ТАРАДДУД
Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллик шодиёналари тобора яқинлашмоқда. Ушбу қутлуғ айёмни муносиб кутиб олиш мақсадида шаҳар ва қишлоқларда, маҳаллалар, меҳнат жамоаларида теварак-атрофни тартибга келтириш, ободонлаштириш, ариқ-зовурлар, хиёбонларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлимидан маълум қилишларича, маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўпқаватли уйлар, ҳовлилар, боғ ва сайлгоҳларни тартибга келтириш, кўпқаватли уйлар атрофидаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш, уларнинг ўрнини обод қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бутун мамлакатимиз бўйлаб “Ободонлаштириш ва тозалик ойлиги”ни, унинг доирасида 16-17 август кунлари бўладиган умумхалқ хайрия ҳашарини юқори савияда, кенг аҳоли қатламларининг фаол иштирокида ўтказиш чоралари кўрилмоқда. Бу борадаги ишларни изчиллик билан ташкил этиш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузурида ишчи гуруҳлар шакллантирилди.
Тозалик ва ободонлаштиришни юксак қадрлайдиган, ҳар бир эзгу ишни пок ният билан бошлайдиган халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам – мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигини ана шундай эзгу мақсад билан кутиб олмоқда. Бундай тадбирлар юртдошларимиз қалбида юртга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Нодир ҚОДИРОВ,
ТАТУ талабаси