Оҳанглардан зиё улашиб

Ўзбек халқининг мусиқа маданияти кўп асрлик тарихга эга. Маълумотларга қараганда, юртимизда достончилик анъаналари милоддан аввалги VI-V асрлардаёқ кенг тараққий этган.

Манбаларда айтилишича, “бахши” сўзи “маърифатчи, зиё улашувчи” маъноларини англатади. Соддароқ қилиб айтганда, у қўшиқ ва достонларни ёддан куйловчи, айтувчи ва ўз маънавий меросини авлоддан авлодга етказувчи санъаткордир. Унинг ширали овози, дўмбирасидан таралаётган куй киши қалбини беихтиёр тўлқинлантиради, жунбушга келтиради. Дўмбира тилга кириб, овоз созга, соз овозга мойил бўлганда қалблар оҳанглар асирига айланади. Димоғимизга майсалар ифори қоришиқ тупроқ ҳиди урилади. Олис-олислардан отлар дупури эшитилгандек, чавандозлар қийқириғи оламни тутгандек бўлади. Мовий осмон, бепоён кенгликлар, шовуллаётган дарахтлар, қушлар чуғури дилларга завқ бағишлайди.

Бахшичилик камдан-кам халқларда учрайдиган нодир санъат турларидан саналади. Унинг асоси бўлмиш мунис оналаримиз айтган аллалар билан шууримизга синган эртагу достонлар қалбимизда Ватанга муҳаббат, меҳр-оқибат туйғуларини камолга етказади. Айниқса, фахру ғуруримизга айланган “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Рустамхон” каби минг йиллардан бери халқимиз хотирасида авайлаб келинаётган халқ достонлари бизга ўзлигимизни, қандай халқ фарзанди эканлигимизни эслатиб туради. Ана шу маънода халқ достончилигини кенг тарғиб қилиш, уларни ёши авлод қалбига сингдириб бориш ишларига Юртбошимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, достончилигимизнинг бебаҳо ёдгорлиги бўлмиш – “Алпомиш” достонининг минг йиллиги кенг нишонланди. Президентимиз фармонига мувофиқ 2000 йилнинг 14 март куни “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони таъсис этилди. “Агарки, халқимизнинг қадимий ва шонли тарихи туганмас бир достон бўлса, “Алпомиш” ана шу достоннинг шоҳ байтидир,” деб ёзади Президентимиз ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида.

Шу ўринда бахшичилик санъати асрлар давомида ўзга хос мактаб бўлиб шаклланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ўзбек бахшичилик мактаби узоқ тарихга бориб тақалади. Азалдан она заминимизда Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона бахшичилик мактаблари шаклланиб, сайқал топиб келган. Неча-неча йиллар давомида ўлмас достонларни куйлаб келган бахшилар эл орасида юксак қадр топган. Жумладан, ўз маҳорати ва фавқулодда ўта кучли хотираси билан эл орасида машҳур бўлган Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир Назар ўғли ва Пўлкан шоир каби бахшиларимиз бахшичиликни ҳақиқий санъат даражасига кўтарганлар. Айтишларича, Пўлкан шоир етмишдан ортиқ достонни ёддан билган. Шу ўринда ҳар бир достон икки-уч минг сатрдан то ўн-ўн беш, ҳатто йигирма минг мисрагача шеърни ўз ичига олишини ҳисобга олсак, халқ бахшиларининг салоҳияти ўз-ўзидан аён бўлади. Бугунги кунда бу йўлда ижод қилиб келаётган Ўзбекистон халқ бахшилари – Шоберди бахши Болтаев, Қора бахши Умиров, Шомурод бахши Тоғаев ва Қаландар бахши Норметовлар ҳам элимиз ардоғидаги ижодкорлардандир.

Яна ўқинг:  ФИРИБГАРЛАР ФОШ БЎЛДИ

– Бахшичилик менга бобомерос. Бобом Хўжам бахши Қашқадарё воҳасида донг таратган бахшилардан бўлган. Отам Умир бахши ҳам халқ достонларини айтиб, эл-юрт дуоси, олқишини олган. Мен ҳам ҳозирга қадар “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Авазхон”, “Кунтуғмиш” каби халқимизнинг севимли достонларини куйлаганимда, бутун вужудимда завқу шавқ жўш ураётганини сезаман. Халқимизнинг шонли ўтмишини юрак-юрагимдан ҳис этаман, – дейди ҳозирда етмиш ёшни қаршилаган Ўзбекистон халқ бахшиси Қора бахши Умиров. – Фарзандларим, набираларим ҳам ҳозирда бахшичилик сир-асрорларини ўрганмоқда. Бу йил улар сафига чеварам Диёрбекнинг қўшилганидан қувончим чексиз.

Ўзбек бахшичилик санъатини юқорида айтиб ўтганимиздек, беш йўналишга бўлиш мумкин. Булар Сурхондарё, Қашқадрё, Самарқанд, Фарғона ва Хоразм бахшичилик мактабларидир. Булардан дастлабки уч вилоят, яъни Сурхондаё, Қашқадарё ва Самарқанд бахшичилида асосан дўмбира жўрлигида ёпиқ, аниқроғи бўғиқ овозда куйланади. Достон ўрталарида эса очиқ овозда воқеалар ривожи айтиб борилади. Фарғона водийси бахшичилигида эса асосан ҳикоягўйлик (воқеаларни ҳикоя тарзида баён қилиш) устунлик қилади.

Хоразм бахшичилик мактабида бошқа ҳудудлардан фарқли ўлароқ жамоавий ижрочилик етакчилик қилади. Шунингдек, мусиқа оҳанглари ҳам турфа хилдир. Бу ҳудуд бахшилари фақат дўмбира билан эмас, балки дутор, ғижжак ва доира билан ҳам куйлашлари алоҳида аҳамиятга эга.

Сирасини айтганда, ўзбек бахшичилик санъати тарихи ва ривожи узоқ асрларга бориб тақалади. Ўтган давр мобайнида ота-боболаримиз уни ўлмас маданий мерос сифатида қадрлаб келишди ва шу орқали халқимиз тафаккуридаги инсонийлик, мардлик, ўз элига садоқат туйғуларини шакллантириб келишган. Шу сабабдан бахши ва оқинлар одамлар орасида маърифат ва эзгулик тарқатувчилар сифатида улуғланган. Президентимиз 1999 йил Термиз шаҳрида “Алпомиш” достони яратилганлигининг 1000 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирда айтиб ўтганидек, “Бахши-шоирлар ўз халқининг бийрон тилидир. Улар юртимизда доимо “бахшили эл – яхшили эл” деб улуғланган”.

Фарҳод ЭШМЎМИНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: