ДEҲҚОН ВА ШEР
Жалолиддин Румий (1207-1273) Балх шаҳрида туғилиб ўсди. Уни баъзан Жалолиддин Балхий деб ҳам аташади.
Румий шеъриятнинг барча шаклларида мукаммал ижод қилди. У битган ғазаллар, рубоийлар ва маснавийлар шеърият бўстонининг дурдонасига айланган. Румий асарларида ташбеҳларга ўралган фалсафий, сўфиёна, теран ғояларга кенг ўрин берилган.
***
Бир куни тунда шер деҳқоннинг оғилхонасига кириб, сигирини ебди-да, ўша ернинг ўзида дам олгани чўзилибди. Деҳқон эса тунда уйғониб, шамни ҳам ёқмасдан сигиридан хабар олиш учун оғилхонага йўл олибди. У оғилхонага кирибди-да, пайпасланиб шернинг елкасини силабди. Шунда шернинг хаёлидан шундай сўзлар ўтибди: “Эҳ, икки оёқли нодон-а! У мени сигир деб ўйлади. Кундуз куни бўлганда мени кўриб, танамга қўл теккизиш уёқда турсин, қўрққанидан ўтакаси ёриларди!”
Эй доно одам, сен энг аввало нарсаларнинг моҳиятини бил, уларнинг алдамчи шаклига ишонма!
* * *
Кўзгуда ҳамма нарса тескари кўринади. Аммо биз кўзгусиз ўзимизни ҳеч қачон кўролмаган бўлардик.
* * *
Сен менга сўз ожиз, дединг. Агар ўзингни ҳақ деб билсанг, у ҳолда сўзнинг ожизлиги ҳақидаги сўзларинг ҳам ожиздир.
* * *
Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил.
* * *
Эзгуликдан бир қалъа барпо айлангким, маҳкамликда анга ҳеч нарса тенг бўлолмас.
* * *
Бу олам бир бору бир йўқ. Аста-аста кетганлар – йўқ, аста-аста келгувчилар бор.
* * *
Ай, ғунча! Ўзликни намоён этмоқни ўргат!