ХУШ ЗИЙНАТИ КЎП НОМАДУРУР УМР…

“Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутаффакири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”.

Ислом КАРИМОВ

Алишер Навоий асарларида акс этган инсонийликка чорловчи юксак ғоялар асрлар давомида авлодларни тарбиялаш, руҳий покликка эришиш йўлида беминнат хизмат қилиб келмоқда. Шоир асарлари замон ва макон чегараларидан ғолиб келган, унинг битикларида ҳар қандай ҳолат ва муаммо учун аниқ ечимлар, фалсафий концепциялар мужассам. Донишманд адибнинг бир байт ва, ҳатто, бир сўз замирига улкан маъноларни сингдириб юбориш салоҳияти доимо бизни ҳайратлантираверади.

Ҳақиқатни, эҳтимол, ҳар бир инсон айтишга ҳақли. Аммо гап ҳақиқатни қандай ифода билан, қай йўсинда баён қилишдадир. Қалам аҳлининг истеъдоди қайси сўзни қай ўринда қўллай билишида намоён бўлади. Ҳазрат Алишер Навоий асарларининг умрбоқийлик сири ҳам айнан шундадир, десак янглишмаймиз. Мутафаккир ижодкорнинг ўзига хос бўлган, мустаҳкам ифода услубини ўзида акс эттирган байтларнинг ич-ичидан порлаб турадиган нур, тасвирлаб бўлмайдиган сеҳр бизни ўзига ажиб жозибаси билан тортаверади, жалб қилаверади.

Алишер Навоий ўз асарларида, аввало, чинакам инсон бўлиб яшаш керак, қалбни тоза, шаффоф сақлаш лозим, Ҳақ ҳузурига ёруғ юз билан бориш шарт деган қарашларни илгари суради. Бу унинг энг кичик жанр ҳисобланган фардларидан бошлаб катта-катта достонларининг асл мазмун-моҳиятини ташкил этади.

Шоирнинг наздида умр инсон учун берилган энг қимматли ҳадя. Яшашнинг ўзи баҳолаб бўлмайдиган неъмат. У меҳнат қилиб топиладиган мол-дунё ҳам, барча ҳаракатлар ҳам умрнинг безаги бўлишини, инсонлар ўртасидаги меҳру муҳаббат ришталарини мустаҳкамлаш учун хизмат қилишини истайди:

Молдин умрунгға осойиш агар етмас не суд,

Нуҳ умрин ҳосил этсанг, ганжи Қорун қозғаниб.

Яъни, йиғган мол-дунёнгдан сенга тинчлик келмаса, Нуҳ (а.с.) нинг минг йиллик умрича яшаб, Қорун каби хазина йиққанингдан нима фойда!

Шоир айтмоқчики, яшашдан мақсад ҳаётнинг қадрини англаш, инсониятга фойда келтириш. Агар шундай бўлмаса, узоқ яшаш, чексиз мол-дунёдан мутлақо фойда йўқ.

Алишер Навоий умрнинг безаги поклик, вафо, меҳр-муҳаббат эканлигини алоҳида эътибор билан таъкидлаган:

Хуш зийнати кўп номадурур умр, ва лекин

Тавқиъи вафодин анга унвон керак эрди.

Яъни, умр чиройли безалган нома – китоб кабидир, лекин унга поклик, вафо деган унвон керак эди. Аён бўлмоқдаки, шоир тўғрилик ва садоқатни умр китобининг номи бўлишини истайди.

Яна ўқинг:  МАҲОРАТ МАКТАБИ ёш таржимонларни кашф этмоқда

Алишер Навоий инсонлар ҳаётидаги осойишталик, ҳаловат сири уларнинг ўзаро келишиб яшашларида, ўзаро ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, урмгузаронлик қилишларида деб ҳисоблайди.

Шоирнинг фикрича, ҳар бир инсоннинг ҳаётда, жамиятда ўз ўрни бор. Кимнингдир ўрни қуйироқда, кимнингдир ўрни юқорироқда бўлиши мумкин. Жамиятдаги мувозанат асоси – ҳар ким ўз ўрни ва қадрини билишидадир. Агар кимдир ўзининг даражаси баланд эмаслигини сезса, ана шу мақом учун интилсин. Ўзидан юқоридагиларга ҳасад қилмасин. Ёшлар ёшлигини ҳис этсин, шунга муносиб ҳаракат қилсин – ғайратли бўлсин, сира чарчамасин, ўзидан катталарни ҳурматласин. Кексалар ҳам ўз қадрини билсинлар – вазминлик, сокинлик, ростгўйликни ўзларига мезон тутсинлар, шаънларига тўғри келмайдиган ишлардан ўзларини тортсинлар. Алишер Навоийнинг бу фикрлари “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги адаб билан боғлиқ мақолатда батафсил акс этган. Мазкур мақолатда, хусусан, қуйидаги байтни ўқиймиз:

Кимки улуғроқ анга хизмат керак,

Улки кичикроқ анга шафқат керак.

Яъни, кимки улуғ бўлса, ёши ҳам, даражаси ҳам бошқалардан баланд экан, у кишига хизмат қилиш керак, кичиклар – ёшларга эса шафқат, меҳр-муҳаббат кўрсатиш шарт. Демак, ёшларнинг бурчи – ёши улуғларга хизмат қилиш, ёши улуғларнинг вазифаси – ёшларга меҳр ва ғамўрлик билан йўл кўрсатишдир.

Шоир асарларида авлодлар ўртасидаги муносабатларнинг ўта нозик эканлигига алоҳида диққат қаратилган. Чунки, бу мураккаб масала. Биламизки, айни пайтда Ғарб оламида авлодлар ўртасидаги бўшлиқ (generation gap) деган тушунча бор. Бу, ҳатто, истилоҳ даражасига чиқиб қолган. Биз бу ҳодисани инсонийлик чегараларининг бузилиши, юксак қадриятларнинг поймол бўлиши деб баҳолаган бўлардик. Чунки, ёш ва кекса авлод ўртасида пайдо бўладиган бўшлиқ, икки авлоднинг бир-биридан қочиши, ўзаро мулоқот қила олмаслиги катта фожиаларга олиб келади. Бунга йўл қўймаслик учун эса ёшлар ҳам, кексалар ҳам, ҳазрат Навоий айтганидек, ўз ўрни ва қадрини яхши билиши керак.

Кекса инсоннинг таъби нозиклашиб боради. Ёши улуғ кишига беэътиборлик қилиб бўлмайди. Чунки, йиллар, ҳаёт синовлари, қисмат имтиҳонлари ҳар қандай кишини толиқтириши, уни меҳр-муҳаббатга ташна қилиб қўйиши табиий ҳолатдир. Демак, ёш авлод шуни ҳисобга олиши керак. Катталар билан ўта мулоҳаза билан, одоб билан мулоқотда бўлиш, уларни уринтириб қўймаслик лозим. Нуронийларнинг кўнглига оғир ботадиган хатти-ҳаракатларни қилмаслик, ножоиз сўзларни сўзламаслик даркор. Ана шунда авлодлар ўртасида бўшлиқ юзага келмайди, одамлар ўзини ёлғизланиб қолган деб ҳис этмайди. Бу қарашлар ҳазрат Навоийда қуйидагича ифода этилган:

Яна ўқинг:  Ozod yurt

Қарилар хотири нозукдур, эй тифл,

Шикастидин қилиб ваҳм, ўлма густоҳ:

Унуттунгмуки, атфол ўйнағанда,

Синар оз майл кўргандин қуруқ шох.

Яъни, эй бола (ёш), қариларнинг – ёши улуғларнинг хотири, қалби нозикдир, уларнинг шикастланишидан қўрқиб, беодоблик қилиб қўйма. Унутдингми, болалар ўйнаганда қуруқ шох озгина эътибор кўргани учун синиб қолади.

Биламизки, қуриган шох сал тегиб кетсангиз, синиб қолади. Навоий айтмоқчики, кекса киши худди шу қуруқ шохга ўхшайди. Сен уларни безовта қилиб қўймай деб, беэътибор бўлма, ёлғиз қолдирма. Чунки, қуруқ шох ҳам болалар қўлида салга (кам эътибор кўргани учун) синиб қолади.

Диққат қилсак, шоир қуруқ шох, атфол (болалар) каби образлар, синиш каби тасвир ёрдамида кексаларнинг руҳияти, уларнинг ўта нозик бўлишини таъсирчан шаклда ифода этиб беряпти. Яъни, ҳар қандай шароитда ҳам ёши улуғларни йўқлаб туриш керак, меҳру муҳаббатимизни улардан дариғ тутмаслигимиз лозим. Бу чинакам инсонийлик намунасидир.

Умуман олганда Алишер Навоий инсонларни ўзаро бирлашишга, дўстлашишга, тушунишга чорлайди. Юқорида саналган бошқа ва яна айнан шу жиҳатлар учун биз ҳазрат Навоий асарларига қайта-қайта мурожаат қилаверамиз, унга эҳтиёж сезаверамиз.

Дилнавоз ЮСУПОВА,

филология фанлари номзоди,

ЎзМУ доценти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: