Мақом – асрлар оша бардавом

Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати ўзининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди.

Асрлар давомида улуғ шоир ва олимлар, моҳир бастакорлар, ҳофиз ва созандаларнинг машаққатли меҳнати ва фидойилиги, ижодий тафаккури билан сайқал топиб келаётган ушбу ноёб санъат нафақат юртимиз ва Шарқ мамлакатларида, балки дунё миқёсида ҳам катта шуҳрат ва эътибор қозонган.

“Устоз-шогирд” анъаналари асосида асрлар давомида яшаб келаётган халқимизнинг маданий мероси, халқ тафаккури маҳсули бўлган мақом йўналиши ёш хонанда Қувончбек Дўстмуродов ижодида ҳам муҳим ўринга эга.

Болалигидан мусиқа санъатига ўзгача ихлос билан улғайган Қувончбек дастлаб мусиқа коллежида, сўнг Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг мусиқали драма актёрлиги бўлимида таҳсил олди. Талабалик даврида Қувончбекка устозлари томонидан юксак ишонч билдирилди. Бунинг натижаси ўлароқ, у кўплаб, тадбирлар ва танловларда фаол иштирок этди. Хусусан, 2011 йил ўтказилган “Энг яхши ижрочи талаба”, “Энг яхши овоз соҳиби” кўрик-танловларининг ғолибига айланди. Умидли ҳофиз бу ютуқлар билан тўхтаб қолмади. Олий ўқув юртини тугаллаш арафасида, аниқроғи, 2013 йил Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти талабаларининг “Ижодкор ёшлар” фестивалида “Йилнинг энг яхши қўшиқчи йигити” номинацияси бўйича биринчиликка сазавор бўлди. Худди ўша йили ўтказилган “Ягонасан, муқаддас Ватан” республика кўрик-танловида ҳам муносиб иштирок этди.

Ҳозирда Қувончбек Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли яккахон хонандаси сифатида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Инсоннинг ўзи танлаган соҳасида эришган ҳар бир ютуғида устознинг ўрни беқиёс. Ўзбек миллий ашула ва қўшиқчилик санъати, Фарғона-Тошкент йўналишидаги мақомларни ўзлаштиришимда устозим Ўзбекистон халқ ҳофизи Бекназар Дўстмуродовнинг ҳиссаси катта, – дейди суҳбатдошимиз. – Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори биз каби соҳа ижодкорлари кўнглини тоғдек кўтарди. Зеро, халқимиз ва навқирон авлод маънавиятини юксалтириш, улар қалбида миллий мумтоз куй ва ашулаларга меҳр уйғотишда мақом санъати муҳим ўрин тутади.

Умидли ҳофиз давлат тадбирларида, халқ концерт ва байрамларида фаол иштирок этиб келмоқда. Яқинда “Истиқлол” санъат саройида ўтказилган “Мақом кечаси” дастурида рост мақомидан “Наврўзи-сабо” (Огаҳий ғазали) ашуласини Суннатилла Юнусов билан биргаликда ижро этиб, мухлислар эътирофига сазовор бўлди.

Яна ўқинг:  Баҳор мактуби

Маънавиятимиз, маданиятимиз, хусусан, мақом санъатини ривожлантириш йўлида ўзининг ёрқин ижоди билан меҳнат қилиб келаётган ёш ҳофиз Қувончбекка келажакдаги ишларида зафарлар ёр бўлишини тилаймиз.

Хуршида ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: