ҲАЁТИЙ ЭҲТИЁЖ

Уйқу марказий асаб тизимининг иш қобилияти тикланишида муҳим омил ҳисобланади

Уйқусизликка йўлиққанлар кўп топилади. Бу дард тунги уйқу маромининг бузилиши, яъни тунда кам ёки юзаки ухлаш, уйқу келмаслиги, бевақт уйғонавериш жараёни ҳисобланади. Инсоннинг бутун ҳаётидан учдан бири уйқу ҳолатида ўтади. Уйқу марказий асаб тизимининг иш қобилияти тикланишида муҳим омил ҳисобланади. Организмдаги ҳужайра ва тўқималарнинг яшовчанлигини таъминловчи ҳаётий эҳтиёждир.

УЙҚУСИЗЛИКНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШ САБАБЛАРИ

Соғлом одамларда уйқусизликни келтириб чиқарувчи асосий омил асабийлашиш ҳисобланади. Ухлашдан олдин қанча кўп хавотирли, хотиржамликни бузадиган воқеа-ҳодисалар ҳақида ўйлаган ёки уларнинг бевосита иштирокчисига айланган одамлар уйқусизлик билан ҳам курашиб чиқишга мажбур бўладилар. Чунки, асаббузарлик, хавотирланиш одамни сергаклантирувчи хусусиятга эга. Бу эса албатта уйқунинг “душмани” ҳисобланади.

Айрим кишилар ухлашдан олдин меъёридан ортиқ овқатланадилар. Бунинг натижасида овқат ҳазм қилиш тизими зўриқади. Бу эса руҳий хотиржамликка путур етказади. Шунингдек, бош мия томирларида зарарланиш (атеросклероз) ёки асаб тизимида турли касалликлари мавжуд бўлганлар ҳам уйқусизликдан азият чекадилар.

Ётоқда эътиборни ўзига жалб қилувчи, ёруғлик таратувчи буюмлар бўлиши ҳам бедорликни келтириб чиқариши мумкин. Чунки, бундай буюмлар инсонларни чалғитибгина қолмай, мия фаолиятини фаоллаштиришга кўмаклашади. Одатий тартибнинг бузилиши ҳам уйқусизликни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, ҳафтанинг иш кунлари одамлар танадаги ҳаётий қувват – энергияни кўпроқ сарфлаб, ҳолдан тоядилар. Бу эса уларнинг тез ухлаб қолишларига сабаб бўлади. Дам олиш кунлари эса дангасалик оқибатида ўзларини уринтирмасликка интиладилар. Натижада жисмоний жиҳатдан толиқмаган танада энергия кўп бўлади, натижада уйқу майлининг ҳосил бўлиш вақти кечикади.

Муддатига кўра қисқа ва узоқ уйқусизлик кузатилади. Қисқа муддатли уйқусизлик асосан инсоннинг кайфияти, одатдаги яшаш шароитининг бузилиши ва ташқи таъсирлар орқали юзага келади. Бундай ҳолатда бедорлик камчиликлар бартараф этилиши ва шароитга мослашишга қараб 1-2 кун давом этиши мумкин.

Узоқ муддатли уйқусизлик эса кўпинча асаб тизимининг кучли руҳий, ҳиссий шикастлари, невроз, психоз, бош миянинг органик касалликлари (айниқса, мия қон-томирлари атеросклерози), ички аъзолар ва эндокрин безлар (буйрак, жигар, қалқонсимон без) касалликлари билан боғлиқ асаб тизимининг функционал бузилишларида учрайди. Агар уйқусизлик икки-уч кундан ортиқ давом этса, шифокор билан маслаҳатлашиб, зарур муолажаларни олиш тавсия этилади. Шифокор тавсиясисиз дори-дармонлар билан даволаниш хавфли асоратларга олиб келиши мумкин.

Яна ўқинг:  Эмлаш: инсон ҳаётини асрашда унинг аҳамияти

УЙҚУ МЕЪЁРИ

Ҳар бир одамда ёшига қараб уйқу меъёри турлича бўлади. Масалан, чақалоқлар бир кунда 20 соатдан зиёд ухлаши мумкин. Нормал уйқу ҳолати 18-20 ёшдагилар учун 10 соат, 30-40 ёшдагилар учун 7-8 соат ва 60 ёшдан юқори бўлган инсонлар учун эса 6 соатни ташкил қилади.

Лекин жисмонан соғлом, бақувват одамлар ўзларини кам ухлашга ўргатишлари мумкин. Масалан, ҳаётда фаол бўлган айрим кишилар учун 4-5 соат ҳам кифоя қилади. Чунки, бундай инсонлар ўзларини шундай уйқуга чиниқтирибгина қолмай, ҳаёти давомида кўпроқ ижодий машғулотлар билан шуғулланишади. Ижодкорлар, компьютер усталари, дастурчилар, архитекторлар одатда диққатини ўз фаолиятига кўпроқ сафарбар этганликлари боис уйқу майлини бошқара оладилар.

БЕДОРЛИКДАН ФОРИҒ БЎЛИШ

Уйқусизликка қарши исён кўтарган кўпчилик одамлар унинг осон ечимини топишга интиладилар. Яъни, турли таблеткалар қабул қилиш орқали ўзларини алдайдилар. Мутахассислар уйқусизликдан қутулиш муаммосини дори-дармон воситасида ҳал қилишни ёқламайдилар. Чунки, таблеткалар гарчи тез ухлатишга кўмаклашса-да, жигар, ўн икки бармоқли ичак, меъда ва меъда ости безларига ножўя таъсирлари ҳам мавжуд. Қолаверса, дори воситаларини тез-тез ёки доимий қабул қилиб туриш натижасида ўрганиб қолиш ва уларсиз ухлай олмаслик иллатини орттириб олиш ҳеч гап эмас. Шу сабабли табиий усуллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Бедорликка қарши курашишда одатда уйқудан олдин сайр қилиш, сокин мусиқа тинглаш, маълум бир сонгача кўзларни юмган ҳолда санаш ва бошқа ҳолдан тойдирувчи машқлардан фойдаланилади. Бундай машғулотларни бажариш бироз зерикарли ва одатий бўлгани учун ҳам кўпчилик бу усулларни ёқтирмайди. Мутахассислар эса ўз-ўзини рағбатлантириш орқали бедорликка чек қўйиш мумкинлигини исботладилар. Мазкур усулда қуйидаги мева ва озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш тавсия этилади:

Банан мушакларни табиий йўллар билан бўшаштирувчи калий ва магний моддаларига бой. Шунингдек, банан таркибида триптофан аминокислотаси мавжуд бўлиб, у ҳам тинчлантирувчи хусусиятга эга. Триптофан мияга бир соатгача вақт оралиғида етиб бориши инобатга олинса, бананни ухлашдан олдин бир-бир ярим соат илгари истеъмол қилиш тавсия этилади.

Бодом оқсил ва магний моддасига бой бўлиб, мушакларни бўшаштириш ва ухлатиш хусусиятига эга. Шу сабабли уйқуси бузилган одамлар бир сиқим бодомни ухлашдан олдин ейиши мақсадга мувофиқдир.

Яна ўқинг:  Тамакига қарамлик...

Айримлар спиртли ичимликларни тинчлантирувчи, яхши ухлатувчи восита сифатида билиб, истеъмол қилади. Аслида, бу усулнинг ўзи уйқусизликка олиб келади.

Тунингиз осуда ўтишини истасангиз, кофе, ёғли овқатлар, шоколадлар, қувватни оширувчи ичимликларни истеъмол қилмаслигингиз ёки ухлашдан камида уч соат олдин истеъмол қилишингиз керак.

Адҳам УСМОНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: