ПАРАОСИЁ ЎЙИНЛАРИ: МЕДАЛЛАРИМИЗ СОНИ КЎПАЙМОҚДА

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилаётган Параосиё ўйинларида мамлакатимиз паралимпиячилари муваффақиятли иштирок этмоқда.

Қитъамизнинг 42 давлатидан ташриф буюрган 4 минг нафардан зиёд спортчи иштирокида ўтказилаётган ушбу йирик спорт анжуманида 27 нафар паралимпиячимиз спортнинг енгил атлетика, дзюдо, сузиш, ўқ отиш турлари бўйича мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.

Мусобақанинг сузиш баҳсларида ҳамюртимиз Дмитрий Хорлин бир йўла учта олтин медалга сазовор бўлди. У 50 метрга, 100 метрга ва 400 метр масофага сузиш баҳсларида юқори натижа қайд этиб, ҳар уч йўналишда ҳам Осиё рекордини ўрнатди.

Яна бир спортчимиз Кирилл Паньков ўз шижоати ва маҳоратини намоён этиб, 50 метр масофага эркин усулда сузишда шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Унинг қайд этган натижаси ҳам Осиё рекорди сифатида эътироф этилди.

Енгил атлетика бўйича ўтказилган баҳслар ҳам паралимпиячиларимиз учун медаль ва рекордларга бой бўлди. 800 метр масофага югуриш баҳсида тенгсиз эканини исботлаган ҳамюртимиз Фахриддин Ҳамроев Осиё рекордини янгилади. Ушбу масофага югуриш бўйича Дамир Пашаев бронза медаль билан тақдирланди.

Ядро улоқтириш бўйича ўтказилган мусобақаларда Мавлонбек Ҳайдаров юқори натижани қайд этиб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобига яна бир олтин медални келтирди ва Осиё рекордини ўрнатди.

Енгил атлетиканинг узунликка сакраш мусобақаларида иштирок этган ҳамюртимиз Фаррух Мирзақулов кумуш медални қўлга киритди. Дзюдо кураши бўйича вазни 81 кг.гача бўлган полвонлар мусобақасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Шариф Халилов параосиё ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди.

Шу тариқа делегациямиз ҳисобидаги медаллар сони 19 тага етди. Мардонавор спортчиларимиз ҳисобида айни пайтга келиб 16 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медали мавжуд ва Ўзбекистон жамоаси умумжамоа ҳисобида 4-ўринда боряпти.

Т.ОРТИҚОВА

Яна ўқинг:  Ёш тадбиркорлар сафи кенгаймоқда

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: