Бола ҳуқуқлари давлат ҳимоясида

Ўзбекистон Республикаси Олий судида 25 июль куни бола ҳуқуқларини таъминлашга оид миллий қонунчиликка халқаро стандартларни жорий этиш борасида Ўзбекистон тажрибасига бағишланган халқаро амалий семинар бўлиб ўтди.

Олий суд ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Олий суд ҳамда вилоят судларининг судялари, вазирлик ва идоралар ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Қўчқор Тоғаев, ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Роберт Фудерич ва бошқалар Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими изчил ислоҳ этилаётганини, болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болаларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши, замонавий билим олиши, ўз қобилият ва иқтидорини намоён этиши учун барча шароит яратилмоқда. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар болалар ҳуқуқлари ҳимоясини янада яхшилаш, уларни ҳар томонлама баркамол инсон этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Бу соҳага оид бешта халқаро конвенция ратификация қилинган, ўндан ортиқ қонун қабул қилинган. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани кафолатланган. Мамлакатимизда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси талаблари, Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунида назарда тутилган мақсад ва вазифалар ҳаётга изчил жорий этилмоқда. Бу соҳадаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка жорий қилиш ва қонунчиликни такомиллаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунига мувофиқ васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахслар, шу жумладан, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактика қилинмоқда, судларда ва бошқа муассасаларда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояланаётир.

Мамлакатимизда Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги (Женева, 1973 йил 26 июнь) ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини таъқиқлаш ва уларга барҳам беришга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияларга (Женева, 1999 йил 17июнь) ҳам қўшилган ва бу борадаги ўз мажбуриятларини изчил бажариб келмоқда.

Тадбирда “Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш жараёнида бу ишлар янада юқори даражага кўтарилгани таъкидланди. Иштирокчилар Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларига оид қонунчилик доимий такомиллаштириб борилаётгани, қонун ижроси назорати йўлга қўйилганини қайд этдилар.

Яна ўқинг:  Чорвоқ атрофи ахлатхонага айланиб бормоқда

– Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари тизимида фаолият юритувчи қатор вазирлик ва идоралар, ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишман, – деди Бола ҳуқуқлари бўйича эксперт Ренате Винтер (Австрия). – Мамлакатингизда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси ҳаётга тўла татбиқ этилаётгани, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база мавжудлиги эътиборга молик. Бу йўналишда Ўзбекистон қонунчилигининг доимий такомиллаштириб борилаётганини, соҳада халқаро ҳамкорликка катта эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этишни истардим. Мазкур семинар ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан фикр ва тажриба алмашиш имконини берганидан жуда хурсандман.

Семинарда бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда миллий қонунчилигимизнинг ўрни, бу борадаги қонунчилик тизимига жорий этилаётган халқаро стандартлар хусусида сўз юритилди. Соҳада қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани, суд механизмларини янада такомиллаштириш, бу борада халқаро тажрибани ўрганишга оид масалалар муҳокама қилинди, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: