ФУҚАРОЛИК ЖУРНАЛИСТИКАСИ

уни ривожлантиришда интернетнинг тутган ўрни

Жорий йилнинг 18-19 сентябрь кунлари Тошкентдаги “Dedeman Silk Road” меҳмонхонасида бўлиб ўтган “Миллий интернет-журналистикасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” республика илмий-амалий семинари интернетнинг журналистика соҳасида тутаётган ўрнини янада яққол кўрсатиб берди.

Бугунги кунда “.uz” доменида фуқаролик журналистикаси деб ном олган янги йўналиш вужудга келди. Айни пайтда миллий интернет сайтларимиз сони 18 мингдан ортди. “.uz” доменининг рўйхатга олинганидан буён йигирма йил ўтганини ҳисобга оладиган бўлсак, виртуал медиа ривожи шиддатини тасаввур қилиш қийин эмас. Кибер муҳитда Оммавий ахборот воситаларининг фаоллиги ҳам ортиб бораётганини инобатга олсак, ахборот майдонидаги манзара яққол намоён бўлади. Хусусан, ҳозир интернет тизимида фойдаланувчиларга 270 дан зиёд тармоқ ОАВ ахборот-таҳлилий хизматларни тақдим этмоқда.

Анжуманда фуқаролик журналистикаси ва блогсфера феноменларининг моҳиятини тадқиқ этиш, унинг ривожланиш йўналишларини аниқлаш ҳам асосий масалалардан бири бўлди. Давр воқеликлари ва масс-медиа тараққиётига блогерларнинг кўрсатаётган таъсири, айниқса, жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Юзлаб интернет фойдаланувчилар учун чинакам минбар вазифасини ўтаётган блог соҳанинг мавжудлиги, унда қатор ижтимоий, сиёсий, маданий тематикаларга оид “пост”лар, мулоҳазали, таҳлилий материалларнинг эълон қилинаётгани фуқаролик жамиятининг ютуғидир. Қолаверса, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунга жорий йилнинг 5 сентябрь куни киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар соҳанинг кейинги тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Қонунчилик ҳужжатига илк бор “блогер” тушунчаси киритилди. Шунингдек, қонунда уларнинг фаолиятига доир талаблар ҳам белгилаб қўйилди. Бу фуқаролик журналистикасининг ҳам профессионал ОАВ вакиллари билан бир қаторда узатаётган ахборотининг ҳаққонийлиги учун жавобгар бўлишларини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланишидир. Энди блогер ўзи ҳавола этаётган ҳар қандай хабар учун масъулиятни ўз зиммасига олади ва бу жамият ҳаётида ахборот шаффофлигини таъминлашда қўл келади.

Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Яна ўқинг:  ГЎДАКНИ ОВУТАДИ, аммо...

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: