УЧ КАРРА ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ

сурхондарёлик Нозимбек бир йилнинг ўзида шу номга муносиб бўлди

Ҳеч бир соҳа давлатни спортчалик дунёга танита олмайди, – дея, Юртбошимиз бежиз айтмаганлар. Ушбу фикрлар нечоғли тўғри экани бугун ўз исботини топиб келмоқда. Айни пайтда мамлакатимизда спортга катта эътибор қаратилиб, қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Натижада кўпгина ёшлар давлатимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтармоқда. Ана шундай музаффар ёшлардан бири Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида истиқомат қилаётган Нозимбек Умаровдир.

Нозимбек Умаров 9 ёшида “Шўрчидон маҳсулотлари” ҳиссадорлик жамияти қошидаги спортнинг қўл жанги тўгарагига қатнаша бошлади. Машғулотларга қатнаётганига 40 кун бўлгач, вилоят биринчилигини қўлга киритди. Бу унинг илк ғалабаси эди.

Икки йил ўтиб тумандаги тай-бокс клубига қатнай бошлаган Нозимбек шарқ якка курашига қизиқди ва шу спорт тури сирларини ўрганишга киришди. Ёш спортчимиз туман ва вилоятда ўз тенгдошлари орасида комбат-айкидо бўйича биринчиликни бермай келмоқда. Ўтган йили ҳамдўстлик давлатлари ёшлари ўртасида Тошкентда ўтказилган Осиё очиқ чемпионатида иштирок этиб, 30 килограмм вазн тоифасидаги спортчилар ўртасида олтин медаль соҳибига айланди. 2014 йилнинг 16-19 май кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтган карате бўйича республика чемпионатида ўзининг чаққонлиги ва маҳоратини намоён этиб, барча рақибларини катта устунлик билан енгди. Сўнгра Самарқанд шаҳрида карате бўйича ўтказилган республика мусобақасида кескин беллашувларда шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.

Нозимбекка Таиландга бориш учун йўлланмани қўлга киритиш осон кечмади, албатта. Ўтган йилнинг март ойида тай-бокс ватани Таиландда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 30 килограммлик иштирокчилар баҳсида ғолиб бўлди. Ярим финалда 30 сонияда, финалда 20 сонияда рақибини накаут ҳолатига келтириб, олтин медаль билан юртимизга қайтди.

2014 йилнинг 11-13 июль кунлари АҚШнинг Флорида штати, Орлондо шаҳрида комбат-айкидо спорт турининг лайт-контакт ва фулл-контакт йўналишлари бўйича иштирок этди. 6 нафар рақибини енгиб, 2 та олтин медалга муносиб дея топилган Нозимбек иккинчи бор жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлди.

У ўз устида тинмай ишлайди. Спорт билан мунтазам шуғулланиши натижаси ўлароқ, 9 карра Ўзбекистон чемпиони, икки бор жаҳон чемпиони бўлди. Ушбу номга муносиб эканини исботлаш мақсадида 2014 йилнинг 30 октябридан 2 ноябрига қадар Италия давлатида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига отланди. Мазкур мусобақанинг финалида англиялик рақибидан устунликка эришган Нозимбек Умаровнинг учинчи бор жаҳон чемпиони бўлганлиги эълон қилинди.

Яна ўқинг:  500 МИЛЛИОН СЎМГА ЯҚИН МАБЛАҒ ЭВАЗИГА

– Юрт шаънини ҳимоя қилиб, Ўзбекистон номидан рингга чиқишнинг ўзи мен учун катта шараф ва фахр, – дейди Нозимбекнинг ўзи билан суҳбатда.

Сайёра АЛЛАЕВА,

Сурхондарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: