Умрлар бўладики, мангуликка тирикдир
“ДАДА, МЕНИ ДУО ҚИЛИНГ…”
Эрта тонгдан она Ўзбекистонимизнинг жасур ҳимоячиси бўлган “Жасорат” медали соҳиби марҳум сержант Эломон Отажонов яшаган хонадон томон йўл олдик. Машинада кетаяпмиз. Қиш фасли бўлишига қарамай атрофда баҳор ҳавоси ҳукмрон. Машина ойнасидан тушаётган қуёшнинг заррин нурлари танага хуш ёқади. Узоқдан оппоқ қорга бурканган улуғвор тоғлар кўзга ташланади. Ана, йўл четларида майсалар ниш ура бошлабди. Қаранг, улар ҳам ҳаётни севади, яшашга ошуфта. Лекин афсус, қишнинг бир куни ҳам қиш. Ҳали олдинда қаҳратон кунлар борлигини ўйлаб, майсаларнинг бевақт ташрифидан маҳзун тортдим…
Сержант Эломон Отажонов ҳам ҳаётни севарди. У айни навқирон ёшда ҳаётдан кўз юмди. Ўшанда 22 ёшда эди. Унинг ҳам қалби орзу-умидларга лиммо-лим эди…
Мана, Эломон туғилиб ўсган қишлоқ. Мана, унинг қанчадан-қанча шўхликларига гувоҳ бўлган қадрдон кўча. Унга бугун Эломон Отажонов кўчаси деб ном берилган. Мана, у камол топган хонадон… Ораста ҳовли. Ҳовлида ул-бул юмуш билан куймаланиб юрган Холмурод ака билан Янглиш опа истиқболимизга чиқди. Ичкари кирдик. Ҳол-аҳвол сўраганимиздан сўнг суҳбат ўз-ўзидан Эломон Отажоновнинг болалик ва ёшлик йиллари, у билан боғлиқ хотираларга уланди.
– Эломон туғилганда унга нима деб исм қўйсак экан, деб кекса тоғамдан маслаҳат сўраганмиз. Ўзбекчиликда таомил шунақа: чақалоққа ёши улуғ инсонлар исм қўйиб беришади. Шунда тоғам узоқ ўйланиб туриб, “чақалоқнинг исми Эломон бўлсин”, деганлар, – дейди Холмурод ака. – Бу исмни эшитиб, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар “шунақа исм ҳам бор эканми?” деб ҳайрон бўлишган. Уларга “Эломон – эл омонлиги учун хизмат қилсин дегани. Ҳали у катта бўлса, ўз номига муносиб йигит бўлади”, деганман кулиб…
Эломон жуда оғир-босиқ, мулоҳазали эди. Ҳеч қачон кўнглимизни оғритадиган, ранжитадиган иш қилмаган. У ўғилларим ичида энг каттаси бўлгани учунми, унга меҳрим бўлакча эди. Бирор ишни қилишдан олдин мен билан маслаҳатлашарди, мендан йўл-йўриқ оларди. Эломон то муддатли ҳарбий хизматга кетгунга қадар мен ва онасига кўмакчи бўлди. Далада биз билан ёнма-ён ишлади. Мактабда ҳам яхши ўқиган. Устозларидан у ҳақда фақат яхши гап эшитардик… Кейин муддатли ҳарбий хизматга кетди. Орадан бироз вақт ўтгандан сўнг ҳарбий қасамёд қабул қилгани ҳақида фахрланиб хат ёзди. Биз ҳам яхши хабар эшитганимиздан хурсанд бўлдик. У тез-тез хат ёзиб турарди. Биз кун санаб, унинг уйга қайтишини кутиб юрган кунларимизнинг бирида Эломондан яна хат олдик. Унда “дада, шартнома бўйича хизматни давом эттирмоқчиман. Қарорим қатъий. Мени дуо қилинг”, деган жумлалар бор эди. Мен ҳам бу қарорини қувватладим… Орадан икки йил ўтиб, ўша машъум воқеа содир бўлди… Ўшанда 2000 йилнинг август ойи эди… Туғилган кунига бир ой қолганди… Сафдошлари ўғлимнинг қаҳрамонларча ҳалок бўлганини айтишди… Эломонжон ўз исмига муносиб эл омонлиги, тинчлиги йўлида жонини қурбон қилди… Орадан қанча вақт ўтди. Вақтни ҳар нарсага даво дейдилар. Балки шундайдир. Лекин у кўнгилдаги фарзанд доғини юволмайди. Оиламизда бирор кун йўқки, Эломонжоннинг номи, ёди тилга олинмаган. Менга бир нарса таскин беради: фарзандимиз тарбиямизни оқлади, қисқа умр кўрса-да, лекин ортидан яхши ном қолдириб кетди…
Холмурод ака бир нуқтага тикилганча жим қолди. Унинг хаёлидан шу топда нималар кечаётганини мунгли қиёфасидан, титраётган лабларидан ҳам билиш мумкин. Ҳа, фарзандидан жудо бўлиш ота-она учун қанчалик оғир. Бу доғ йиллар ўтса-да, қалбни ўртайверади. Орага ноқулай жимлик чўкди. Бундай вазиятда тасалли беришга сўз тополмайсан, киши. Стол устидаги суратни қўлимга олиб, унда акс этган ҳарбий кийимдаги хушсурат йигит қиёфасига тикилдим…
“ОРЗУЛАРИ УШАЛМАЙ ҚОЛДИ”
– Эломонжоннинг тўйига деб сарполар йиққандим, – дейди Янглиш опа. У гапираяпти-ю кўзларидан “дувиллаб” ёш тўкилаяпти. – Охирги марта хизмат таътилига келганида унга “Эломонжон бўлди энди, сени ҳам уйлантирайлик. Қара, сен тенги ўртоқларинг уйланиб, бола-чақали бўлди”, десам у кулиб мени қучди-да: “Она, ҳали уйланишга улгураман. Мен олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кирмоқчиман. Кейин орқа томонимиздаги уйни сотиб оламиз, кейин бу ёнимиздаги уйни сотиб оламиз. Кейин уйланаман. Мана шу уйларда уч ака-ука ёнма-ён яшаймиз”, деганди. Бу унинг орзуси эди. Эломон опа-укаларига, синглисига, қариндош-уруғларга, дўстларига жуда меҳрибон эди. Хизмат таътилига келса, уйдагилар билан ҳол-аҳвол сўрашиб бўлиб, дарров қариндош-уруғларимизникига йўл оларди. Шу билан ярим тунда қайтиб келарди. Бир гал “Эломонжон, сен бизни кўришга келганмисан ё бошқаларними?” дедим жаҳлим чиқиб. Онаман-да, фарзандимнинг кўпроқ ёнимда бўлишини, у билан кўпроқ суҳбатлашишни, дийдорига тўйишни истардим. У эса “Она, мен ҳаммани соғинганман. Қишлоқда кам бўламан. Шунинг учун таътил вақтида таниш-билишлардан хабар олиб қўяй, дейман-да. Яна улар мени оқибатсиз бўлиб кетибди, дейишмасин”, деганди. Ўшанда хижолат бўлиб қолганман… Охирги марта келганида дадасига “мен хизмат сафарига кетаяпман. Сизлар билан хабарлашолмаслигим мумкин”, деган экан. Шундан кейинги воқеаларни эслагим келмайди… Унинг хатларини яқингача сақлаб юрдим… Уни ҳар доим соғинаман. У билан тўйиб-тўйиб суҳбатлашгим келади. Унинг ҳеч қачон кўз ўнгимдан кетмайдиган порлоқ кўзларини, қоп-қора сочларини, ўша мудҳиш куни янада кўркам тортган жонсиз вужудини, ҳатто ўлим ҳам ҳусн бўлиб тушган чеҳрасини ёдга олганимда кўксим, димоғим жизиллаб ачишади. Ўйлаб ўйимга ета олмайман, бу бевақт келган қирон менга тақдирнинг кечириб бўлмас хатосидек туюлади, вужудим чексиз изтиробдан ўртанади, томоғимни аччиқ алам ва қаҳр куйдиради… Орадан ўн тўрт йил ўтди. Ўн тўрт йил ичида бу бағрикенг дунёга кимлар келиб, кимлар кетмади. Лекин қалбимни биргина армон ўртайди. Эломонимнинг сўнгги сўзларини эшита олмадим…
АКА ИЗИДАН
…2000 йилнинг ёзи. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскар Юсуф Отажоновга “Аканг оғир аҳволда госпиталга тушибди. Тез етиб боришинг керак”, деган хабар етказилди. Қўрқув ва таҳликада уйга етиб келган Юсуф бутунлай бошқа ҳолнинг гувоҳи бўлади: суянчиғи, доим у билан фахрланиб юрадиган меҳрибон акаси ҳаётдан кўз юмибди! Уни сўнгги манзилга кузатиш учун ҳовли-ю кўчага тумонат одам йиғилган. Уканинг фарёди оламни тутди… Унга ўзига келиб олиш учун муҳлат беришди. Лекин акасининг маъракасини ўтказган ука эртасигаёқ йўл тадоригини кўра бошлади. Савол назари билан тикилган ота-онасига: “Мен муддатли ҳарбий хизматни давом эттираман. Кейин эса олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кираман”, деди-ю, йўлга отланди. Ҳа, у акасини яхши кўрарди. Акасининг орзуси олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш эканлигини биларди. Бу истак ўзида ҳам бор эди. Акасининг ўлими қалбидаги мана шу истакни қатъий мақсадга айлантирди. У муддатли ҳарбий хизматни тамомлаганидан сўнг Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ўқишга киради.
– Акам мен учун бебаҳо инсон эди ва шундай бўлиб қолади, – дейди майор Юсуф Отажонов. – Акамда йигит киши ўрганиши керак бўлган жиҳатлар, фазилатлар кўп эди. У ҳақда қишлоқдошларимиз ҳам, мактабдаги устозларимиз ҳам фақат яхши гап айтарди. Балки яхши инсонларнинг умри қисқа бўлади, деганлари ростдир… Акамнинг номи, ёди доим қалбимизда. Мен мана шундай жасур инсоннинг укаси эканлигимдан фахрланаман…
ХОТИРА – МУҚАДДАС
Сержант Эломон Отажонов Шароф Рашидов номидаги 2-умумтаълим мактабида таҳсил олган. Бугун ушбу таълим масканида унинг хотирасига бағишлаб бурчак ташкил қилинган. Унда қаҳрамоннинг суратлари, унга тегишли буюмлар ўрин олган. Шунингдек, мактабда Эломон Отажонов хотирасига бағишланган спорт мусобақалари, турнирлар тез-тез ўтказилиб турилади. Ўқитувчилар ўқувчи-ёшларга унинг мардлигини, жасоратини ўрнак қилиб кўрсатишади, унингдек юртни севишга, Ватан тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидек асрашга ундашади.
– Ўғлимнинг номини абадийлаштириш мақсадида мактабда хотира бурчаги ташкил қилинганида жуда хурсанд бўлганман, – дейди Холмурод ака. – Юрт учун, Ватан учун қилинган хизмат ҳеч қачон изсиз кетмас экан. Эломонжоннинг хизматдош дўстлари тез-тез келиб туришади. Улар ҳар келганда албатта, мактабда ташкил қилинган хотира бурчагини зиёрат қилиб кетишади. Мактабда ўғлимнинг хотирасига бағишлаб спорт мусобақалари ўтказилаётгани ҳақида эшитаяпман. Қишлоғимизда келажагини ҳарбий соҳа билан боғлаётган ёшлар сони кўпаймоқда. Бу ҳам мени қувонтиради. Чунки, ўғлимнинг ҳаёт йўли ёшларга ибрат бўлаётганини дилдан ҳис қиламан.
Ҳа, яхши инсонлар хотираси ҳеч қачон ёддан кўтарилмайди. Айниқса, юрт учун, Ватан тинчлиги учун ҳаётини бахшида қилган мардлар номи абадийдир. Улар миллатимизнинг фахри, ифтихоридир. Токи тирик эканмиз, юртнинг мана шундай фидойи фарзандлари номини доим ёдга олиб, уларнинг руҳини шод қилайлик, кўнгилларимизни поклайлик. Мана шундай эзгу амаллар ҳар биримизнинг ҳаётимиз мазмунига айлансин.
Катта лейтенант
Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА