Кичкинтойнинг «тили чиқиши» кечикаяптими?

Агар бола гапиришга шошилмаётган бўлса, унинг отаси ёки онаси болалигида неча ёшдан сўзлай бошлаганига қизиқиш керак. У жиҳат унга ўз ота-онасидан мерос бўлгандир.
Айрим оналар болам 3-4 ёш бўлди, ҳамон гапирмаяпти, деб хавотирланади. Лекин мутахассисларнинг айтишича, ҳамма болалар ҳам эрта гапирмас экан. Баъзи болалар (кўпинча қизчалар) 1-2 ёшдан ўнлаб сўзларни бурро айтади. Айримлари эса ота-­онасини куттириб, анча вақтгача тилга кирмайди.

Кичкинтойнинг гапиришига, худдики «катта бўлиши»га, ота-оналар шошишади ва бола неча ёшда гапиради, деган саволлар ота-оналарнинг кўпчилигини безовта қила бошлайди. Ҳаттоки, боланинг гапириш вақтига етмасданоқ, гапирмаётганини касалликка менг­заш ҳолати ҳам учраб туради.
Бола тили чиқиши кечикишига сабаб бўлувчи омиллар турли-туман. Муаммонинг ечими ҳар хил бўлиши мумкин.

Болаларнинг тили чиқиши кечикишига нималар сабабчи? Болаларда нутқ ривожланишдан ортда қолишига бир қатор жисмоний ва руҳий омиллар сабаб бўлади. Улардан баъзиларини мус­тақил равишда бартараф этса бўлади. Айрим ҳолларда эса мутахассисдан ёрдам сўрашга тўғри келади. Бунда аввало боланинг гапиришига нима халақит бераётганини билиш жуда муҳим. Албатта, бундай муаммога дуч келинганда асосан малакали логопед-дефектологлар ёрдам кўрсатади. Ота-она болани шифокорга олиб келганда кўрик жараёнида нутқ ўсишига тўсиқ бўлаётган сабаб аниқланади ва уни бартараф қилиш усуллари таклиф этилади. Бу муаммога қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин.

Индивидуаллик. Шубҳасиз ҳар бир бола ўзига хос тарзда ривожланади. Агар сизнинг фарзандингиз қўшнингизнинг боласидан бир ой олдин юра бошлаган бўлса у қўшнининг боласидан анча кейин гапиришни ўрганиши мумкин. Бу хавотирга сабаб бўлмайди. Бу унинг ривожланишидаги ўзига хослик билан боғлиқ. Вақти келганда у ҳам бошқа болалар каби бемалол гапира бошлайди.

Эҳтиёж йўқлиги. Инглизларда бир латифа бор: болакай бир неча йил давомида гапирмабди. Аммо унга бемаза бўтқани беришганда бундан норози бўлиб гапириб юборибди. Бу воқелик ҳақиқатдан узоқ эмас. Фарзандига керагидан ортиқ ғамхўрлик қиладиган ота-оналарнинг болалари ўз истакларини сўз билан айтишга эҳтиёж сезмайди. Эътибор бермаслик ҳам нутқ ривожланишига туртки бериши мумкин.


Педагогик эътиборсизлик. Бу бола билан умуман шуғулланмасликни англатади. Чақалоқ туғилганидан эътиборан онаси ва отасининг, бошқа яқинларининг мулойим сўзлари қуршовида бўлиши керак. Агар она гўдакни тўйдириш ва парваришлаш билан чекланиб, у билан мулоқотни кам қилса, гаплашилмаса қандай қилиб нутқ ривожланиши мумкин? Бола билан иложи борича кўпроқ гаплашиш талаб этилади.

Яна ўқинг:  Ёз яқин ёхуд мавсумий хасталиклар ҳақида

Оилада икки тилда гаплашиш. Бундай оиладаги болалар ҳам кўпинча тенгдошларидан кеч гапира бошлайди. Бунинг олдини олиш учун бола тили чиққунча у билан битта тилда, осон сўзлар билан гаплашиш лозим.

Стресслар, ноқулай руҳий муҳит. Афсуски, стресс нафақат катталар, балки болалар руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Қаттиқ қўрқиш, оиладаги жанжаллар ҳам бола нутқининг ривожланишини кечиктириши мумкин. Қаттиқ қўрқиш, руҳий шикаст­ланиш дудуқланишга ва руҳий ривож­ланишдан кечикишга олиб келади. Бундай кечикиш болалар психологи ёрдамида бартараф этилади.


Боладаги негатизм (қайсарлик). Баъзи ота-оналар тезроқ гапиртириш учун жиддий киришади ва фарзандининг «жаҳлини» чиқаришади. Айниқса, кичиклигидан қайсар болалар уларнинг бу қилиғи учун атайлаб гаплашмай қўяди. Шунинг учун зўр бериб болани гапга солишга уриниш ҳам яхши эмас.

Генетик мойиллик. Агар бола гапиришга шошилмаётган бўлса, унинг отаси ёки онаси болалигида неча ёшдан сўзлай бошлаганига қизиқиш керак. У жиҳат унга ўз ота-онасидан мерос бўлгандир. Бундай ҳолатда вақти келганда боланинг ўзи тенгдошларига етиб олади.


Туғруқнинг қийинчилик билан ўтиши. Боланинг асаб тизими тўғри шаклланишига туғруқ асоратлари ҳам сабаб бўлади. Бу ҳолат чақалоқлигида невропатолог кўригида аниқланиб, болада нутқ ривожланадиган давр­да юзага чиқади. Бу нуқсонни тузатиш борасида логопед ва дефектологлар ишлайди.

Эшитишдаги нуқсонлар. Сўз бойлиги кўпайиши учун бола атроф­дагиларнинг сўзлаганини эшитиши ва қабул қилиши керак. Агар умуман эшитмаса, албатта гапиришни ҳам ўрганолмайди. Бу ташхисни лор шифокор аниқлайди ва даво чораларини белгилайди.


Артикуляция нуқсонлари. Нутқ аппарати меъёрида ишласагина бола турли товушларни чиқаради. Агар унда муаммо мавжуд бўлса, бу албатта нутқ ривожланишида акс этади. Мушак­лар тонуси сустлиги, тил ости тугунчаси қисқалиги ва бошқалар артикуляцияда қийинчилик туғдиради. Бунда бола қаттиқ овқатларни чайнай олмайди, оғзини очиб юради, сўлак кўп оқади. Бундай ҳолатда невролог, невропатолог, логопед-дефектологлар ёрдам беради.

Алалия. Бу нутқнинг тўла ривож­ланмаганлиги ёки умуман бўлмаслиги, фикрини баён қилишдаги муаммолар. Мазкур ташхис нутқ марказларининг етарли ривожланмаганлигини билдиради. Ҳомила она қорнида бўлганда аёл йиқилиши ёки гўдаклигида жароҳат олиши оқибатида бош мияга шикаст етиб шундай асорат қолган бўлиши мумкин. Бу нуқсон бир нечта шаклга эга: енгил ва оғир (12 ёшда ҳам нутқнинг бўлмаслиги). Бу билан бир вақтда майда ва йирик моториканинг бузилиши кузатилиши мумкин, масалан, бола бир оёғида узоқ туролмайди. Бу нуқсонни мустақил бартараф қилиб бўлмайди, болани профессионал мутахассис ёрдамида даволаш, унинг маслаҳатларига амал қилиш зарур.

Яна ўқинг:  Кариесли тишлар – инфекция манбаи


Интеллектуал ривожланишдаги муаммолар. Нутқ тўғридан-тўғри ақлий ва руҳий ривожланиш билан боғлиқ. Турли генетик касаллик­лар, аутизм, даун синдроми, ақлий заифлик, шубҳасиз нутқ ривожланишига таъсир қилади. Малакали мутахассиснинг бола билан тизимли ишлаши нутқни коррекциялашга ёрдам беради. Гаплашишни ўрганишда болага ёрдам бериш учун кечикишнинг сабабини билиш зарур. Боланинг тили чиқиши кечикканда ота-она фарзанди мустақил гапириб кетишини кутиб юрмасдан у билан фаол шуғулланиши керак бўлади. Логопед маслаҳатлари муаммони тезроқ ҳал қилиш имконини беради.
Нормада бола неча ёшда гапиради? Чақалоқлар икки ойда товуш чиқаради, 4-6 ойликда илк бўғинларни айтса бола нутқи ривожланиши меъёрида эканини билдиради. 10-11 ойликда одатда илк сўзларни талаффуз қилади, бир ёшда эса унинг сўз бойлиги 5-10 сўздан, икки ёшда эса 200-300 сўздан иборат бўлиши керак. Уч ёшда бола қўшма гапларни туза олади ва шеърларни айтади. Кўпинча ота-оналар болани биринчи марта логопедга уч ёшида олиб келишади. Беш ёшда нутқни тўғрилаш қийинроқ кечади. Яхши мутахассис сизни неврологга юбориши мумкин.


Ота-оналар учун фойдали маслаҳатлар. Баъзи болалар жуда имиллаган, одамови ва оғир-босиқ бўлади. Улар жуда кичкиналигиданоқ болаларни узоқдан кузатишни яхши кўради. Болалар билан бирга ўйнамайди, тўрт ёшга тўлганда зўрға гапиришни бошлайди. Бундай табиатли болаларда кеч гапириш атрофдаги муҳит тўғрисидаги тасаввурнинг камлиги ва ҳаддан ташқари тортинчоқлик шу туфайли пайдо бўлади. Бундай бола билан кўпроқ мулоқотда бўлиш, бирга қўшилиб ўйнаш, меҳмонга, дўконларга, жамоат жойларига бирга олиб юриш керак.


Болалар боғчаси учун энг мувофиқ ёш – 3 ёш. Болани кўпроқ ривожлантирувчи ўйинлар билан шуғуллантириш керак. Бунинг учун уйда ҳар куни 15-30 дақиқа шуғулланиш етарли бўлади. Ва албатта рағбатлантиринг. Бақириш билан ҳеч нарсага эриша олмайсиз.

Ўз ҳиссиётларини ифодалаш жуда муҳим. Бунинг учун тимсоҳ типидаги ўйинлар мос келади: қаерда қилиқ қилиш, қаерда мимика билан ишлаб ўз ички дунёсини тушунтириш. Ўз ҳиссиётларингизни кўрсатишдан тортинманг.
Ҳеч кимнинг гапига қулоқ солманг, таққосламанг ва «менинг болам ривож­ланмаяпти ёки руҳий ноқисми» деган фикрни хаёлингизга келтирманг. Мана кўрасиз, у ҳаммадан яхши бола бўлади, бу сизнинг қўлингиздан келади! Унга иложи борича меҳрингизни беринг, севинг!

Яна ўқинг:  Тутқаноқ хуружлари (эпилепсия) қандай касаллик?

Саломат ХЎЖАБОЕВА,

болалар шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: