ГЎЗАЛЛИК ВА НАФОСАТ БАЙРАМИ

Пойтахтимиздаги бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар республика ихтисослашган олимпия захиралари спорт мактабида хотин-қизлар ўртасида “Гимнастика барча учун” анъанавий мусобақаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Республика гимнастика федерацияси ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси каби қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 160 нафардан зиёд иштирокчи ғолиблик учун баҳслашди.

Мусобақа иштирокчилари орасида гимнастрада билан мунтазам шуғулланаётган спортчилар билан бирга мактаб ўқувчилари, уй бекалари, корхона ва ташкилотлар ходимлари ҳам борлиги мамлакатимизда спорт аҳолининг барча қатлами ўртасида кенг оммалашаётганидан далолатдир.

Мусобақада жамоалар тайёрлаган композициялар ижро маҳорати, рақс ва гимнастика элементларини бажариш қобилияти бўйича баҳоланди.

Наманган вилоятининг “Фантазия” жамоаси биринчи, Навоий вилоятининг “Қизилқум гавҳари” ҳамда Самарқанд вилоятининг “Самарқанд юлдузи” жамоалари учинчи ўринни эгалладилар.

Турли номинациялар бўйича ҳам ғолиб жамоалар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

БЕШИНЧИ БОРА

Филиппин пойтахти Манила шаҳрида Осиё футбол конфедерацияси ташкил этилганининг 60 йиллигига бағишлаб ўтказилган маросимда жорий йилги футбол мавсумининг турли номинациялар бўйича ғолиблари тақдирланди.

Ватандошимиз Равшан Эрматов Эрон вакили Али Ризо Фағоний ва баҳрайнлик Навоф Шукруллоҳ номзодлигини ортда қолдириб юқори кўрсаткични қайд этган ҳолда “Осиёнинг энг яхши ҳаками” бўлди.

Шу тариқа Эрматов бешинчи бора Осиёнинг энг яхши ҳаками деб тан олинди. Шуни таъкидлаш жоизки, у 2008, 2009, 2010 ва 2011 йилларда ҳам худди шундай муваффақиятга эришган эди.

Эслатиб ўтамиз, ҳамюртимиз ёзда Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати вақтида тўртта ўйинни бошқариб, мундиаллардаги учрашувлари сонини 9 тага етказган ва бу борада рекорд ўрнатган эди.

ПАРКИНСОНга чалинган БЕМОРЛАР УЧУН МАХСУС ҚОШИҚ

Американинг “Google” компанияси Паркинсон хасталигига чалинган беморлар учун “ақлли қошиқ” (Liftware Spoon)ни сотувга чиқарганлигини эълон қилди. У беморларга қўллари қаттиқ қалтирашига қарамасдан ўзларининг мустақил овқатланиш имконини беради.

Мазкур қошиқни “Google” сентябрь ойида сотиб олган “Lift Labs” деб номланувчи инновацион тиббиёт ускуналари компанияси инженерлари яратди. Улар ускуна фойдаланувчининг қўли ҳолати ва қалтирашини аниқ ҳисоб-китоб қилиб, шунга қараб мослашиши учун юзлаб алгоритмлардан фойдаланишди. Ушбу қошиқ дастасининг овқатланиш жараёнидаги қимирлаши 76 фоизга камаяди. Мутахассис шифокорларнинг фикрича ускуна ташхисга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, аксинча беморлар ҳаётида муҳим ўзгаришларга сабабчи бўлади.

Яна ўқинг:  АКТ мутахассислари учун янги таълим лойиҳаси

Паркинсон хасталиги марказий асаб тизими касаллиги бўлиб, бундай беморларда қўл, бош қалтираши, юриш ва нафас олишнинг бузилиши кузатилади. Унинг давоси топилмаган, лекин замонавий тиббиёт беморнинг ҳаётини узайтириш имконини беради.

Г.ЭГАМБЕРДИЕВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: