Қорбобо
(ҳикоя)
Қалин қор ёғиб, борлиқ ажиб тусга кирди. Ариқлардан шивирлаб оқаётган зилол сувлар бағрини, совуқ тафти билан муз қоплади. Атрофда болажонларнинг шўх-шодон қийқириғи эшитилар, уларнинг завқланиб қор-бўрон ўйнаётганини кўрган киши яна қайтиб жажжи болакайга айланиб қолгиси келарди.
Мана шундай кунларда, катта опамнинг ҳам болалигига қайтгиси келиб қолди чоғи мени тортқилай-тортқилай “Қорбобо” ясаймиз дея ҳовлига олиб чиқди. Биз тезда қорларни уюм-уюм қилиб тўплаганимизча ишга киришиб кетдик. “Қорбобо”ни шундай иштиёқ билан ясаётганимиздан қўлқопларимиз ҳўл бўлиб кетганини ҳам сезмай қолибмиз. Қўлларимиз совқотаётгани боис уларни ечиб яна чала қолган “Қорбобо”ни ясашга тушдик. Уни битиргач опам:
– Гули юр уйга, бироз исиниб олиб сўнгра “Қорбобо”ни томоша қилгани яна чиқамиз, – деди совуқдан “дир-дир” титраб. Опам иккимиз уйга кириб исинганимизча ухлаб қолибмиз. Тушимда биз ясаган “Қорбобо” алланималарни бизга тушунтирмоқчидай “ҳа” деб қўли билан ёнига имлармиш. Бир вақт шовқиндан уйғониб кетдим. Дераза ёнига келиб ташқарига қарасам акам қўшни болалар билан ясаган “Қорбобо”мизни бузиб қорбўрон ўйнаётган экан. Югуриб чиқиб:
– Нима қилиб қўйдинглар? Ахир уни опам билан қийналиб ясаган эдик, деганимча йиғлаб юбордим. Акам ва дўстлари ерга боққанича бир зум жим қолишди. Кеч кириб ҳамма уй-уйига кетди. Эрталаб туриб ҳовлига чиқсам ҳовли ўртасида кечагидан ҳам чиройли “Қорбобо” пайдо бўлибди. Қувонганимдан югуриб унинг олдига бордим ва бор овозим билан опа, опажон дея чақира бошладим. Югуриб келган Ойгул опам гап нимада эканлигини тушунди чоғи секингина ахир улар ўғил болада, деб қўйди.
Гулёра МАҲКАМОВА,
Фарғона вилояти