ГЎДАКНИ ОВУТАДИ, аммо…

сўрғичдан халос бўлиш осонми?

Оилада гўдак туғилгач, ота-онадан тортиб барча оила аъзолари унга парвона бўлишади. Айниқса, янги туғилган чақалоқ икки ёшгача она сутини эмиб ўсса, нур устига аъло нур. Уни овутиш учун оналар сўрғични ўзларининг энг яхши ёрдамчилари деб биладилар. Бироқ, “танганинг икки томони” бўлганидек ҳар нарсада меъёр яхши. Агар гўдаклар сўрғичга “муккасидан кетса” уларни баъзан мактаб ёшигача ҳам ундан ажратиш қийин. Она сутини эмадиган чақалоққа яхшиси сўрғич бермаган маъқул. Чунки, у кўкракни жигарранг ареоласи билан қўшиб эмади. Бу эса унинг юз-жағ соҳаси тўғри ривожланишига замин яратади. Сўрғични эса фақат уч қисминигина эмади.

Сўрғич эмган бола онасини ҳам шундай эмишга ҳаракат қилади. Кўкракни эмиш учун чақалоқ меҳнат қилишига тўғри келади. Агар онанинг сути кам деб ўйлаб, унга сунъий сутли аралашма шишачада сўрғич билан берилса, гўдак ҳаракат қилмаса ҳам сут қуйилиб келади. Бу ҳолат эса гўдакни дангаса қилиб қўяди ва у осонгина она сутидан воз кечиб қўя қолади. Она чақалоқни қанча кўп ва тез-тез эмизса унинг сути кўпаяди. Мабодо гўдакни шишача ва сўрғичда озиқлантиришга тўғри келса ҳам сут томчилаб чиқадиган қилиб қўйиш керак. Шунда у она кўкрагидан воз кечмайди.

Сўрғичнинг фойдали ва зарарли томонлари ҳақида ота-оналар ва мутахассислар томонидан узоқ баҳс юритилди. Унинг натижасига кўра бола учун сўрғич кераклиги аниқланди. Узоқ баҳслашувлардан сўнг бу қарорни психолог, логопед, стоматологлар билан биргаликда ота-оналар тасдиқлади. Болага сўрғич бермаганда унинг ўрнини болакайнинг бармоқчалари эгаллайди. Бу эса барча ота-оналар учун ёқимсиз ҳолат. Лекин орадан вақт ўтиб болакай катта бўла бошлайди ва эртами-кечми одат тусига кириб қолган сўрғич билан хайрлашишга тўғри келади. Хўш, қачон ва қандай қилиб сўрғичдан халос бўлмоқ керак?

1. Энг яхшиси сўрғичдан болакайни халос қилишда меҳрибонлик билан иш тутган маъқул. Масалан 3-4 ойлик пайтида болакай сўрғич билан узвий “алоқа”да бўлади. Айнан шу вақтда мурғак болага ҳушёр бўлиш, иложи борича ҳуда-беҳудага сўрғич бермаслик мақсадга мувофиқдир. Агар болажоннинг кайфияти яхши бўлса ёки ухлаётган бола бирданига уйғониб кетиб, йиғлашни бошласа сўрғич бермасдан уни турли йўллар билан тинчлантириш лозим. Асосийси унга сабабсиз сўрғич берманг. Масалан: онанинг телефонда гаплашиши учун бола сўрғич сўришга мажбур эмас! Бир сўз билан айтганда, сўрғичдан ўз манфаатингиз учун фойдаланманг. Умуман олганда гўдагим соғлом ўссин деган ота-оналар уларнинг шахсий гигиенасига эътибор беришлари керак. Яъни, ҳар гал сўрғични болага қайнаган илиқ сувда обдон ювиб бериш зарур. Ҳар куни бир марта сўрғични антибактериал суюқ совун билан ювиб, қайнаган илиқ сувда чайиб, сўнгра тоза докага ўраб қуритиш керак. Яна сунъий овқатлантириладиган гўдакларнинг сут идишлари ва сўрғичлари ҳам ҳар доим антибактериал суюқ совун билан ювилиб, қуритилиши керак. Чунки, тозаликка риоя қилинмаса гўдакларнинг оғиз бўшлиғида стоматит ривожланиши ва яна уларда меъда-ичак тизими фаолияти бузилиб, ичкетар(диарея) ва қусиш ҳолатлари кузатилади. Бу эса ўз навбатида гўдакнинг тана ҳарорати ошиб, организми сувсизланишига сабаб бўлади. Азиз ота-оналар, арзимаган сабаблар (яъни, гигиенага амал қилмаслик) мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин.

Яна ўқинг:  Мижоз ва унинг хусусиятлари (давоми бор)

2. Бола қанча тез сўрғични рад қила бошласа, ундан қутулиш шунча енгил кечади. Гўдакнинг 8 ойликдан 11 ойликкача бўлган муддат амалиёт учун мақбул вақт бўлиб ҳисобланади. Сабаби бу босқичга келиб боланинг сўриш рефлекси босқичма-босқич сўниб боради. Унинг ўрнини эса болакайнинг кейинги ҳаёти билан боғлиқ озиқ-овқатларни чайнаш, эмаклаш, уни ўраб турган муҳитга бўлган қизиқиш таассуротлари эгаллайди. У ўзи учун етарли даражада ёрқин таассуротларга эга бўла бошлайди. Умуман олганда бу вақтга келиб сўрғичга ҳожат қолмайди. Лекин ухлаш олдидан чақалоққа албатта сўрғич бериш тавсия этилади. Бунинг асосий сабаби эса болакайнинг мияси кун давомида олган воқеалардан тинчланиши лозим. Айнан шу вақтга келиб болани янги одатларга ўргатиш керак. Болага энди катта расмлари бор китобларни ўқиб бериш, уни овунтира оладиган, кичик шеърлар айтиш, олдига турли хилдаги (жуда кичик бўлмаган, гигиеник талабларга жавоб бера оладиган ва осон ювиладиган) ўйинчоқларни қўйиш зарур.

Агар болакай она сути билан озиқланса, эртароқ яъни, аниқроқ қилиб айтганда 4-7 ойликда сўрғичдан бош торта бошлайди. Сабаби кўкрак сути билан озиқланадиган болада сўриш рефлекси тўғри ривожланади. Болани диққат билан кузатинг, у сўрғичдан бўйин товлаган вақтда унинг кўз олдиди ерда ётган (атайлаб қўйилган) сўрғични олинг. Салдан кейин унинг сўрғичга бўлган “муносабати” янги босқичга ўтганини, муаммонинг анча қисми ҳал бўлганини кўрасиз.

3. Агар бола сўрғични туғилганининг илк кунидаёқ рад қилса, хавотир олишга асос йўқ. Уни уйқу олдидан болага бериш мумкин. Шунда ҳам бола инжиқлик қилиб сўрғични сўришдан бош тортса ширинтойни алла ёки бешик тепасига илинган ўйинчоқлар ёрдамида овутиб ухлатиш мумкин. Бундай вазиятда эса уни тинчлантириш узоқ муддатни талаб этади, сабрли бўлиш зиён қилмайди. Бу вазиятдан чиқишнинг янада яхши йўли куннинг иккинчи ярмида болакай билан сайрга чиқишдир. Энг қийин муаммо бу болани сўрғичдан бош тортиши ҳисобланади. Бу барча болажонлар учун тинчлантирувчи воситадир. Аммо гўдагингиз сўрғич эмишни истамаса, уни зўрламанг. Яъни, сўрғични асалли ёки шакарли ширин сув, мураббога ботириб болага берманг. Бу унинг меъда ости бези кўпроқ ишлашига сабаб бўлади. Натижада кўп инсулин моддаси ишлаб чиқарилади. Яна оғиз бўшлиғида шакарли сув стоматит ривожланишига сабаб бўлади. Меъда ости бези гўдаклигидан зўриқиб ишласа қандли диабет ривожланишига замин яратади.

Яна ўқинг:  Кўкламдаги дармонсизликда даво муолажалари

4. Ҳар бир она фарзандининг эҳтиёжини яхши ҳис қилган ҳолда, болакайнинг қачон сўрғични рад қилишга тайёрлигини жуда яхши билади. Аксарият икки ёшли болажонлар учун сўрғич сўриш учун эҳтиёж бўлса, қолганлари учун бу-ташвишга соладиган ҳолдир. Умуман олганда ҳали икки ёшли болалар сўриш қобилиятини ўзида сақлаб қолган бўлади.

Икки ёшли болага кўп нарсаларни тушунтириш мумкин. Масалан: кўчага чиққанда сўрғични уйга ташлаб чиқ, у ифлос бўлади; оғизда сўрғич бўлганда югуриш мумкин эмас, бўлмаса тилингни тишлаб оласан; овқатдан сўнг сўрғич сўрма, тишинг касалланиши мумкин ва ҳоказо. Фарзандингизни бағрингизга босиб, унга ўзи тушунадиган қилиб сўрғич сўришнинг ёмон томонларини тушунтиринг. Болалардан сўрғични сўришни бас қилгунича, ота-оналардан улкан сабр-тоқат талаб қилинади.

Агар икки ёшли бола сўрғични энг севимли ўйинчоғидек қабул қилса, сўрғичдан воз кечиш болакай учун кучли руҳий зўриқиш(стресс) билан кечади. Шунинг учун ҳам бу вазиятдан қаттиққўллик билан чиқиб кетиш самарасиз. Ота-онанинг сабр-тоқат-ла ғамхўрлик қилиши сабабли боланинг асаб тизимига безарар, натижа берадиган усуллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бу ҳар бир ота-онанинг топқирлигига боғлиқ. Ёки шундай вақт келади (болаларда учрайдиган энг кўп ҳолатлардан бири) болангизнинг бурни битиб қолади. Шунда уни кўриб қўйган шифокор кичик беморга сўрғич унинг нафас олишига халал бергани учун уни сўришни таъқиқлаб, ўз дафтарига қайд қилиб қўйгандай кўрсатсин. Фарзандингиз бунга шубҳасиз ишонади.

– Бола учун сўрғичдан воз кечиш, “унчалик даҳшатли” кечмайди. Аммо оналарнинг безовталигига гўдакнинг эътирозли нигоҳи сабаб бўлади, – дейди психологлар.

Агар ота-оналар босиқлик билан бу вазиятдан чиқиш йўлини мунтазам излашса, шубҳасиз мақсадларига етишлари осон бўлади.

Агар бола ўз вақтида сўрғичдан ажратилмаса, кейинчалик унинг тишлари чиқаётганда юз-жағ соҳаси нотўғри шаклланиб, тишлар нотўғри тишлам (прикус)га эга бўлади. Бу эса овқатни яхши чайнашга салбий таъсир этади. Шунингдек, уларнинг нутқи ривожланиши ҳам кечикиб, талаффузи бузилади.

Хуршида ҲУСЕНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: