ЎЗ ВАҚТИДА ҚЎЙИЛГАН ТАШХИС УМРНИ УЗАЙТИРАДИ

Онкологияда кимётерапиянинг аҳамияти

Онкологик касалликлар ички ва ташқи омиллар таъсирида, нормал ҳужайранинг тузилиши ва фаолияти ўзгариб, ўсма ҳужайрасига айланиши ҳамда ривожланиши сабабли келиб чиқади. Беморларни даволашда жарроҳлик, нур терапия ва кимётерапия усуллари қўлланилади. Кимётерапия дориларни ўсма ҳужайраларининг бўлиниб кўпайиши ва ўсмани ўсишига қарши мақсадда қўллаш усули ҳисобланади.

Кимётерапия кўпинча операция ва нур терапияси билан биргаликда қўшма ва комлекс даво режасида, радикал(тўлиқ тузатиш – ўсмадан халос этиш) ва паллиатив(ўсмани ҳосиласини камайтириш) мақсадда қўлланади. Бу сўзни эшитган кўпчилик беморларда хавотирланиш, қўрқув, тушкунлик, даводан бош тортиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Сабаби беморлар ва уларнинг яқинларида кимётерапия ва онкология тушунчасига нисбатан табиблар, баъзи мутахассис бўлмаган маслаҳатчилардан олинган нотўғри маълумотларга кўра салбий муносабат шаклланган. Уларда даволанган беморлар кейинчалик клиникага оғир аҳволда келишади. Баъзида махсус терапияни ўтказиб бўлмайдиган аҳволда уларни шифохонага ётқизишга тўғри келади.

Тиббиёт тарихида биринчи кимёвий дори воситаси 1950 йилларда хорионэпителиомани даволашда ишлатилган. Ҳозирда ҳам ушбу дори воситаси сабабли онкологик беморларнинг ярмидан кўпида тузалиш ҳолатлари кузатилмокда. Онкологларнинг халқаро анжуманларидаги 75 фоиз маърузалар ҳозирда кимётерапияга бағишланган. Кимётерапиянинг асосий мақсади ўсмани тўлиқ даволаш, беморларни умрини узайтириш, соғлиғини тиклашдан иборат.

Даволашнинг бу усулини моно ва поликимётерапия шаклида ўтказиш мумкин. Монокимётерапия – битта кимёвий дори воситаси билан даволаш. Поликимётерапия – бир нечта кимёвий дори воситаларининг бирга ёки гормонал дори воситаси билан ҳамкорликда қўлланилишидир. Неоадъювант (операциядан олдин) кимётерапия ўсма ўлчамларини кичрайтириш ва операция жараёнини енгиллаштириш мақсадида ўтказилади. Адъювант (операциядан кейин) кимётерапия қолиб кетган ўсма ҳужайраларини (субклиник ўчоқларни) бартараф қилиш, ўсма қайталанишини ва унинг илдиз отиши (метастаз бериши)нинг олдини олиш мақсадида ўтказилади.

Ўсмага қарши дори воситалари ҳар бир беморга алоҳида ёндошилган ҳолда ўсманинг хусусиятлари ва беморни аҳволини эътиборга олган ҳолда тавсия этилади. Ҳозирги кунда кўп замонавий кимёвий дори воситалари билан даволаш усуллари мавжуд. Самарали натижага эришиш учун кимётерапия тартиби муҳим аҳамиятга эга. Кимётерапия курсларининг оралиқ вақти уч-тўрт ҳафтадан иборат бўлади. Даволаш оралиғидаги вақт беморнинг ўзига келиши ва кучга тўлиши, кимётерапия туфайли зарарланган соғлом ҳужайраларнинг тикланиши учун ҳам зарур. Кимётерапия касалликни узоқ муддатга тўхтатиб ва уни назорат қилиб, бемор соғлиғини тиклаб, оғриқ ҳамда бошқа белгиларни бартараф қилса самарали деб ҳисобланади. Ўсмага қарши дори воситалари ўсма ҳужайрасига салбий таъсири қилишидан ташқари организмдаги нормал тўқималарга ҳам таъсир этади. Мисол учун, суяк кўмиги, меъда-ичак тизими шиллиқ қавати ва соч фолликуласига, лекин булар маълум дозаларда ўсма ҳужайраларига кўпроқ таъсирини ҳисобга олиб буюрилади.

Яна ўқинг:  РЕЙНО КАСАЛЛИГИ

Бутун дунё онкологларининг тажрибаси шуни кўрсатадики бугунги кунда хавфли ўсмалар орасида лимфомалар барвақт аниқланса кимётерапия ва нур терапияси ёрдамида хасталик ўчоғининг кўп қисмини тўлиқ даволаса бўлади. Хасталикнинг тарқалган босқичларида ва бошқа солид(ички аъзолар хавфли саратони) ўсмаларда ва кимётерапиядан сўнг ўн-ўн беш йил ремиссияга (касалликнинг қайта хуруж қилмаслиги) эришилган ҳолатлар бўлган. Беморлар ўз оиласи бағрига ва иш фаолиятига қайтиб, олдинги ҳаётини давом эттириб, кейинчалик оила қуриб фарзандлар кўриш имкониятига ҳам эга бўлишади.

Бугунги кунда мустақиллик шарофати билан ҳукуматимизнинг тиббиётнинг бошқа соҳалари қатори онкология соҳасига ҳам эътибори янада кучайган. Республика Онкология илмий маркази клиникаси ва ҳудудлардаги онкологик диспансерлар керакли замонавий кимёвий дори воситалари билан етарли даражада таъминланган. Ҳозирги кунда ўсма хасталикларини дори воситалари билан даволашда энг илғор ва замонавий усуллар, яъни моноклонал антителодан иборат дори воситалари ҳам қўлланилмоқда. Ачинарлиси шундаки, баъзи бир беморлар хавфли ўсмани турини аниқлаш ва даволаш мақсадида кўплаб молиявий зарарлар кўриб мусофирчилик азобларига учраб хориждаги онкологик клиникаларга мурожаат қилишади. Лекин Республика Онкология илмий марказида ушбу дардга тўғри ташхис қўйиш ва даволаш учун ҳамма шарт-шароитлар мавжуд.

РОИМ (Республика Онкология илмий маркази) кимётерапия бўлимининг шу соҳадаги фаолиятининг тажрибасига асосан нафақат хавфли лимфомалар, балки бошқа ўсмаларда ҳам дори-дармон билан даволашда юқори самараларга эришиш мумкин. Бўлим энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда билимдон ва ўз касбининг етук мутахассислари ҳамда кўп йиллик тажрибага эга шифокорлар фаолият юритишмоқда.

Дониёр ПЎЛАТОВ,

Республика Онкология илмий маркази “Кимётерапия” бўлими илмий раҳбари,

тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: