ТИНЧЛИК

Бола ғала-ғовур бақир-чақирлардан уйғониб кетди. Бир пас кўзларини уқалаб турди-да, кейин атрофга аланглади. Ичкаридаги хонага кириб кўз югуртирди. Хонада ҳеч ким йўқ. Шовқин айвондан келар эди. Бир муддат бошини қуйи солганча ўтирди. Отасининг кунора ичиб келиб жанжал кўтариши бола қалбини вайрон қилар эди.

Нега? Ахир ҳамма нарса етарли бўлса, онаси гап қайтармаса, айб иш қилмаса? Болаларини яхши кўрса! Нега жанжал қиларкан-а? Бола чуқур ўйга толганди. Илгари ҳам шундаймиди?

Бола шу алфозда анча ўтирди. Бу орада шовқин-сурон ҳам тинди. Ўзига савол беравериб чарчагач, овозлар эшитилмай қолганини сезиб, ўрнидан турди. Айвон томонга юрмоқчи бўлиб қадам ташлади, лекин фикридан қайтди. Хонаси томон йўналди. Миясига келган фикрдан қувониб кетди. Стол устида турган сумкасини олди. Уни очди, ичидан қоғозга ўралган бир нима олди. Кейин айвонга чиқди. Айвон бўм-бўш эди. Ҳайрият, отам ухлаб қолибди, шекилли, айвонга кирмабди демак у сўрида, – деб ўйлади бола. Айвонга чиқди. Тахтали шифт кўзига яхши кўринди. Унга қўлини чўзди. Етмади. Хўрсиниб атрофга аланглади. Ўртада хонтахта турарди. Уни икки қўллаб ушлаб ичкарига сурди. Охири хонтахтага чиқиб, қўлидаги қоғозни очди. Кечагина ўртоғи ҳадя этган бўрни даст тутганча шифтга чўзилди. Қўли етганини кўриб, мийиғида кулиб қўйди. Шифтнинг бурчагига чиройли қилиб, “бу оилада тинчлик”деб ёзди. Пастга тушди. Ёзганига бир қур назар ташлади. Хонтахтани жойига сурди. Шифт бурчагини мўлжаллаб ётди. Ёзувга тикилди. Қўлидаги бўр билан ҳавода бояги сўзларни ёзди. Яна бояги саволлар қуршовида қолишдан қўрқандай кўзларини юмиб олди. Бир оздан сўнг яна очди, яна юмди. Кўзини очиб-юмиб уйқуга кетганини ўзи ҳам билмай қолди. Хона эшиги очилиб, она кирди. Ҳориган кўзлари боласига тушди. Уни кўтариб олмоқчи бўлганида нимадир тўп этиб тушди. Боласининг елкаси оша қаради. Бўр полда уқаланиб ётибди. Атрофга – деворларга, хонтахта устига қаради. Кўзи шифт бурчагидаги ёзувга тушди-ю бирдан бўшашгандек бўлди. Болани кўтариб жойига ётқизди. Қайтиб айвонга чиқди. Бурчакка яқин келиб ёзувларни кафти билан сидириб, ўчиришга чоғланди. Бошидаги икки сўзни тезда ўчирди-ю, “тинчлик” сўзига тикилиб қолди. Бу сўз қандайдир нур тараётганга, сеҳрли сўзга ўхшади-ю, қўлини туширди. Бироз тургач яна ёзувга қаради. Кўнгли недандир таскин топгандай фарзанди томон ошиқди…

Гулҳаё ЎРОЛОВА

Яна ўқинг:  Ибратли умр ҳикмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: