Булутларга ёндош осмон остида

Қадим замонларда Фарғона водийсининг атрофи тоғ билан ўралганлиги сабаб “Довон” юрти деб аташган. Ўзининг бой ва гўзал табиат, мўътадил иқлими билан кўпчиликнинг эътиборини тортган довон юртини эгаллашга уринишлар кўп кузатилган. Аммо у ерга ҳужум қилмоқчи бўлган душман туб аҳолининг жуда қаттиқ қаршилигига дуч келади. Атрофи тоғ билан ўралган ҳудудда довонликларнинг тоғдан тоғга моҳирлик билан ўтиб юришларини кўриб ўзини йўқотиб қўйган душман аскарлари тоғлар орасида саргардонликда қолиб ҳалок бўлган. Довонликларнинг оддий арқон “кўприк” ёрдамида у қоядан бунисига эпчиллик билан ўта олишлари ҳақида кўплаб афсоналар яралди… Улар тилдан тилга кўчиб узоқ узоқларга таралди… Шу тариқа Довон юртининг самовий тулпорлари сингари, ғайритабиий қобилиятга эга одамлари ҳақидаги хабарлар ҳам атрофга ёйилди… Бу эса четдан кириб келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг анчайин камайишига олиб келди. Бу бугун биз сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган дорбозликнинг ибтидоси эди.

Дастлаб жанг санъати сифатида вужудга келган дорбозлик бора-бора кўнгилочар томошага айланди.

Тоғ аскарлари бирон хавф туғилса олов ёқиб халқни хабардор қилишган. Мазкур жанг усули рақибларга қарши катта наф келтиргани сабаб, аскарлар ўртасида дорбозликни ўргатиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада мураббийлар пайдо бўлди. Уруш тугаб тинчлик ҳукм сурган даврларда дорбозлар халқ орасида арқонда юриб томоша кўрсатишган ва бора-бора бу дорбозлик санъатининг миллий халқ ўйинига айланишига сабаб бўлган.

Шу-шу авлоддан авлодга ўтиб келаётган дорбозлик санъати халқимиз орасида кенг оммалашди. Оилавий дорбозларнинг дор устида чаққон ҳаракатларини юрак ҳовучлаб кузатган одам улар маҳорати ва жасоратига тан бермай иложи йўқ.

Вақтлар силсиласида дорбозлик санъатига ҳам маълум бир вақт эътибор гўё сусайгандай эди. Шукрки, истиқлол шарофати билан кўплаб миллий қадриятларимиз сингари у ҳам ўз қадри ва қаддини тиклади.

Бугунги кунда юртимизда кўплаб дорбоз оилалари мавжуд. Улар байрам ва тантаналарда халқимизнинг кўнглини ҳушнуд этмоқда.

– Дорбозлик отадан болага ўтиб келаётган маданий меросларимиздан биридир, – дейди машҳур полвон Турсунали Мамажонов. – Қадим-қадимдан болани дорбозликка ўргатиш учун уни гўдаклигидан, энди “атак-чечак” қилиб юришни бошлаган вақтидан дор устига олиб чиқишган. Сабаби болада қўрқув ҳисси икки ёшдан шаклланади. Қўрқув нималигини билмай улғайган бола эса келажакда юксакда турган қиличнинг дамидай арқон устида эркин ҳаракатлана олади.

Яна ўқинг:  Шамолларни қувган варраклар

Дорбозлик спортнинг санъат даражасига чиққан туридир. Зеро, дорбознинг ҳаракатларини кузата туриб унда гимнастика, акробатика ва яна шунга ўхшаш кўплаб спорт турлари элементларини кўришингиз мумкин. Спорт тури сифатида боланинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилиш билан бир қаторда, дорбозлик халқ маданий мероси сифатида миллий қадриятларни қадрлаш, инсонларнинг кўнглини кўтариш сингари эзгу фазилатларни шакллантиради. Шунингдек, бу санъат тури болада соғлом турмуш тарзига ошно бўлиш тушунчасини ҳам уйғотадики, бу ўз-ўзидан уларнинг саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Наврўз сайллари давомида ҳар бир гўшада халқ ўйинлари уюштирилади. Булар орасида дорбозларнинг чиқишлари томошабин қалбида ўзгача завқ уйғотади. Шу сабабдан дорбозликка, дорбозга нисбатан халқнинг меҳри ўзгача. Томоша вақтида дор устидаги ҳаракатлардан ташқари халқ ўйинларининг қадимий турларидан морбозлик (илон ўйнатиш), симбозлик, масхарабозлик, ҳуққабозлик, сангбозлик, ёғоч оёқ ўйинлари, кўзбойлоғичнинг чиқишлари ҳам намойиш этилади. Бу эса ўз-ўзидан йиғилганларнинг кайфиятини кўтаради, уларга ҳақиқий байрамона шукуҳ тақдим этади.

Истиқлол йилларида миллий қадриятларимизни тиклашга катта эътибор қаратилди. Наврўз байрамининг миллий айём сифатида нишонланиши эса шубҳасиз, байрам билан боғлиқ кўплаб халқ маданий-маърифий меросининг яна оммалашишига замин яратди. Ҳар йили ҳукуматимиз томонидан ўтказиладиган Наврўз байрами тантаналари дастуридан халқ қўшиқлари, ўйинлари, топишмоқ, лапар, ўлан, айтишувларнинг ҳам мунтазам ўрин олаётгани сўзимизнинг тасдиғидир.

– Наврўз сайли бошланишини интиқлик билан кутяпмиз, – дейди Зиёҳиддин Ҳусанов. – Набираларим сумалак, ҳалим, кўк сомса ва яна кўплаб баҳорий таомларни истеъмол қилиш билан бирга, байрам томошаларига чиқишни алоҳида интизорлик билан кутади. Дорбозлар кўрсатадиган томошалар уларда айрича таассурот қолдиради. Набираларимнинг Наврўз тарихи, дорбозлик тарихи ҳақидаги саволларига жавоб топиш асносида халқимиз тарихини ўрганишаётгани, қалбида миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурмат туйғусининг шаклланиб бораётганини сезаман.

Дорбозлик санъати дунёнинг турли бурчакларида мавжуд бўлиб, ҳар бири ўзига хослиги билан ажралиб туради.

– Дунёда дорбозлик санъатига эга бўлган халқлар кўп, – дейди Турсунали Мамажонов. – Аммо ўзбек дорбозчилиги уларнинг ҳеч бирига ўхшамайди. Биздаги дорларнинг баландлиги 12 метрни, узунлиги 4 метрни ташкил этади ва бу дунёдаги энг баланд дор ҳисобланади. Турли чет давлатларга гастрол сафарлари билан борганимизда хорижликларнинг санъатимизга, тарихимизга, юртимиз ҳақида билишга бўлган қизиқишларини кўриб ўзбеклигимдан янаям фахрланиб кетаман.

Яна ўқинг:  “Эндиликда вирусли хасталикларга қарши вакциналар ўзимизда ишлаб чиқарилади”

Бобосининг тарбиясини олиб улғаяётган йигитлар келажакда ўз тарихини, ўтмишини унутмайдиган, қадриятларини қадрлайдиган ва энг асосийси ўзбек спорт санъатини дунёга танитишда улкан ҳисса қўшадиган инсон бўлиб вояга етишларига шубҳа йўқ. Юртимизда фаолият юритаётган 32 та дорбоз оиласининг сафи йилдан йилга кенгайиб бориши, қадимги, аммо қадрли санъатнинг келажаги порлоқлигидан далолат бериб турибди.

Фарҳод ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: