Ораста, оқила, фаришта қизлар
Жорий йилнинг 4 ноябрь куни М. Ломоносов номидаги Москва давлат университети Тошкент шаҳар филиалининг катта мажлислар залида “Ораста қизлар” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди.
Маълумки, 2011 йилда Ўзбекитсон Хотин қизлар қўмитаси ташаббуси билан республикадаги ўқув муассалари қошида “Ораста қизлар” тўгараклари ташкил этилган бўлиб, мазкур тўгаракнинг асосий мақсади, болалар, ўсмирлар ва ёшларда шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини тўғри шакллантириш, уларда ўзи, хонадони, маҳалласининг тозалигига эътиборини кучайтириш, экологик, тиббий маданиятни юксалтириш, ёши ва физиологик ривожланиш босқичига қараб улар ўртасида балоғатга етмасидан турмуш қуришнинг олдини олиш, никоҳ ёшидаги қизлар ўртасида оила муқаддаслиги, ўзаро оилавий муносабатлар ҳақида кенг тушунча беришдан иборат.
Танлов шартларидаги саволлар Юртбошимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” ҳамда Кайковуснинг “Қобуснома” асарлари бўйича тузилди. Танлов аввалида ҳудудий жамоалар қуръа ташлаш орқали аниқланиб олинди. Беллашув берилган шартлар асосида ва босқичма-босқич бўлиб ўтди.
Кўрик-танлов якунларига кўра биринчи ўринга Наманган вилоятининг “Наманган гуллари” гуруҳи муносиб деб топилди. Иккинчи ўринни Тошкент вилоятининг “Намуна” гуруҳи эгаллади. Учинчи ўрин эса Қашқадарё вилоятининг “Нафосат”, Сурхондарё вилоятининг “Сурхон гавҳари” жамоаларига насиб этди.
Ғолиб жамоа ҳомийлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Маърифат ТОЛИПОВА,
“Соғлом авлод” мухбири