ОМАД ЁР БЎЛСИН СИЗГА, СПОРТЧИЛАР!
Ўзбекистон спорт делегацияси 19 сентябрь – 4 октябрь кунлари XVII Осиё ўйинларида иштирок этиш учун Корея Республикасининг Инчеон шаҳрига жўнаб кетди.
Тошкент халқаро аэропортида спортчиларимизни нуфузли мусобақага кузатиш учун спорт жамоатчилиги, оммавий ахборот воситалари вакиллари йиғилди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спортни ривожлантириш, ўғил-қизларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шароитлар яратиш, халқаро майдонларда Ватан шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган ёш иқтидор эгаларини тарбиялаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилаётир. Бунинг самарасида спортчиларимиз нуфузли мусобақалар – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида мунтазам юқори натижаларга эришмоқда.
Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтадиган бу галги Осиё ўйинларида қитъамизнинг қирқдан зиёд давлатидан ўн минг нафарга яқин спортчи ғолиблик учун куч синашади. Мазкур мусобақада ўзбекистонлик 300 нафарга яқин спортчи 32 спорт тури бўйича бўлиб ўтадиган баҳсларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори спортчиларимизнинг Осиё ўйинларига пухта ҳозирлик кўриши, улар учун муносиб шароит яратишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
– Мамлакатимиз спортчиларининг йирик спорт анжуманларида шоҳсупага кўтарилиши яхши анъанага айланган, – дейди дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Жамол Шодмонов. – Ишончимиз комилки, юртдошларимизнинг Инчеонда эришадиган натижалари аввалги Осиё ўйинларида қўлга киритилган ютуқлардан юқори бўлади.
– 2010 йили Гуанчжоуда ўтган Осиё ўйинларида ўқ отиш бўйича жамоавий баҳсларда бронза медални қўлга киритган эдик, – дейди халқаро тоифадаги спорт устаси Сакина Мамедова. – Бу галги мусобақада олтин медални кўзлаяпмиз. Мусобақага ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўрдик. Ниятимиз – Инчеондан юқори натижалар билан қайтиш.
Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон спортчилари жаҳон майдонларида катта зафарларга эришмоқда. Халқаро майдондаги нуфузли мусобақаларда, жумладан, Осиё ўйинларида қатнашаётган ҳар бир спортчимиз ортида ўзини мана шундай юксак даражага етказган Ватанимиз, халқимиз турганини, яратилаётган шароитларнинг барчаси Президентимизнинг ёш авлод камолотига қаратаётган эътибори ва ғамхўрлиги туфайли эканини чин дилдан ҳис қилади. Мана шу туйғу уларга куч-қувват, ишонч бағишлайди. ХVII Осиё ўйинлари ҳам Ўзбекистон спортчилари учун самарали бўлишига ишонамиз.
Байрам АЙТМУРОДОВ,
ЎзА мухбири