ЯХШИЛАР КЎМАГИ БИЛАН
Бухоролик 5 ёшли Зайнуранинг саломатлиги тикланди
– Сен Янги йилда нима совға олишни хоҳлайсан, – боладан сўрайди Қорбобо.
– Шоколад, ширинликлар ва кўп ўйинчоқларим бўлишини хоҳлайман, – жавоб
беради бола ва қўшимча қилади, – энг асосийси дадам қайтиб келишини истайман.
– Даданг узоқдами?, – савол беради Қорбобо.
– Ҳммм…
Оилавий бағри бутунлик, тинч ва тотув, осойишта турмуш кечириш маҳзун қиёфадаги болакайнинг митти юрагида улкан орзу эканини англайсиз. Фильмда акс этган кичик лавҳа томошабинни ҳаёт ҳақида мушоҳада юритишга ундайди.
Бу кичкинтойнинг отасига бўлган меҳри, соғинчининг тасвиридир. Аммо ота-онанинг фарзандига изҳор қилажак меҳрини тасвирлаш мушкул.
Бола – ҳаёт қувончи, бахтнинг дояси. У бор хонадон чароғон, соҳиблари қалби эса ширин орзу-ўйларга камарбаста бўлади. Фарзанди дардга чалиниб қолса-чи? Кўзига олам тор кўринади. Дилбандининг оғир хасталикка чалиниб, мурғак вужудини қамраб олган оғриқлар билан курашаётганини жим кузатиб туриш, иложсизлик ва ожизлик исканжасида кун кўришнинг ўзи бўладими?!
Бухоро шаҳрида истиқомат қилаётган айни пайтда ўттиз уч ёшни қаршилаган иккинчи гуруҳ ногирони Ҳамид Шокиров ва унинг рафиқаси, Замира Абдуллаева қизи Зайнура туғилганида беҳад қувонганди. Унинг келажаги ҳақида ширин орзулар, ниятлар қилганди. Бироқ, гўдак олти ойлик бўлганида шифокорлар уни оғир хасталик – юрак нуқсони билан туғилганини айтишди. Бир лаҳзада ёш ота-онанинг кўзларига дунё қоронғу бўлди. Эр-хотиннинг олдида бир савол турарди: Энди нима қиламиз? Қизчанинг аҳволи кун сайин оғирлашиб борар, оила аъзоларининг дарди эса ортгандан ортарди. “Чиқмаган жондан умид”, деганларидек, Зайнуранинг бобоси Ҳаким Шокиров “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бухоро вилоят филиалига мурожааат қилди. 2013 йил фонднинг ҳомийлиги билан қизалоқ юрак соҳасида жарроҳлик операциясини бошдан кечирди. Аҳволи бироз ўнгланди. 2014 йил – Соғлом бола йили муносабати билан Корея Республикасидан ташриф буюрган бир гуруҳ тажрибали шифокорлар Зайнурани яна тиббий кўрикдан ўтказди. Сўнгра “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг кўмаги билан у Украинага даволаниш учун юборилди.
Набираси билан Киевдаги Кардиология марказига йўл олган Ҳаким аканинг кўнглида бир истак бор эди: “Илоҳим, набирам тузалиб кетсин. Ота-онасининг олдига ўз оёғи билан юриб борсин”.
Украинада Зайнура обдон тиббий текширувдан ўтди. Шифокорлар даво муолажаларини қўллади. Ҳаким аканинг эса кўнгли безовта…
Ўйга толасан, жонажон халқимиз каби фарзанди учун жонини ҳам фидо қилишга унинг соғлиғи, бахтиёр яшаши учун бор имкониятини ишга солишга тайёр эл бормикан?!
– Шифокорлар набирамни операция қилишини айтишганда юрагимда оғриқ пайдо бўлди, – дейди Зайнуранинг бобоси. – Эндигина беш ёшни қаршилаган мурғак вужуд кўзим олдида яшаш учун курашга чоғланганди. Унинг кўзларидаги илинж, ҳаётга бўлган муҳаббатни илғаб олиш қийин эмасди. Энг муҳими, у фарзандимнинг ёлғизгина жигаргўшаси, овунчоғи. Шуларни ўйларканман, кўзимдан ёш шашқатор оқар, набирамдан юзимни беркитиб “ҳўнг-ҳўнг” йиғлар эдим. Зайнура эса ота-онасини соғинганини, қачон уйга қайтишини сўрашдан тўхтамасди. Уни операцияга олиб кириб кетганидаги ҳолатимни сўз билан тасвирлаб беролмайман. Шифокорлар набирамнинг юраги уришдан тўхтаб қолганини айтганда, кўзимнинг олди қоронғулашиб, қулоғим битиб қолди. Шу туришда ҳушимдан кетибман. Кўзимни очсам шифокорлар юрак хуружини ўтказганимни айтишди. Хаёлим эса набирамда эди. Мўъжиза рўй бериб Зайнуранинг юраги яна ура бошлабди. У шифокорларнинг кўмаги билан ҳаётга қайтди. Тўққиз ярим соат давом этган операцияда юрагига биостимулятор ўрнатилди. Ҳозир саломатлиги яхши, соғлом болалардан қолишмайди. Мен нафақада, ўғлим иккинчи гуруҳ ногирони, келиним уй бекаси. Агар Президентимиз раҳнамолигида юртимизда болаларнинг саломатлигига шу даражада эътибор қаратилмаганида, билмадим, ҳозир набирамнинг тақдири нима бўларди?! Оиламиз қувончи – фарзандимизнинг саломатлиги тикланишида биз каби қайғурган, беминнат хизмат кўрсатган ҳукуматимиз ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди жамоасига миннатдорлик изҳор этаман…
Байрам арафасида Украинадан Она юртимизга қайтган Зайнурахонни суҳбатга тортамиз:
– Янги йил байрамида Қорбобони кутяпсанми, ундан нима сўрайсан?
– Мен ундан кўп ширинликлар, ўйинчоқлар сўрайман, – қувноқлик билан жавоб беради у ва қўшимча қилади, – энг асосийси, ота-онам, бобом ҳеч қачон йиғламасин!..
Баҳодир ҲAЛИМОВ,
“Sog‘lom avlod” мухбири