ЁШЛАРИМИЗ ДУРАНГ ЎЙНАДИ
Бирлашган Араб Амирликларида футбол бўйича бўлиб ўтаётган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси иккинчи тур учрашувида иорданиялик тенгдошлари билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
Дастлабки турда ғалаба қозонган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Иордания футболчиларига қарши баҳсда қаттиқ қаршиликка дуч келса-да, ўз иродасини намойиш этди.
Учрашувда дастлаб ҳисобни иорданияликлар очишга муваффақ бўлишди. 49- дақиқада Фади Авад жамоасининг биринчи голига муаллифлик қилди.
Шундан сўнг ҳамюртларимиз кетма-кет ҳужумлар ташкил қила бошлашди. Бу ҳужумлар ўз самарасини бермай қолмади. 60- дақиқада уюштирилган ана шундай ҳужумлардан бирини қайтаришда рақиб ҳимоячиси ўз жарима майдончаси ичида ўйин қоидасини бузди. Ҳакам томонидан белгиланган пенальтини Игорь Сергеев аниқ бажарди – 1:1. Ўйин давомида Аҳмаджон Мусаев шогирдлари икки марта ҳисобда ортда боришди, бироқ сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолишди.
– Биз мусобақани Вьетнам терма жамоасига қарши 4:0 ҳисобидаги йирик ғалаба билан бошладик ва бу бугунги ўйинга ўз таъсирини кўрсатди. Биз Иордания терма жамоаси ҳақида билардик, унга қарши ўйин осон бўлмаслиги ҳақида ҳам етарлича маълумотга эга эдик. Бироқ ўйин давомида шогирдларим рақиб кучига етарлича баҳо бера олишмади ва бунинг учун жазоланишди, – деди Аҳмаджон Мусаев.
– Бугунги ўйиндан ҳар иккала терма жамоа мураббийи ҳам қониқиш ҳосил қилмаган бўлса керак. Рақибимизда ғалаба қозониш учун жуда яхши имкониятга эга, бироқ сўнгги дақиқаларда биз мағлубиятдан қутулиб қолдик. Бироқ мен бугун жамоамиз кўрсатган ўйиндан умуман қониқиш ҳосил қилмадим, биз ўйинимизни яхшилашимиз керак, – дея қўшимча қилди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатидаги навбатдаги учрашувни 8 ноябрь куни КХДР ёшларига қарши ўтказади. Ушбу баҳсда юртдошларимизга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!