ШИРИНЛИК ЕСАМ МАЙЛИМИ?

Сиз ширинликларни жуда яхши кўрасиз, фарзандингизни айтмасак ҳам бўлади. Байрам кунлари эса шоколад ва турли қандолат маҳсулотларига бўлган ишқибозлигингиз янада кучаяди. Балки олдинлари камроқ истеъмол қилгандирсиз, аммо энди кўтаринки кайфиятда қандайдир бир куч сизни уларга тортади. Албатта, ширинликлар истеъмол қилишни бутунлай инкор этиб ҳам бўлмайди. Чунки уларда организмнинг тўғри фаолият юритиши учун жуда зарур бўлган углеводлар бор. Бироқ ширинликка ҳаддан ортиқ ружу қўйишнинг оқибати асло яхшиликка олиб келмайди.

Кейинги йилларда олимлар ширинликнинг зарари борасида янгидан янги маълумотларни аниқлаб, эълон қилишмоқда. Хўш, ширинликнинг зарари нималарда намоён бўлади?

Америкалик олимлар айнан ширинликнинг ҳаддан ортиқ истеъмол қилиниши ҳам саратон хасталигини келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришмоқда. Зеро, ширинлик кўп истеъмол қилинганда меъда ости бези кучли тартибда инсулин ишлаб чиқара бошлайди. Бу эса ичакда шишлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин экан. Олимлар бир неча минг аёлни текширувдан ўтказганларидан кейингина бундай хулосага келишган.

Гарвард университети мутахассисларининг олиб борган тадқиқотлари натижасида ширинликни ҳаддан ортиқ миқдорда истеъмол қилиш организмнинг тестостерон ва эстроген ишлаб чиқаришига салбий таъсир кўрсатиши аниқланди. Маълум бўлишича, қанд жигар ишлаб чиқараётган липидлар даражасини оширади.

Германиялик мутахассисларнинг аниқлашларига кўра глюкоза инсон умрини ўртача 25 фоизга қисқартирар экан (бу тахминан 18 йилга тенг). Немис олимларининг ушбу хулосаларини Калифорниядаги Салка биологик тадқиқотлар институти мутахассислари ҳам тасдиқлашди.

Шифокорларнинг таъкидлашича, ширинлик кўп истеъмол қилган ҳомиладор аёллар организмидаги углеводнинг кўпайиб кетиши болаларда аллергик реакциялар пайдо бўлишига олиб келади. Бу эса чақалоқларнинг асаб тизими касалланиши хавфини бир неча баробарга кучайтиради.

Бундан кўриниб турибдики, ширинликни хуш кўрувчилар меъёрга амал қилишсагина кўзлаган мақсадига эришиши мумкин. Аммо доно халқимизнинг “асалнинг ҳам ози ширин” деганларидек ҳар қандай шоколад ҳам фойдали эмас, унинг қоп-қора аччиқ тури таркибида мавжуд бўлган антиоксидантлари туфайли (айниқса – полифенол), бу маҳсулот эркин радикалларнинг таъсиридан томирларни ҳимоя қилади. Бундан ташқари, шоколадга какаодан келиб тушган флавоноидлар, қон айланишининг бузилиши билан боғлиқ бўлган касалликларга олиб келувчи, қондаги тромбларни эритиб қон айланишини яхшилайди. Шоколадларнинг бошқа хиллари эса витамин ва минерал моддалардан озод этилган қувват манбаи. Лекин жигарранг дорини ортиқча истеъмол қилиш мумкин эмас, чунки у қандли диабетни келтириб чиқариши ва оқибатда эса семизлик касалининг юзага келиши эҳтимоли бор. Шоколаднинг хавфсиз дозаси – кунига 25 грамм истеъмол қилиш тавсия этилади.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2014/52)

Хўш, ширинликдан ўзини тиёлмайдиганлар учун қандай маслаҳат бериш мумкин? Энг асосийси – меъёрни сақланг! Чунки юқорида санаб ўтилган хасталикларнинг ҳаммаси фақат ширинликни ҳаддан ортиқ истеъмол қилганингизда пайдо бўлиши мумкин.

Агар шунда ҳам ширинликдан кўнгил узолмасангиз, парҳезшунос диетологлар маслаҳатига қулоқ тутинг:

– шакар ўрнига асал ва қуруқ мевалар истеъмол қилинг;

– таомларингиздаги глюкоза миқдорини камайтиринг, табиий меваларни кўпроқ истеъмол қилинг;

– чойни шакар қўшмасдан ичишга уриниб кўринг;

– газли ширин ичимликлар ўрнига минерал сувдан фойдаланинг.

Сарвар ОЧИЛОВ тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: