Гольфстрим қаерга ғойиб бўлди?

Қатор йиллардан бери инсоният она табиатга нисбатан худди хўжасизларча муносабатда бўлиб, унинг беғараз инъомларидан фойдаланиб келмоқда. Бу ҳам камлик қилганидек ўз нафсига эрк бериб, чеки йўқ эҳтиёжларини қондириш илинжида юрган инсон табиатга билиб-билмай зарар етказмоқда.

Аммо она табиат биз ўйлаганчалик ожиз ва нотавон эмас. Кези келганида у бутун оламни ларзага соладиган даражада куч-қудратини намоён эта олади. Одамзотнинг охирини ўйламасдан табиий ресурслардан фойдаланиши кутилмаган офатларни келтирди. Айтайлик, денгиз ёки уммонда бирданига тўфон туриб инсон бошига ҳалокат келтирувчи даҳшатли тўлқинлар бостириб келади. Узоқ муддат давомида тинчгина мудраб келаётган вулқон ўткир ҳайқириқ билан осмонга отилиб кул ва оташни оламга сочади ҳамда бутун атрофни зулмат ёпинчиғи ила қоплайди. Бутун борлиқни ларзага солиб кутилмаганда кучли зилзила юз беради…

Лекин тан олишимиз лозимки, она табиат бизга нисбатан ўта сахийлик ва меҳрибонлик билан муносабатда бўлмоқда. Шунча исрофгарчикларига қарамай у бор-будини бизга тўкиб-сочишга уринмоқда.

Дунё олимлари инсон ва табиат ўртасидаги ҳозирги муносабатлар қандай нохуш оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таърифлаб беришмоқда. Биз диққатингизга ана шундай вазиятларнинг айримларини ҳавола этмоқчимиз.

Европа ва Шимолий Америка қитъаларидаги илиқ ва мўътадил иқлим гольфстрим деб ном олган кучли оқим ҳисобига таъминланади. Бордию, гольфстрим оқими ўзининг ҳаракатини бирмунча сусайтирса ёхуд батамом тўхтатиб қўядиган бўлса, номи юқорида зикр этилган ҳар икки қитъада Сибирдаги каби қаҳратон совуқ иқлим ҳукмронлик қила бошлайди. Гольфстрим табиатида юз бераётган нохуш ўзгаришлар ҳақида олимлар 2004 йилдаёқ хабар беришганди. Ўша даврларда Гренландия ва Арктикадаги абадий музликларнинг эриб бориши, ёмғир ёғиши туфайли азалдан суви шўр бўлган денгиз ва уммонларга келиб тушаётган чучук сув миқдорининг ҳаддан зиёд ортиши сабабли гольфстрим оқимининг ҳаракати анчагина сусайганини эътироф этишди. 2004 йилнинг ноябрь ойида дунёдаги энг катта ва узун дарёлардан бири саналмиш Амазонка дарёсининг оқимидан 60 баробар кучлироқ ва тезроқ ҳаракат қилувчи гольфстрим оқими бир муддатга бўлса ҳамки тўхтаб қолгани қайд этилганди. Айнан шу вақтдан бошлаб олимлар бутун дунё ҳамжамиятини огоҳликка чорлайди. Олимларнинг таъкидлашича, гольфстрим оқимининг батамом ҳаракатдан тўхташи оқибатида Шимолий Атлантика уммони ҳудудларидаги иқлим бутунлай ўзгариб кетади. Айрим жойлардаги ўртача ҳарорат 10 даражагача, Буюк Британиянинг соҳилларида эса 5 даражагача пасайиб кетиши эҳтимоли бор. Олимлар тахмин қилишича, ҳозирги нохуш вазият ўзгармаса 2049 йилга келиб гольфстрим оқими бутунлай ғойиб бўлар экан.

Яна ўқинг:  Соғлом муҳит – инсон саломатлиги асоси

Аммо вақт ўтган сари ушбу масала бироз эътибордан четда қолгандай бўлди. Бироқ, Мексика кўрфазида юз берган навбатдаги экологик фалокат гольфстрим муаммосининг ҳамон долзарб эканини эслатиб қўйди. Шу вақтда кўрфазда нефть қазиб олиш ишлари билан банд бўлган халқаро компанияларнинг бири йўл қўйган мудҳиш хато туфайли денгизга узоқ муддат давомида 40 минг кубометрдан зиёд қайта ишланмаган нефть оқиб кетди. Бунинг гольфстрим оқимига нима алоқаси бор дейсизми? Гап шундаки, бир кубометр нефть 1 квадрат км. масофадаги сув сатҳини сунъий парда билан қоплаши мумкин. Биз муҳокама этаётган муаммонинг бош сабабчиси гольфстрим айнан Мексика кўрфазида шаклланади.

Сўнгги йилларда рўй бераётган табиий ходисалар табиатга нисбатан ақл ва меҳр билан эътибор кўрсатиш лозимлигини англатади.

Моҳинур ҲАСАНОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: