ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ – АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ АСРАЙДИ

Юртимизда турли соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар қаторида аҳоли саломатлигини сақлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом вояга етказиш ва уларни турли юқумли касалликлардан муҳофаза қилишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда юқумли касалликларга қарши кураш ва уларнинг олдини олиш масалалари, бу борада олиб борилаётган кенг қамровли ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси бош эпизоотологи Аброр Акбаровга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдик:

– Юқумли касалликларнинг келиб чиқиши қандай вазият ва сабаблар билан боғлиқ?

– Юқумли касалликларнинг тарқалишига инсонлар ва ҳайвонларнинг муайян тарзда ўсиб бориши, ердан фойдаланишдаги ўзгаришлар (қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мақсадида янги ерларнинг очилиши), атроф-муҳитнинг ўзгариши, ҳайвонлар ва улардан олинадиган маҳсулотларнинг савдо-сотиғи ҳамда касаллик қўзғатувчиларининг ривожланиши (эволюцияси) кабилар сабаб бўлмоқда.

Одатда касал ва касалланиб тузалган ҳайвонлар, касалликнинг эски тупроқ ўчоқлари, кемирувчи ва қон сўрувчи ҳашаротлар, пашша ва чивинлар юқумли касалликларнинг юқиш манбаи ва ташувчиси бўлиб хизмат қилади.

Касаллик қўзғатувчилари учта асосий йўллар билан тарқалади:

їҳайвонлар билан муносабатда бўлганда шахсий гигиена қоидаларига амал қилмаслик ёки ҳайвоннинг тишлаши каби ҳолатлар;

їатроф-муҳитнинг зарарланишидан (сув, тупроқ, ҳаво каби атроф – муҳитнинг экологик жиҳатдан зарарланиши);

їкемирувчилар, қон сўрувчи ҳашаротлар, пашша ва чивинлар каби касаллик қўзғатувчисини ташувчилари бу вазифани бажарадилар.

– Ушбу юқумли касалликлар оқибатида инсонларда қайси хасталиклар асорати кузатилади?

– Юқумли касалликлар шамол, сув, тупроқ каби табиий кучлар орқали ҳам кенг масофаларга тарқаладиган чегара билмас бўлгани сабабли касаллик келиб чиққан ҳудудда эмланмаган молларнинг касалланиш эҳтимоли юқори бўлади. Шу сабабли касаллик қўзғатувчиларини қисқа масофада тўхтатиб қолиш жуда қийин.

Иккинчидан, касалланган молларни даволаш, нобуд бўлган ҳайвонларни йўқотиш, касаллик чиққан ҳудудни соғломлаштириш тадбирлари учун катта молиявий харажатлар сарфланади. Учинчидан, касалланган ҳайвонлар барча кўрсаткичлар бўйича самарасиз бўлиб, уларнинг маҳсулдорлиги ва сифати ўта пасайиб кетади. Тўртинчидан – энг ёмони, юқумли касалликларнинг одамларга юқиши ва унинг бир умрлик асоратлар қолдиришидир. Бу аҳоли орасида эпидемиянинг тарқалишига, инсоният оламидаги рўй бериши мумкин бўлган энг хавфли ва энг бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмий хабарларига кўра мазкур касалликдан ҳар йили 200 минг нафар одам касалланади ва шундан 30 минг бемор вафот этади. Чагас касаллиги (трипаносомоз) билан ёввойи ва хонаки сут эмизувчилар, жумладан, одамларнинг касалланиши кенг тарқалган бўлиб, касаллик одамларга ва хонаки сут эмизувчиларга ёввойи сут эмизувчилардан қон сўрувчи ҳашаротлар орқали юқади. Қутириш касаллигини оладиган бўлсак, бу хасталик билан одамлар ёввойи ва уй ҳайвонлари тишлаши натижасида касалланади. Агар одамни касалланган ҳайвон тишлаганда зудлик билан унинг олди олинмаса, натижаси ўлим билан тугайди. Бу касаллик билан ҳар йили дунё бўйича 55 мингдан ортиқ инсонлар вафот этади.

Яна ўқинг:  ДЕНИС ИСТОМИН ATP РЕЙТИНГИДА 7 ЎРИНГА ЮҚОРИЛАДИ

– Мамлакатимизда ана шундай четдан кириб келадиган хавф-хатарнинг олдини олиш ва юқумли касалликларни бартараф қилишда Давлат ветеринария хизмати томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Ўзбекистон Республикаси “Ветеринария тўғрисида”ги қонунида ветеринариянинг асосий вазифаларидан бири бу аҳолини одам ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилиш ҳисобланади.

Дунёнинг етакчи олимлардан бири шундай таъкидлаган: “Тиббиёт инсонни даволаса, ветеринария соҳаси инсониятни асрайди”!

Шу мақсадда мамлакатимизда Давлат ветеринария хизмати томонидан жорий 2014 йилнинг ўтган даврида эпизоотияга қарши профилактик тадбирлар “Ветеринария тўғрисида”ги қонунга мувофиқ эпизоотик вазият ва ҳайвонларнинг иммун фонидан келиб чиқиб, белгиланган тартиб ва муддатларда олиб борилмоқда.

Натижада четдан республикамиз ҳудудига инсонлар ва ҳайвонлар учун умумий бўлган ўта хавфли юқумли касалликларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олди олиниб, барқарор эпизоотик вазият сақланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудини четдан ҳайвонлар ўта хавфли юқумли касалликларининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишда дунё мамлакатларидаги эпизоотик вазиятни доимий равишда мониторинг қилиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун Халқаро Эпизоотик Бюро ва оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар доимий таҳлил қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб борилади. Жумладан, республикамизнинг қўшни республикалар билан чегарадош минтақаларида буфер ҳудудлар ташкил этилган ва бу ҳудудларга республикамизнинг 82 та туман ва шаҳарлари, 514 та қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳамда 3 мингдан ортиқ қишлоқ ва маҳаллалар киритилган бўлиб, уларда мавжуд чорва ҳайвонлари ўта хавфли юқумли касалликларга қарши тўлиқ эмланиши таъминланган. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳайвонларнинг қутуриш ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликларнинг келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар устидан назоратни янада кучайтириш ҳамда эпизоотик барқарорликни таъминлаш, ҳайвонлар ўта хавфли юқумли касалликларининг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Республика Бош Давлат ветеринария инспекторининг тегишли қарор ва кўрсатмалари ишлаб чиқилиб, жойларга ижро учун етказилган. Унинг ижроси назоратга олинган.

Бундан ташқари жойларда эмлаш тадбирлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида гуруҳ усулида эмлаш тадбирлари давом эттирилмоқда ва бу тадбирлар Давлат ветеринария бош бошқармасининг масъул вакиллари томонидан назоратга олинган. Шунингдек, мавжуд мол бозорларига сотиш учун келтирилаётган чорва ҳайвонларининг ветеринария маълумотномаси асосида сотилиши ҳамда чорва ҳайвонларини фақатгина қушхона ва махсус сўйиш майдончаларда ветеринария врачи назорати остида сўйиш бўйича аҳоли орасида тушунтириш ва ташвиқот ишлари давом эттирилмоқда.

Яна ўқинг:  АХБОРОТ ВА СЎЗ ЭРКИНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИНГ МУҲИМ ТАМОЙИЛЛАРИДАН БИРИДИР

– Уйда боқиладиган ҳайвонларда юқумли касалликлар пайдо бўлганда чорва эгаларининг вазифалари нималардан иборат бўлиши лозим?

– Ҳар бир тур юқумли касаллик ўзига хос касаллик белгилари билан намоён бўлади. Масалан, қутуриш касаллигида қутурган ҳайвоннинг тажовузкор ҳолатда бўлиши, ноодатий тарзда турли жисмларни чайнаши, сув ва ёруғликдан қўрқиши, йўлида учраган жонзотга ташланиши каби белгилар кузатилса, оқсим(бруцеллёз) касаллигида ҳайвоннинг бола ташлаши ёки йўлдошининг ушланиб қолиши, бузоқнинг ўта нимжон туғилиши каби ҳолатлар рўй беради.

Куйдирги касаллигида хасталик шиддатли кечганда унинг белгилари намоён бўлмасдан ҳайвон тўсатдан, баъзан бир неча соатда йиқилиб, ўлиши кузатилади. Агар касаллик бироз чўзилса ёки ўткир ва ярим ўткир кечганда, ҳайвон безовталаниб, ҳар нарсадан қўрқиши, тана ҳарорати 420С даражагача кўтарилиши, юраги тез уриб, безовталаниш кучайиши, нафас олишга қийналиши, ҳар хил ножўя ҳаракатлар қилиши ёки қийналиб юриши мумкин. Бу борада ҳам ҳар бир юқумли касалликлар бўйича хонадонларга буклет ва қўлланмалар тарқатилмоқда. Одамлар гавжум жойларга юқумли касалликларнинг олдини олиш тадбирлари акс эттирилган плакатлар ўрнатилиб, аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

– Агар уй ҳайвонларида юқоридаги белгилар кузатилганда фуқаролар кимга мурожаат қилишлари керак?

– Агар уй ҳайвонларида юқумли касалликлар клиник белгилари кузатилганда фуқаролар энг аввало шу ҳудудга хизмат кўрсатувчи давлат ёки лицензияга эга бўлган хусусий ветеринария врачларига мурожаат қилиши, ҳайвонларни ўзбошимчалик билан даволамасликлари, даволаш ҳамда ветеринария-санитария тадбирларини тўлиқ ҳажмда амалга оширишлари, ветеринария врачи назоратидан ўтмаган касалланган ҳайвонларни ҳамда юқумли касалликнинг клиник белгилари кузатилиб, ўлим талвасасида бўлган ҳайвонларни сўймасликлари талаб этилади.

– Юқумли касалликларнинг олдини олишда фуқаролар нималарга кўпроқ эътибор қаратишлари лозим?

– Эпизоотик тадбирларни ўтказиш, чорва молларини даволаш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ҳар бир қишлоқ фуқаролар йиғини даражасигача бўлган бўғинда Давлат ветеринария хизматининг ветеринария врачлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Чорва эгаларининг ветеринария хизматига бўлган талабини янада тўла ҳажмда қондириш мақсадида республикамизнинг энг чекка ҳудудларигача ветеринария сервис хизматлари кўрсатувчи ветеринария пунктлари ташкил этилган.

Юқумли касалликларнинг олдини олишда фуқаролар энг аввало ҳайвонларни юқумли касалликларга қарши ўз вақтида профилактик эмлатиши;

Яна ўқинг:  Oftob charaqlab turgan sen yorug‘ osmonimsan

їҳайвон сотиб олишда, унинг соғломлигини кафолатловчи ветеринария маълумотномаси мавжудлигига эътибор қаратишлари;

їҳайвонларни уй шароитида сўймасликлари ва уларни фақатгина рухсат этилган жойда (қушхона ва сўйиш майдончалари), ветеринария мутахассиси кўригидан ўтгандан сўнг сўйишлари;

їмажбуран сўйилган ҳайвон гўштини албатта, ветеринария лабораториясида текширувдан ўтказишлари талаб этилади.

– Ҳайвон гўштини сотиб олишда унинг истеъмолга яроқсизлигини қандай билса бўлади?

– Ҳайвон гўштини сотиб олишда жуда эҳтиёт бўлиш керак!

Ҳар бир гўшт нимтаси сотувга чиқарилишидан олдин албатта, ветеринария-санитария экспертиза лабораторияларида текширувдан ўтказилиб, текширув натижасига кўра, истеъмолга яроқли бўлган ҳайвон гўшти белгиланган тартибда муҳрланади ва гўшт эгасига ветеринария хулосаси берилади. Истеъмолга яроқлиликни тасдиқловчи ушбу маълумотлар истеъмолчилар учун очиқ маълумот бўлиб, гўшт сотувчилар истеъмолчиларни таништиришга мажбурлиги қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган.

Дунё олимлари тажрибаларига кўра, оқсим(бруцеллёз) касаллиги билан хасталанган одамлардан олинган тиббий маълумотлар шуни кўрсатадики, касалланган одамларнинг 70 фоизи янги соғилган ва пиширилмаган сут ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиши кузатилган.

Бугунги кунда ушбу соҳага масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда инсонлар ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида қўшимча равишда “Ўзбекистон Республикасида зооантропоноз ўта хавфли юқумли касалликларга қарши курашиш бўйича 2014-2018 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилиб, унинг ижроси таъминланмоқда.

– Mазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Марям АҲМЕДОВА

суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: