ТАБИИЙ НЕЪМАТЛАР – ҳам озуқа, ҳам шифо

Олтин кузнинг “очил дастурхони” кўзни қамаштиради. Бозорларга кирсангиз турли мева-сабзавотлар расталарни тўлдириб турибди. Гўё осмондан камалак тушгану, уларни она табиат – рассом турфа табиий бўёқлар билан моҳирона бўягандай. Мўъжизанинг ўзгинаси бор бўйи басти билан қаршингизда намоён бўлади.

Ер юзида шундай жойлар борки, мудом музлик ҳукмрон. Яна бир ҳудудларда жазирама иссиқ борлиқни куйдираман дейди. Серёғин юртлару, ботқоқлик ва қалин чангалзорларга кон мамлакатларни ойнаи жаҳонда кўриб она Ватанимиз тупроғини кўзимизга суртгимиз келади. Харитага боқсангиз тўрт фасли тугал жаннатмакон Ўзбекистондай гўзал гўша камдан кам учрашидан ич-ичингиздан фахр туйғусини ҳис этасиз.

Жонажон юртимизда ўсадиган нафақат гиёҳлару ўт-ўланлар, балки мева-сабзавотлар, полиз экинлари ҳам шифобахш таъсир кучига эга экан. Чунки, юртимизга ташриф буюрган хорижлик меҳмонларнинг эътироф этишларича, мўътадил иқлимли ҳудудда етиштирилган бу табиат неъматларининг таъми ўзига хос ва мазали.

Ҳар куни 500 грамм мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш меъда-ичак тизими фаолиятига ижобий таъсир этади. Чунки, инсон қабзият (ич қотиш)дан холи бўлса, унга турли касалликлар тажовуз қилмайди. Мевалар таркибидаги асосий витаминлар сувда яхши эрийди. Яъни, В гуруҳи витаминлари, С витамини ва фолий кислота. Улар организмга тез сингийди ва 2-4 ҳафта давомида танамиздан чиқиб кетади. Табиийки, таркибида мазкур витаминлар бор мева-сабзавотларни тез-тез истеъмол қилиб туриш зарур.

Организмда ёғда эрувчи витаминлар узоқ муддат сақланиб туради. Булар А, Е, К, Н(биотин) ва Д дармондориларидир. Айниқса, сархил мева-сабзавотлар ва полиз экинларида витаминлар миқдори кўп бўлади. Олимларнинг аниқлашларича энг кўп фойдали ва кам калорияли мева бу олма экан. Ушбу мева одамзотни саратон(рак), юрак касалликларидан асраб, холестеринни камайтиради. Буйрак фаолиятига ижобий таъсир этади. Қаришни секинлаштириб, кайфиятни кўтаради. Яна бу мева подагра (бўғимларга туз йиғилиб, оғриши) касаллигидан ҳам асрайди.

Кунда 5-6 дона олма истеъмол қилган инсон юқорида номлари тилга олинган хасталиклардан холи бўлар экан. Яна бир фойдали мева бу нокдир. Нок қон томирлар деворини мустаҳкамлайди. Унинг таркибидаги табиий антибиотик-арбутин узоқ давом этаётган йўталга даво экан. Шуниндек, нок таркибида калий кўп миқдорда бўлганлиги сабабли юрак касалликлари билан хасталанган беморларга тавсия этилади. Чунки, калий моддаси юрак мушакларини қувватлантиради.

Яна ўқинг:  Доимо ҳушёр, доимо огоҳ

Юрак ритми бузилганда ҳам кўп миқдорда яхши ва етилиб пишган нокларни истеъмол қилиш зарур. Агар одамнинг меъда-ичак тизимида муаммо (яллиғланиш ва яра касалликлари) бўлса, нок истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Чунки, унинг таркибида клечатка кўп учрайди. Бундай беморларга нок компоти ёки унинг қуритилган қоқиси тавсия этилади. Бу маҳсулотларга нисбатан қарши кўрсатма йўқ.

Олхўри меваси барча мевалар ичида тез ҳазм бўлади. Унинг энг катта таъсири – ич суришидир. 5-6 дона мевасини наҳорга истеъмол қилсангиз меъда-ичак тизимини яхши тозалайди. Унинг таркибидаги пектин ва клетчатка организмдаги зарарли моддаларни ўзига шимиб олади. Шу сабабли қондаги холестерин миқдорини камайтириш учун ҳам тавсия этилади. Яна олхўри ўт ва пешоб ҳайдаш (таркибида калий мўллиги туфайли) хусусиятларига ҳам эга. Шу сабабли буйрак, юрак касалликлари ва ўт пуфаги яллиғланишида тавсия этилади.

Қуйида биз олма, нок ва олхўридан қишда қандай маҳсулотлар тайёрлаш мумкинлиги хусусида қисқача тўхталиб ўтамиз:

Олма ҚоҚи

Олмаларни қайнатилган совуқ сувда ювинг. Сўнгра сочиқ билан артиб, қуритинг. Пўстини арчиб, ўртасидаги уруғларини олиб ташланг. Меваларни юмолоқ шаклда тўғранг ёки юпқа бўлакларга бўлинг. Кейин ипга тизиб ола-чалпоқ қуёш нури тушиб турадиган елвизакли жойга бир-бирига тегмайдиган қилиб осиб қўйинг. Қоқи қуригунча устига дока ёпинг. Бу усулда бир неча килограмм (унча кўп эмас) олма қоқи тайёрласа бўлади.

Тайёр бўлган олма қоқиларга қуритилган ялпиз ёки райҳон баргларини аралаштириб, ҳаво ўтказадиган, пахта толали қопчаларга солиб, қуруқ жойга осиб қўйинг. Яна олма қоқини турли қурт ва ҳашаротлардан асраш учун арчилган ва бўлакларга бўлинган олмаларни тузли сувга чайиб олинг.

Бунинг учун 1 литр қайнатиб совутилган сувга икки ош қошиқ туз солинади. Тайёр бўлган тузли аралашмага олма бўлакларини солиб, кейин қуритиш учун илиб қўйилади. Қишда олма қоқидан компот ёки олмали чой тайёрлашдан олдин мева қоқиларни қайнатилган илиқ сувда ювасиз. Шунда унинг устини қоплаб турган тузли қатлам ювилиб кетади.

Нокли компот

Нокларни ювиб, пўстини арчинг. Уруғларидан тозалаб олинг. Меваларни 5-10 дақиқа давомида лимон кислотали аралашмага солиб қўйинг. Ушбу аралашмани тайёрлаш учун 1 литр сув, ярим ош қошиқ лимон кислота (жавҳарлиму) керак бўлади. Алоҳида яна сув қайнатиб оласиз. Оловни пасайтириб, нок бўлакларини сувга соласиз. Қайнашига яқин қолгунча 10-15 дақиқа мевалар шу сувда туради. Кейин алоҳида идишга 650 мл сувга 350 грамм шакар солиб суюқ қиём тайёрлайсиз. Қиёмни вақти-вақти билан бўялмаган ёғоч қошиқда аралаштириб турасиз. Шакарли қиём ўртача оловда 15 дақиқада тайёр бўлади.

Яна ўқинг:  ЁНFОҚ ИММУНИТЕТНИ КЎТАРАДИ

Олдиндан стериллаб, тайёрлаб қўйилган банкаларга нок бўлакларини тартиб билан жойлаштириб чиқилади. Ҳар бир банкага 3-4 см қалинликда кесилган лимон пўчоғини ҳам солинг. Нок бўлакларининг устидан қайноқ қиём қуйиб стерилланган қопқоқ билан маҳкам ёпинг. Банкаларни тўнкариб қўйинг. Сўнгра совуган банкаларни қуруқ ва шамоллатиб туриш қулай бўлган жойда сақланг.

ОлхЎрили цукатлар

1 кг олхўрини ювиб, човли ёки темир элакка солинг. Данагидан ажратинг. Кейин икки бўлинган олхўриларни қайноқ сувга бир ботириб олинг. Алоҳида идишда 1,5 литр сув қайнатинг. Унга 1кг шакар солинг. Олхўри меваларини беш дақиқа шакарли қиёмга солиб олинг. Сўнгра совутинг. Орадан 10-12 соат ўтгач 3-4 марта яна шундай қилиб олхўриларни қиёмга ботириб олинг. Яна ҳар сафар орадан 10-12 соат вақт ўтиши керак. Чунки, қиём мевага яхши сингади. Бу вақт давомида қиёмга ботирилган меваларни cирли идишга солиб, устидан дока ёпиб қўйинг. Сўнгра тайёр бўлган мевали цукатларни човлида қиёми сизиб, қуригунча ушлаб туринг. Кейин устидан шакар сепиб, банка ёки қутиларга солиб, усти ёпиқ ҳолда сақланг.

Юқорида номлари тилга олинган мевалардан яна жем, мураббо, компот ва қоқи тайёрлаш мумкин. Энг яхшиси эса уларни тез-тез сархил истеъмол қилишдир.

Саҳифани Гулчеҳра Ширинова тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: