МАЪНАВИЯТЛИ ЁШЛАР – КЕЛАЖАК БУНЁДКОРЛАРИ

Юртимизда фарзанд тарбияси, унинг жисмонан бақувват, маънан баркамол бўлиб ўсишига алоҳида эътибор қаратилган. Шу маънода ўғил-қизларимизнинг бахту саодатини, фаровон келажагини кўриш, дунёда уларни ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлод қилиб вояга етказиш халқимизнинг энг улуғ нияти, саъй-ҳаракатларимизнинг пировард натижасидир.

Бундай ният истиқлол йилларида мамлакатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўтган давр мобайнида фарзандларимизнинг баркамол инсон бўлиб вояга етиши мақсадларига қаратилган ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Давлат дастурлари рўёбга чиқарилди. Халқаро конвенциялар миллий қонунчиликка имплементация қилинди. “Ўзбекистон Республикасида ёшлар сиёсатининг асослари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар, Кадрлар тайёрлаш Миллий, мактаб таълимини ривожлантириш Умуммиллий дастурларининг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилиши эришаётган ютуқларимизга замин ҳозирлади.

Буни бизнинг юксак салоҳият ва замонавий техника базасига эга бўлган Сирдарё тиббиёт коллежимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Мазкур таълим даргоҳида айни вақтда “Ҳамширалик”, “Даволаш иши”, “Фармация”, “Тиббий профилактика” йўналишларида жами 964 нафар ёш малакали устозларидан илм олиб, касб сирларини пухта эгаллашяпти. Ўз навбатида “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида турли тадбирларнинг ўтказилишида ҳам фаоллик кўрсатмоқда. “Буюк соҳибқирон Амир Темур сиймоси қалбимизда”, “Амир Темур юришлари”, “Сиз тарихни биласизми?”, “Биз ёшлар гиёҳвандлик ва ОИТС га қаршимиз”, “Дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялаш – халқимиз орзусидир” номли адабий-бадиий кечалар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар баркамол авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этмоқда. З.Убайдуллаева, О. Атақулов, М.Ирбўтаева, И. Қурбонов, Ф. Мирзаева, С.Исмоилова каби тажрибали ўқитувчиларимиз ўтказилаётган турли тадбирларга бош-қош бўлиб, уларнинг қизиқарли ўтишини таъминламоқда.

Таълим даргоҳидаги турли фан ва спорт тўгараклари ўқувчилар ихтиёрида. Яратилган шарт-шароитлар кўплаб иқтидор эгаларини намоён этмоқда. “Ҳамширалик иши” йўналиши ўқувчиси Ирода Турсунқулова шашка бўйича етти карра Ўзбекистон чемпионлигини ҳамда Осий чемпиони номини қўлга киритиб, коллеж нуфузини янада оширган бўлса, мазкур йўналишда таҳсил олаётган Зарина Саидмуродова амрестинг бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлди. Шунингдек, “Лаборатория-диагностика” йўналиши ўқувчиси Комилжон Қўзибоев, “Фармация” йўналиши ўқувчиси Шаҳноза Эсонбоева ҳам мазкур спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди. Қолаверса, кўпгина спорт турлари бўйича ёшларимиз вилоят касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўртасида юқори ўринларни банд этиб келмоқда. Иқтидорли ўқувчиларимиз республика миқёсида мусобақаларда иштирок этиб, вилоятимиз шарафини ҳимоя қилаётгани коллежимиз учун фахр. Айтиш керакки, турли тўгараклар фаолиятини жонлантириш ютуқлар мезони бўлмоқда.

Яна ўқинг:  “Устоз-шогирд” анъанаси бардавом

Сирдарё туман хотин-қизлар қўмитаси ва туман прокуратураси билан биргаликда ўтказилаётган турли мавзулардаги йиғилишлар ва давра суҳбатлари ибратли ва қизиқарли бўлмоқда.

Мамлакатда маънавиятли ёшлар қанча кўп камол топса, бу юртнинг эртаси ҳамиша порлоқ, истиқболи нурли бўлажак. Зеро, қалби пок ва иқтидорли, юксак салоҳиятли ёшлар Ватан учун жон фидо қилувчи баркамол, ватанпарвар фуқаролар бўлишига аминмиз.

Шуҳрат БУРҲОНОВ,

Сирдарё тиббиёт коллежининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: