Гўдагим дуркун ўссин десангиз
Уни она сутидан бебаҲра Қолдирманг
Табобат илми султони, машҳур ватандошимиз, қомусий аллома Абу Али ибн Сино ҳам ўзининг тиббий рисолаларида она сутининг гўдак мижозига қандай ижобий таъсир этиши хусусида ёзиб қолдирган.
Чақалоқ туғилганидан бошлаб дастлабки икки йил мобайнида она сутидан баҳраманд бўлиб туриши унинг ҳар томонлама руҳий ва жисмоний камол топишида жуда катта аҳамият касб этади. Гўдакнинг ўсиб ва улғайиши учун керакли барча органик ва ноорганик моддалар фақат она сутида мавжуд. Жажжи вужуд ўз эҳтиёжларини кўкрак сути билан қондиради. Шу жиҳатдан айрим ҳайвонларнинг (сигир, қўй, эчки, от, туя ҳамда бошқа жонзотлар) сути она сути каби бўла олмайди.
Тўққиз ой давомида она вужудида миттигина ҳужайрадан барча аъзо ва тўқималарга эга бўлган бир бутун организм шаклланиб, туғилиши ҳамда унинг кейинги ўсиб ривожланиши ҳам тегишли тартибда генетик жиҳатдан дастурланган бўлади. Мана шу дастурнинг амалга оширилишида боланинг истеъмол қиладиган озуқа моддаси, яъни она сути ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Унинг таркибида айнан шу бола организми учун зарур бўлган унинг барча физиологик ва биокимёвий талабларига мос келадиган оқсиллар, ёғлар, углеводлар, макро ва микроэлементлар, витаминлар ҳамда кўплаб биологик фаол моддалар керакли миқдорда шунингдек, нисбатда бўлади.Улардан айримларининг қисман кўп ёки кам бўлиши, бошқачароқ нисбатда бўлиши, мурғак организмнинг биринчи навбатда соғлигига ва ривожланишига атроф-муҳитга мослашишига, ақлий ҳамда жисмоний шаклланишига сезиларли ҳолда салбий таъсир кўрсатади. Сутнинг таркиби ва хусусиятларини бола организми эҳтиёжлари ҳамда талабларига бундай мос келиши одамдан ташқари бошқа сут эмизувчи ҳайвонларга ҳам тегишли бўлиб, улар сутида ҳар хил озиқ моддаларнинг миқдори улар боласининг ривожланиш хусусиятлари чамбарчас боғланган. Агар она сутида оқсилларнинг умумий миқдори 1,25 фоиз бўлса, сигир сутида бу кўрсаткич икки баравардан ҳам кўп (3,2 фоиз). Бир вақтнинг ўзида она сутидаги оқсил казеин сигир сутидагига нисбатан кам (0,5 фоиз) бўлиб, унда қон зардобидаги оқсилларга ўхшаш 18 хил оқсил учрайди. Бу оқсил заррачалари ўзининг биокимёвий ва биофизикавий хусусиятлари боис бола ҳазм аъзоларида осонгина ўзлаштирилади.
Она сути таркибидаги ёғ миқдори ҳам ҳайвонларнинкига қараганда анча фарқ қилиб, уларнинг таркибида тез ва осон ҳазм бўладиган, витаминсимон, тўйинмаган ёғ кислоталари сезиларли даражада кўп бўлади. Жумладан, олеин ва ленол ёғ кислоталари она сутида 37,4 ва 10,6 фоизни ташкил қилса, сигир сутида бу кўрсаткич 17,7 ва 2,1фоизга тенг, холос. Қийин ҳазм бўладиган тўйинган пальмитин ёғ кислотаси эса сигир сутида (38,6 фоиз) она сутидагидан (26,7фоиз) кўп бўлади.
Тирик организмни энергия (қувват) билан таъминлашда ҳал қилувчи рол ўйнайдиган озиқ модда – углеводларнинг одам ва ҳайвон сутидаги фарқи янада яққолроқ сезилади. Агар сигир сутида углеводлар асосан сут шакари-лактоза шаклида учраса (4,5фоиз), она сутида углеводлар бундай дисахаридлардан ташқари яна моно(глюкоза, галактоза) ва трисахаридлар (фукозидолактозадлар) кўринишида анча сероб бўлади (7,8фоизгача). Яна шу нарса ҳам муҳимки организмнинг мижозига мос ва сифатли сут билан таъминланишида унинг таркибидаги асосий озиқ моддаларнинг (оқсиллар, ёғлар ва углеводлар) бир-бирига нисбати муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан она сутида ушбу нисбат 1,0:1,3:4,2 (яъни, 1 ҳисса оқсил, 1,3 ҳисса ёғ ва 4,2 ҳисса углеводлар) бўлса, сигир сутида у 1,0:1,2:1,5 нисбатда бўлади.
Она ва сигир сутининг кимёвий таркибидаги бундай тафовут чақалоқ ва бузоқнинг ўсиб вояга етиши учун кетадиган вақт билан дастурланган. Яъни, агар одам боласи мисолида бу вақт 15-20 йилга тенг бўлса, бузоқнинг етук қорамолга айланишига эса бор йўғи 1,5 йил етарли. Бу қисқа вақт ичида унинг вояга етиши учун албатта кўпроқ оқсил талаб этилади. Агар чақалоқни доимий равишда сигир сути билан озиқлантириб борилса, унинг организмида углеводлар тақчиллиги кузатилади. Аксинча оқсиллар нисбатан организмга кўп тушганлиги сабабли гўдак организмининг ривожланиши ва саломатлигида турли нуқсонлар вужудга келиши мумкин. Шуларни эътиборга олган ҳолда ёш болаларга бериладиган сигир сутига оз миқдорда ширинлик ва қайнатилган сув қўшиб ичирилса мақсадга мувофиқ бўлади. Бундай ширинлик сифатида табиий ва тоза асал ишлатилса янада яхшироқ. Чунки, асал ўзининг таркибидаги микронутриентлари (минерал моддалар, витаминлар, ферментлар ва бошқа биологик фаол моддалар) билан инсон қонига жуда яқин туради. Шунинг учун ҳам унинг фойдали томонлари бошқа ширинликлардан устун туради.
Демак, она сутида умумий углеводлар ҳиссаси бошқа асосий озиқ моддаларига нисбатан сезиларли даражада кўп бўлиб, бу ҳол ўз навбатида одам боласининг барча энергетик эҳтиёжлари учун биринчи навбатда айнан шу озиқ модда зарурлигини кўрсатади.
Кўкрак сути ва сигир сутлари бир-биридан таркибидаги минерал моддалар билан ҳам фарқ қилади. Чунончи, она сутида бу моддаларнинг умумий миқдори 1,0 г/литр бўлса, сигир сутида улар ушбу кўрсаткичдан 3,5 баравар ортиқ. Сут оқсиллар, ёғлар, маъданли моддалар ва шу билан бир қаторда ҳаёт учун ниҳоятда зарур бўлган витаминларга ҳам бой бўлган қимматли озиқ модда ҳисобланади. Олиб борилган илмий тадқиқотларга кўра она сути таркибида А, Е, С витаминлари сигир сутидагига қараганда сезиларли даражада кўп бўлади. Сигир сути қайнатиб истеъмол қилинганлиги учун ундаги кўпгина витаминлар миқдори анча камайиб кетади. Ҳозир сотувда гўдакларнинг ёшига мослаб турли сунъий сутли аралашмалар ва қуруқ қадоқланган сифатли ёрмали бўтқалар чиқарилган. Улар ҳам чақалоқларни озиқлантиришда қўл келади.
Шониёз Қурбонов,
биология фанлари доктори, профессор
Гулноза БЎронова,
биолог, Қарши давлат университети