ЎЗБЕКИСТОНДА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН 150 МИНГ ДОЛЛАРЛИК ДОРИЛАР ХОРИЖГА СОТИЛДИ
Зангиота туманидаги “Дентафил плюс” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган дори-дармонлар шу пайтгача ISО 9001 сертификатига эга эди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар қилади.
Кейинги йилларда бу ерда рўёбга чиқарилган инвестиöиявий дастурлар шарофати билан унинг маҳсулотларига GMP халқаро сифат сертификати ҳам берилди. Бу “Дентафил плюс” маҳсулотлари эндиликда дунёнинг исталган давлатига экспорт қилиниши мумкин, деганидир.
Айни пайтда 100 нафардан зиёд ходими меҳнат қилаётган корхонада 110 турдаги дори-дармон тайёрланаётир. Амалиётга изчил татбиқ этилаётган техник ва технологик янгиланишлар туфайли ўтган йили экспортга мўлжалланган ҳамда импорт ўрнини босувчи янги 17 хилдаги саломатлик малҳамлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Жорий йилда эса Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ икки йирик лойиҳа ижросига киришилиб, бунинг учун яна салкам 20 миллион АҚШ долларилик сармоя киритилди.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ўтган қисқа муддатда бу ерда тайёрланган 150 минг АҚШ долларилик маҳсулот “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан хорижга сотилди.