ЦИТРУС МЕВАЛАР – ДАРМОНДОРИЛАР ХАЗИНАСИ

Қиш фасли бошланиши билан дастурхонимизни бирин-кетин цитрус мевалари эгаллай бошлайди. Хўш, бундай меваларнинг фойдали хусусиятларидан хабардормисиз?

Ватани Ҳиндистон бўлган мангони ҳиндлар “мевалар қироли” деб номлашади. Мангонинг мағзи серсув бўлиб, унинг таркиби оқсил, углевод, бириктирувчи тўқималар, D, C, A, B гуруҳи витаминларига жуда бой. Шунингдек, унинг таркибида кальций, фосфор, темир, калий, пектин, сахароза каби муҳим элементлар ҳам мавжуд. Мазкур мевада А витамини кўп миқдорда учрагани сабаб ундан кўз ўткирлигини яхшилашда қўлланилади. Ундан ташқари мевани доимий истеъмол қилиш иммунитетни оширади.

Кокос меваси В гуруҳига кирувчи барча витаминларни, С, оқсил, углевод, ёғ, шакар, микроэлемент (кальций, калий, фосфор) лардан таркиб топган. Кокос ёғида кўп миқдорда лаурин кислотаси бор. У эса қондаги холестерин миқдорини камайтиришга ёрдам беради. Шу сабабли уни тропик мамлакатларда “минг дардга даво дарахт” деб номлашган. Кокос жуда мазали ва фойдали мева. У иммунитетни оширади. Микробларга қарши курашади, яллиғланишга қарши доривор восита саналади. Унинг сувидан иситмани туширишда фойдаланилади.

Киви Хитойда кўпроқ ўсади. Оғирлиги 50 граммдан 150 граммгача бўлган кивининг кўп қисмини сув ташкил қилади. Унинг таркибида оқсил, ёғ, углевод, никотин кислотаси, моно-дисахарид учрайди. Мазкур мева энг яхши ҳазм қилдирувчи хусусиятга эга. Ундан таом тайёрлашда ҳам кенг фойдаланилади. Айниқса, у гўштли кабобларни маринадлашда жуда қўл келади.

Мандариннинг оловранги киши кайфиятини кўтаради. Бу мева таркибидаги витаминлар инсон организми учун фойдали бўлиб, инфекцияларга қарши курашда иммунитетни кўтаради. Шунингдек, озиш учун парҳез тутишда унинг тўқ қизғиш тусли “Марокаш” номли, анорга ўхшаш “киндик”ли нави самарали натижа кўрсатади.

Банан – бу мева таркибида оқсиллар, углеводлар, ёғ, шакар (16 фоизга яқин глюкоза, фруктоза ва сахароза), А, В, С витаминлари, рибофлавин ва муҳим микроэлементлар мавжуд. Банан кайфиятни кўтаради, инсон организмидаги ҳужайраларни янгиловчи ўзига хос хусусиятга эга. Мева таркибида допамин, серотонин каби физиологик фаол моддалар мавжуд бўлиб, улар меъда-ичак тизими яра касалликларида, жигар, буйрак, юрак-қон томир тизими касалликларида самарали натижа кўрсатади. Аммо қони қуюқ беморларга бу мева тавсия этилмайди.

Инсон организмининг бир кеча-кундузлик калий ва магнийга бўлган талабини бир дона банан истеъмол қилиш билан қондириш мумкин. Доимий спорт билан шуғулланувчи спортчилар доим мазкур мевадан истеъмол қилишади. Чунки, у томирлар тортишишига йўл қўймайди. Ҳар куни банан истеъмол қилиш миокард инфарктининг олдини олади.

Яна ўқинг:  Mустақиллик майдонида янги йил тантаналари давом этмоқда

Лимон – хитой тилидан таржима қилинганда “лимунг” яъни, “оналар учун фойдали” деган маънони англатади. Ушбу мева таркибида ишқор моддаси 8 фоиз, шакар ва минерал моддалар 3 фоизгача, калий тузи ва А, В, С витаминлари (90-100 мг) мавжуд. Меванинг пўсти ва баргидан эфир мойи ажратиб олинади. Лимон ревматизм(бод), грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар), ангина(бодомча безларининг яллиғланиши), бронхит, уйқусизлик, сариқ касали (гепатит) ва яна кўпгина касалликларда истеъмол қилинади.

Ананас – меваси нозик таъмли ва хушбўй бўлганлигидан уни асосан десерт сифатида тановул қилинади. Унинг таркиби витаминларга бой. Ананасни тромбоз(қон томирларида тиқилма пайдо бўлиши) ва тромбофлебит(вена қон томирлари яллиғланиши ва қон қуйилиши натижасида уларда қон лахтасининг тиқилиб қолиши) касалликларини олдини олиш мақсадида, доимий истеъмол қилиш тавсия этилади. Мазкур мева гипертония (хафақон), юрак ва буйрак касалликларида ҳам яхши самара беради. Мутахассисларнинг фикрича ананас доимий равишда истеъмол қилинса суяк, мушак касалликлари ҳамда остеопороз (суяклар мўртлиги) касаллигининг олди сезиларли даражада олинади. Энг муҳими ушбу мева иқтисод соҳаси ва дастурлаш билан шуғулланувчи касб эгалари учун муҳим, яъни у хотирани мустаҳкамлаш хусусиятига эга.

Авокадо – у юқоридаги мевалар каби юртимизда унчалик оммалашмаган. Бу мева катта нок шаклида бўлиб, оғирлиги 100 граммдан 1 килограммгача келади. Унинг таркибидаги ёғ 14 фоизни ташкил қилади. Авокадо углевод, оқсил, В гуруҳ витаминларига бой. Ундан ташқари бу мева таркибида кальций, калий, фосфор, магний, темир учрайди. Ортиқча вазнни йўқотишда, қондаги холестерин миқдорини камайтиришда ушбу мевадан фойдаланилади.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: