МАҲАЛЛАДА ТИББИЙ АКЦИЯ
Яқинда Шайхонтоҳур туманидаги “Шофайзи” маҳалла гузарида Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “Ўзбекистонда аҳолини репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги давлат Дастури тўғрисида”ги ПҚ-2221-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар ва Шайхонтоҳур туман кенгашлари, шунингдек, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи, Гематология ва қон қуйиш институти ҳамда Тошкент шаҳар Онкология маркази ҳамкорлигида “Соғлом миллат-юрт келажаги” шиори остида амалий тадбир ҳамда тиббий кўрикдан ўтказиш акцияси ташкил этилди.
Ушбу тадбирда сўзга чиққан тумандаги 44-оилавий поликлиника бош шифокори Муқаддасхон Раҳматиллаева, Тошкент шаҳар Онкология маркази шифокори Камола Ғафурохуновалар аҳоли саломатлиги борасида қабул қилинаётган қарор ва дастурларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритиб, мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсатга асосий эътибор қаратилаётганлигини таъкидладилар. Шунингдек, соғлом миллатни вояга етказишда хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини яхшилаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш борасидаги юртимизда эришилаётган ютуқлар ва натижалар ҳақида аҳолига маълумот бериб ўтдилар.
Тадбирнинг иккинчи қисмида аҳолини соғломлаштириш акцияси ташкил этилди. Акцияда Шайхонтоҳур туманидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи хотин-қизлар ҳамда партия электорати вакиллари иштирок этиб, улар турли мутахассис-шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.
Дилдора МУРОДОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири