ОСИЁНИНГ ИСТЕЪДОДЛИ ШАХМАТЧИ БОЛАЛАРИ ТОШКЕНТДА

Пойтахтимизда шахмат бўйича 12 ёшгача бўлган ўғил болалар ва қизлар ўртасида Осиё чемпионати бошланди.

Истиқлол йилларида ўзбек шахматчилари жаҳон ва қитъа чемпионатлари, турли нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этиб келмоқда. Яқинда Грециянинг Кавала шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ака-ука Исломбек ва Жавоҳир Синдоровнинг иккитадан олтин медални қўлга киритгани, сўзимизнинг яққол тасдиғидир.

Нуфузли мусобақа Осиё шахмат федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамда мамлакатимиз шахмат федерацияси томонидан ёшлар ўртасида шахматни янада оммалаштириш, спортчиларимизнинг халқаро тажрибасини ошириш, ўзбек шахмат мактаби имкониятлари ва салоҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди.

Мазкур чемпионатда 200 нафарга яқин шахматчи ғолиблик учун дона сурмоқда. Ушбу мусобақнинг рапид – тезкор шахмат баҳсларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Швейцарча тизимда етти турдан иборат баҳсда ўз маҳоратини намойиш этган шахматчиларимиз иккита олтин ва битта бронза медални қўлга киритди.

Ўн икки ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида қатнашган Нодирбек Ёқуббоев 6 очко жамғариб биринчи ўринни эгаллади. Ҳиндистонлик Аравинд Рам иккинчи, мўғулистонлик Ёндонжамц Эрдемдалай учинчи поғонадан жой олди.

Олти ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида ёш шахматчимиз Оқжол Раҳматуллаев ҳам олти очко жамғарган ҳолда Осиё чемпиони бўлди.

Саккиз ёшгача қизлар баҳсида қатнашган Омина Назарова беш очко билан бронза медални қўлга киритди.

28 июнга қадар давом этадиган мусобақада Исломбек ва Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Лобар Раҳматжонова ва Дилбар Ҳамроева сингари истеъдодли ёш шахматчилар мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

Н.НОРБОБОЕВ

Яна ўқинг:  Фарзандим дудуқланиб гапиради...

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: