мовий барқут сири”, нашр этилажак “Ёруғ кун”да ўз аксини топди. Гулчеҳра гўзал адиба, тили равон ва жозибали. Воқеалар ривожи тўлқинли, дардлари қалқиб-қалқиб ўқувчи кўксига урилади. У қизлар, оналар, момолар қиёфаси, дунёсини ўзига хос талқинда ифодалайди. Улар шуниси билан қадрлики, яқинки, барчаси биз билан яшайди, ёнгинамизда нафас олади, бирга-бирга қадам ташлайди. Биз уларни баъзан кўриб кўрмаймиз, билиб билмаймиз, тинглаб тингламаймиз. Адиба бизга уларни кўклам гулларидай тутади, сувлар шивирида тинглайди, гўёки уларни аввалдан билгандек…

Гулчеҳра Жамилова Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида ўсиб улғайди. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олди. Матбуот соҳасида ҳалоллиги билан танилди. Хусусан, “Саодат” ва “Сиҳат – саломатлик” журналлари унинг учун мактабга айланди. Устозларни меҳрини қозонди. Юртимиз бўйлаб сафарларида кўрганлари, билганлари, ёзганлари. У ўзига хос ранг яратди, ўзига ўхшаб ёзди. Бундан устозлари ҳам, дўстлари ҳам қувонди.

Яна ўқинг:  УЙИМИЗДАГИ БАРОҚВОЙ

Гулчеҳра “Сиҳат-саломатлик” журналида 15 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Бу ерда тиббиётнинг улкан тилсимотларини илғади. Инсон саломатлигининг табиат, руҳият билан нақадар уйғунлиги, фалсафасини уқди. Журналхонларни ўлкамиз тиббиётига муносиб ҳисса қўшган, қўшаётган тиббиёт билимдонлари, фидойи шифокорлар фикрлари, кўрсатмалари, маслаҳатларини тўлақонли етказиш йўлида ҳамон изланишда. Ҳар бир муштарий саволлари жавобсиз қолмайди, янгидан янги муаллифлар журнал мундарижасини бойитмоқда.

– Тиббиёт сеҳрли олам, айни пайтда, табиий. У инсон ҳаётида бирламчи ўринни эгаллайди. Муҳими, энг аввало, ҳар биримиз ўз саломатлигимизга эътиборли бўлишимиз керак, дейди журнал бош муҳаррири ўринбосари Гулчеҳра Жамилова.

Қалдирғочлар қанотида баҳор хушхабарлари келмоқда. Дунёда юраги қуёшлилар бор эканки, эзгулик бардавомдир.

Ойгул СУЮНДИҚОВА,

шоира

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: